«Тоштурма»га ноқонуний телефон олиб кириш билан боғлиқ 53 та ҳолат аниқланди
ИИВ расмийси Vaqt.uz билан суҳбатда бундай вазиятларда адвокатларга қандай чоралар кўрилишини эслатди.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган ва халқ тилида «Тоштурма» дея аталадиган тергов ҳибсхонасида 2026-йилнинг дастлабки биринчи ярмида телефонни ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ 53 та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи полковник Азизхон Умархонов 30-июль куни Vaqt.uz журналистига маълум қилди.
Унинг қўшимча қилишича, жорий йилнинг ўзида республика бўйича 2300 дан ортиқ ана шундай ҳолат аниқланган. Айрим вазиятларда адвокатлар олиб кирган телефонини ҳибсхонадаги мижозига ташлаб ҳам кетмоқда.
«Ўзи билан олиб кирган телефонда гаплашиб ўтиради, қурилманинг овозини баланд қилиб қўяди, ҳаттоки гаплаштириш ҳолатлари ҳам бор», — дейди у.

У адвокат ҳибсхонага телефон олиб кириш ҳуқуқига эгалиги, аммо ундан қонунга зид тарзда фойдаланса, чора кўрилишини эслатди. Унинг айтишича, бундай вазиятларда Адвокатлар палатасига тақдимнома жўнатилади ва чорани палата кўради. Ҳаттоки, уларнинг адвокатлик лицензияси бекор қилиниши ҳам мумкин.
«Ҳужжатларда телефон дейилган жойи бор. Айримлар иккита телефон билан кирмоқчи бўлади. Телефонлар... Бу ерда имло ёки грамматика билан баҳслашмайлик. Битта телефон олиб киринг. Иккитами? Унда йўқ», — деди мулозим.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига кўра, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

ИИВ расмийсига кўра, адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хонада ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади.
Маълумот учун, илгари (1891-йилдан бошлаб) бу тергов ҳибсхонаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган эди. Уни чор Россияси даврида тошдан қуришгани учун халқ уни «Тоштурма» деб атаб келган. 2018-йилнинг январь ойида Юнусободдаги эски бинода шароитлар талабга жавоб бермагани учун у бутунлай бузилди. Барча маҳбуслар ва ходимлар Тошкент вилояти Зангиота туманида янги қурилган замонавий бинога кўчирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Тоштурма»нинг янги биноси қурилишига 103 миллиард сўмдан ошиқ пул сарфланганини маълум қилган эдик. Шу билан бирга, у ерда неча киши сақланаётгани ҳақида ёзган эдик. Айтилишича, Зангиотадаги тергов ҳибсхонасида бир киши учун кунига 120 минг сўмдан ортиқ пул сарфланади.





