Logo

Туризм лойиҳалари учун 100 млрд сўмлик жамғарма ташкил этилади

Bugun 14:052 daqiqa

Маблағлар янги сайёҳлик масканлари, имтиёзли кредитлар ва кўнгилочар хизматларга йўналтирилади.

Туризм лойиҳалари учун 100 млрд сўмлик жамғарма ташкил этилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда Туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш ва унга 2027-йилда 100 млрд сўм ажратиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев танишган Бухорода туризмни ривожлантириш, маданий мерос обектларини асраш ва тарихий шаҳарнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимотида маълум қилинди.

Жамғарма маблағлари янги сайёҳлик масканларини барпо этиш, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш, кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш ва замонавий кўнгилочар хизматларни йўлга қўйишни субсидиялашга йўналтирилади.

Шунингдек, янги лойиҳалар учун 5 минг гектар ер майдонини ауксионга чиқариш, 2030-йилгача туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 3,1 трлн сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Мастер-режалар, янги масканлар ва хорижда тарғибот

Тақдимотда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини мастер-режалар асосида ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 2026–2027-йилларда жами 34 та мастер-режа ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, ҳозиргача уларнинг 13 таси тайёрланган.

Жумладан, Нурота туманидаги қадимий Кориз сув иншооти негизида очиқ осмон остидаги музей ва дам олиш масканини барпо этиш, Наманганда гулчилик туризмини ривожлантириш ҳамда санаторий-курорт ҳудудларини ободонлаштириш лойиҳалари тақдим этилди.

Бундан ташқари, Тўдакўл туризм-рекреатсия зонасини ривожлантириш консепсияси кўриб чиқилди. Унга кўра, ҳудуднинг табиий ландшафтига мос меҳмонхоналар, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, экотуризм обектлари ҳамда сув бўйида замонавий туристик инфратузилма қурилиши режалаштирилмоқда.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини хорижда кенг тарғиб қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Устувор ташқи бозорларда маркетинг кампанияларини ўтказиш, етакчи хорижий туроператорлар ва рақамли платформалар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Бунда халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш ва экскурсия хизматлари сифатини халқаро стандартлар асосида ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йирик халқаро анжуман ва форумларни ўтказиш муддатларини белгилашда туризм мавсумларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди. Туризм қўмитасига вазирлик ва идоралар билан биргаликда бундай тадбирларни сайёҳлар оқими нисбатан кам бўлган даврларга кўчириш бўйича топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон туризм экспортида 6 млрд долларлик маррани муддатидан 4 йил аввал забт этгани хабар қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid