Трамп Ҳўрмуз бўғозини флот билан ҳимоя қилмоқчи

Kecha 22:007 daqiqa

АҚШ президенти дунё давлатларини стратегик сув йўлини очиш учун халқаро ҳарбий-денгиз коалицияси тузишга чақирди, аммо таҳлилчилар бу режа кўплаб мураккаб тўсиқларга дуч келишини айтмоқда. Хўш, Трампнинг бу режаси иш берадими?

Трамп Ҳўрмуз бўғозини флот билан ҳимоя қилмоқчи

АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан тўқнашуви сабаб нефт бозорида тизимли узилишлар бошланди. Доналд Трамп дунё нефт таъминотининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини ҳарбий кемалар ёрдамида ҳимоя қилиш мақсадида халқаро денгиз коалициясини тузмоқчи.

Эроннинг АҚШ ва Исроил ҳужумларига жавобан Ҳўрмуз бўғозини амалда ёпиб қўйиши нефт нархининг бир баррели учун 100 доллардан ошиб кетишига олиб келди.

Эроннинг янги олий раҳнамоси Мўжтабо Хоманаий ушбу муҳим денгиз йўлини ёпиқ ҳолда сақлашга ваъда берди. Теҳрондаги бошқа бир юқори мартабали амалдор эса нефт нархи 200 доллардан ҳам ошиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Трамп Форс кўрфазини Ўммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғловчи ушбу стратегик сув йўли хавфсизлигини денгиз коалицияси таъминлашига умид қилмоқда. Сўнгги икки ҳафта ичида Эрон мазкур тор йўл орқали сузиб ўтмоқчи бўлган ўндан ортиқ кемага ҳужум уюштирди.

Трампнинг баёноти

АҚШ президенти Исроил билан биргаликда уруш бошлагани, бироқ унинг якуни ёки вазиятдан чиқиш йўллари кўринмаётгани сабабли мамлакат ичкарисида кучли босимга дуч келмоқда.

«Ҳўрмуз бўғози масаласида уларда ҲЕЧ ҚАНДАЙ РЕЖА йўқ эди. Эрон бўғозни қандай қилиб жиловлаб олгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтирмайман, аммо шуни айтиш кифояки, ҳозирда улар сув йўлини хавфсиз тарзда қайта очиш йўлини билишмайди», — деб ёзди америкалик демократ сенатор Крис Мёрфи ўзининг X саҳифасида.

Трамп Эронга нисбатан ҳарбий зарбаларни кучайтириш билан таҳдид қилган ҳолда, Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея ва Буюк Британияни бўғоз хавфсизлигини таъминлаш учун ўз ҳарбий кемаларини сафарбар этишга чақирди.

Трамп «Эрон ҳарбий салоҳиятининг 100 фоизи» аллақачон йўқ қилинганини иддао қилди, бироқ Теҳрон ҳали ҳам «битта-иккита дрон учириши, мина қўйиши ёки ушбу сув йўлига яқин масофали ракета йўллаши» мумкинлигини қўшимча қилди.

«Умид қиламанки, ушбу сунъий чекловдан жабр кўраётган Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия ва бошқа давлатлар минтақага ўз кемаларини юборишади. Шунда Ҳўрмуз бўғози бутунлай мағлубиятга учраган миллат томонидан бошқа таҳдид солинмайдиган ҳудудга айланади. Бу орада Қўшма Штатлар қирғоқ бўйларини аёвсиз бомбалайди ҳамда Эрон қайиқлари ва кемаларини сув қаърига ғарқ қилишда давом этади. У ёки бу йўл билан, биз тез орада Ҳўрмуз бўғозини ОЧИҚ, ХАВФСИЗ ва ОЗОД ҳолатга келтирамиз», — деб ёзди Трамп ўзининг «Truth Social» платформасидаги постида.

Орадан кўп ўтмай, Трамп яна тармоққа қайтиб, «Ҳўрмуз бўғози орқали нефт оладиган дунёдаги барча мамлакатлар»ни ҳарбий кемалар юборишга чақирди ва бунда иштирок этганларга АҚШ «катта» ёрдам кўрсатишини билдирди.

Эроннинг муносабати қандай бўлди?

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлар корпуси (ИИМК) Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсирий ўз баёнотида АҚШнинг Эрон флотини йўқ қилиш ёки нефт танкерлари учун хавфсиз кузатувни таъминлаш ҳақидаги даъволари ёлғон эканини айтди.

«Ҳўрмуз бўғози ҳарбий жиҳатдан тўсиб қўйилмаган, у шунчаки назорат остида турибди», — деди у ўз баёнотида.

Кейинроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий бу фикрни янада мустаҳкамлаб, бўғоз АҚШ ва унинг иттифоқчиларига тегишли кемалардан ташқари барча халқаро юк ташувчилар учун очиқлигини таъкидлади.

«Ҳўрмуз бўғози очиқ. У фақат бизга ҳужум қилаётган душманларимиз ва уларнинг иттифоқчиларига тегишли танкер ва кемалар учун ёпиқ. Бошқалар эркин ўтиши мумкин», — деди у.

АҚШ-Исроил зарбаларининг биринчи кунида ҳалок бўлган Олий раҳнамо Али Хоманаийнинг ўғлиМўжтабо Хоманаий ҳокимият тепасига келганидан кейинги илк баёнотида, можаро вақтида Эроннинг позицияси устун бўлишини таъминлаш учун Ҳўрмуз бўғози ёпиқ қолишини маълум қилган.

Ҳўрмуз бўғозидаги асосий муаммолар нималардан иборат?

Энг тор нуқтасида атиги 21 денгиз мили (39 км) кенгликка эга бўлган бу бўғоз Араб кўрфазига (Эронда Форс кўрфази деб аталади) олиб борадиган ягона денгиз йўлидир. Ушбу сув йўлидаги кема қатнайдиган йўлаклар янада торроқ бўлиб, ҳужумлар олдида ўта заифдир.

Бўғоз бир томондан Эронни, иккинчи томондан Ўммон ва Бирлашган Араб Амирликларини ажратиб туради. Қисқа қилиб айтганда, Ҳўрмуз бўғози ёпилса, денгиз орқали ичкарига кириш ёки ташқарига чиқишнинг имкони йўқ.

Руминия ҳарбий-денгиз флотида 13 йил хизмат қилган денгиз хавфсизлиги бўйича эксперт Александру Ҳудистеану «Al Jazeera» нашрига берган интервюсида Трамп ишора қилаётган коалициядаги энг катта муаммо — «ўзаро мувофиқлик» эканини айтди.

«Бу турли бўлинмалар ва турлича ҳарбий доктринага эга бўлган экипажларнинг биргаликда ишлаш қобилиятидир. Ҳатто оддий алоқа ўрнатиш ҳам катта муаммога айланиши мумкин», — деди у.

Бундан ташқари, Ҳўрмуз бўғозининг географияси ҳам муҳим омил: «Бу уруш давридаги таҳдидлар остида сузиш учун ўта оғир муҳит. Айниқса, ракета таҳдидлари, асимметрик миналар ёки кемаларга зарар етказиши ва йўқ қилиши мумкин бўлган учувчисиз тизимлар шароитида ҳаракат қилиш жуда мушкул», — дейди Ҳудистеану.

Кемаларга кузатув хизматини кўрсатиш ўта қимматга тушадиган вариант бўлиб, бу иштирокчи хорижий ҳарбий кемаларни Эроннинг эҳтимолий ҳужумлари хавфи остида қолдиради. Бу эса ўз навбатида кўпроқ мамлакатларни давом этаётган уруш гирдобига тортиши мумкин.

Эрон нуқтаи назаридан қараганда, «қирғоқ чизиғининг жуда яқинлиги ва денгиз йўлининг ниҳоятда тирбанд ҳамда чекланганлиги — табиий устунликдир», — деб қўшимча қилди эксперт. Географик жиҳатдан Эрон бу ерни Теҳрон рухсат бермагунча кемалар чиқиб кета олмайдиган «қопқон» ҳолатида ушлаб турибди.

Сув йўли хавфсизлигини таъминлашга уринаётган ҳар қандай ҳарбий-денгиз коалицияси учун яна бир катта муаммо — операциянинг муддатидир.

«Бўғоз хавфсизлигига эришиш мумкин. Бу фақат қанча вақт ва қанча ресурс талаб қилинишига боғлиқ», — дейди таҳлилчи. Шошма-шошарлик билан қилинган ҳаракатлар эса «миссия ва минтақа хавфсизлиги учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин».

Дунё давлатларининг чақириққа жавоби

Ҳозиргача бирорта ҳам мамлакат Трампнинг Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий кемалар юбориш ҳақидаги чақириғига оммавий равишда розилик билдиргани йўқ.

  • Буюк Британия: Лондон стратегик денгиз йўлини қайта очиш имкониятларини «диққат билан ўрганаётганини» маълум қилди. «Биз иттифоқчиларимиз билан биргаликда амалий чораларни фаол кўриб чиқяпмиз, чунки бўғозни қайта очиш биз учун ўта муҳим», — деди Британия Энергетика вазири Эд Милибанд.

  • Хитой: ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Пекин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақираётганини ва «барча томонлар энергия таъминотининг барқарор ва тўсиқсиз бўлишини таъминлаш учун масъул» эканини таъкидлади.

  • Япония: Токио бундай миссияга ҳарбий кемалар юбориш учун тўсиқлар «ниҳоятда юқори» эканини билдирди. «Ҳуқуқий жиҳатдан бу имкониятни инкор этмаймиз, аммо давом этаётган можарони ҳисобга олсак, бу масала жуда эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилиши керак деб ҳисоблайман», — деди Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши раҳбари Такаюки Кобаяши.

  • Франция: Париж ҳам кемалар юбормаслигини тасдиқлади. Европа ва Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида президент Эммануэл Макроннинг Франция Эронга қарши урушга қўшилмаслиги ҳақидаги сўзларига ишора қилиб, «Позициямиз ўзгаргани йўқ: у мудофаа хусусиятига эга», деб баёнот берди.

  • Жанубий Корея: Нефтнинг 70 фоизини Кўрфаз давлатларидан импорт қилувчи Жанубий Корея Трампнинг баёнотларини «диққат билан кузатаётганини» ҳамда «энергия ташиш йўллари хавфсизлигини таъминлаш учун турли чора-тадбирларни ҳар томонлама кўриб чиқаётгани ва ўрганаётганини» маълум қилди.

Эрон билан музокаралар

Баъзи давлатлар энергия ресурслари ташувини кафолатлаш мақсадида Теҳрон билан алоҳида музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, Ҳиндистон байроғи остидаги, суюлтирилган нефт гази ортилган иккита танкер яқинда Ҳўрмуз бўғозидан сузиб ўтди. Бу Ню-Деҳли учун ҳаётий аҳамиятга эга, чунки мамлакат LPG импортининг 80 фоизини айнан шу стратегик йўлак орқали амалга оширади. Эрон билан давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар Ҳиндистондаги 333 миллион хонадонни ошхона газисиз қолдирди ва мамлакатда кескин энергия тақчиллигини юзага келтирди.

Ню-Деҳли Эрон билан кўп йиллик тарихий алоқаларга эга бўлишига қарамай, бош вазир Нарендра Моди ҳукумати Али Хоманаийнинг ўлдирилиши бўйича расмий қоралаш баёнотини бермади. Шу билан бирга, Ҳиндистон Эроннинг Форс кўрфази давлатларига берган жавоб зарбаларини кескин танқид қилди — чунки бу мамлакатларда миллионлаб Ҳиндистон фуқаролари ишлайди ва улар ҳар йили ўз ватанига 51 миллиард доллар миқдорида маблағ жўнатади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Анқара Теҳрон билан бевосита музокаралар ўтказганидан сўнг, Туркияга тегишли битта кемага ҳам худди шундай рухсат берилди. Яна 14 та Туркия кемаси ўтиш учун рухсат кутмоқда.

Хабарларга кўра, Франция ва Италия ҳам ўз кемаларини бўғоз орқали ўтказиш бўйича келишувга эришиш учун Эрон расмийлари билан музокаралар бошлаган, бироқ ҳозирча бу ҳақда расмий тасдиқ йўқ.

Ҳудистеанунинг таъкидлашича, Эрон денгиз йўллари орқали ўтувчи глобал таъминот занжирига жиддий босим ўтказмоқда. Минтақадаги денгиз хавфсизлиги ва мавжуд иқтисодий экотизимга зарба бериш орқали Теҳрон, жаҳон бозорида нефт ва газ нархлари кўтарилаётган бир шароитда, бутун дунёни ўзи билан ҳисоблашишга ва музокаралар столига ўтиришга мажбур этмоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid