Тошкентнинг Амир Темур ва Янгишаҳар кўчаларида 24/7 форматидаги ҳудудлар барпо этилади
Шунингдек, пойтахт ҳовлиларида имконияти чекланган аҳоли учун мослаштирилган инклюзив болалар ва спорт майдончалари қурилади.
© Foto: t.me/poytaxt_uzТошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Янгишаҳар кўчаларининг айрим участкаларида 24/7 форматидаги ҳудудлар ҳамда пойтахт ҳовлиларида барча учун ҳаммабоп инклюзив майдончалар барпо этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари бўйича департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Азимов, шунингдек, мутасадди идоралар ва туман ҳокимликлари раҳбарлари замонавий, хавфсиз ва ҳаммабоп жамоат маконларини яратишга қаратилган лойиҳалар билан танишган.
Инклюзив майдончалар ва туну кун ишлайдиган кўчалар
«Юнусобод туманидаги Янгишаҳар ва Амир Темур кўчаларининг айрим участкаларида 24/7 форматидаги ҳудудни барпо этиш ишлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ушбу объектда ободонлаштириш, пиёдалар йўлакларини ташкил этиш, сервис объектларини жойлаштириш, ёритиш, кўкаламзорлаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва ҳудуддан кеча-ю кундуз фойдаланиш масалалари ўрганилган. Аниқланган камчиликлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар ва уларни бартараф этиш муддатлари белгилаб олинган.
Шу билан бирга, пойтахт ҳовлиларидаги болалар ва спорт майдончаларига ўрнатиш учун таклиф этилаётган жиҳозлар намуналари кўздан кечирилган.
Конструкцияларнинг сифати, хавфсиз қопламаси, жиҳозларнинг узоқ муддатга чидамлилиги, шунингдек, имконияти чекланган болалар ва катталар учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаротилган. Мутасаддиларга замонавий хавфсизлик, сифат ва инклюзивлик талабларига жавоб берадиган жиҳозлар ўрнатилишини таъминлаш топширилган.
«Болалар ва спорт майдончалари номига қурилган объектлар эмас, балки барча аҳоли бемалол фойдалана оладиган тўлақонли масканлар бўлиши керак», — дея таъкидланади расмий хабарда.
Шунингдек, лойиҳалар доирасида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ ҳудудни комплекс ривожлантириш ва уни очиқ жамоат боғига айлантириш ишларига старт берилгани, боғга киришни чеклайдиган панжарали тўсиқлар олиб ташланиб, тўсиқсиз муҳит шакллантирилиши қайд этилган.
Амалға оширилаётган ишларнинг бош мақсади шунчаки жиҳозлар ўрнатиш ёки айрим ҳудудларни ободонлаштириш эмас, балки аҳоли ҳар куни фойдалана оладиган ҳаммабоп, хавфсиз ва қулай маконлар яратишдан иборат экани маълум қилинган.





