Тошкентдаги пиво фестивали ташкилотчилари жазоланди
Президент Администрацияси раҳбари Русланбек Давлетов раҳбарлик қиладиган хизматнинг бош инспекторини эгаллаб турган лавозимидан озод қилди. Давлетов ҳам жазоланди.

Жорий йилнинг 5-7 июн кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган пиво фестивали ташкилотчиларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Бу ҳақда «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетовга Меҳнат Кодексининг 312-моддасига кўра, ҳайфсан интизомий чораси қўлланилган. Моддий рағбатлантириш кўрсаткичлари бекор қилинган.
Русланбек Давлетов раҳбарлик қиладиган хизматнинг бош инспектори Суҳроб Юсупов Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан лавозимидан озод қилинган. Фармойиш ижроси Администрация Комплеанс хизмати бошлиғи Эркин Юлдашев ва Ишлар бошқармаси бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров зиммасига юклатилган.
Маълумот учун, мазкур фестивал Тошкент шаҳрида жойлашган Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган. Пойтахт ҳокимлиги ўз расмий саҳифасида фестивални салқин ичимликлар фестивали дея эълон қилган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишда рағбатлантирувчи акциялар ёки шунга ўхшаш бошқа тадбирлар ўтказишга, маданий-кўнгилочар, оммавий ва спорт тадбирларига ҳомийлик қилишга йўл қўйилмайди.





