Уруш вақтинча тўхтади. Нефт нархлари кескин пасайди
Бу пасайиш АҚШ ва Эрон томонидан эълон қилинган икки ҳафталик сулҳ ҳақидаги хабарларга бозорнинг аниқ реакцияси бўлди.
© Wikimedia CommonsАҚШ ва Эрон 7-апрел куни кечқурун икки ҳафталик шартли ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришди. Бу келишув Покистон воситачилигида сўнгги дақиқада амалга оширилган дипломатик ҳаракатлар натижасида юзага келди ва Доналд Трампнинг Эронга қўйган ултиматумини бекор қилди. Келишув доирасида Ҳўрмуз бўғози вақтинчалик ва шартли равишда қайта очилиши кўзда тутилган.
Трамп бу келишувни ўзининг соат 20:00 (Шарқий вақт)га белгиланган, Эроннинг электр станциялари ва кўприкларига зарба бериш муддатидан икки соат олдин эълон қилди. Бу ҳаракат, ҳуқуқшунослар, кўплаб давлатлар расмийлари ва ҳатто Рим папаси томонидан ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган эди.
Бир неча соат олдин Трамп «Truth Social» тармоғида: «Бу кеча бутун бир цивилизация йўқ бўлиши мумкин», – деб ёзган. Шу вақтда АҚШнинг B-52 бомбардировчилари Эрон томон йўл олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Кейинчалик Трамп Шаҳбоз Шариф илтимоси билан икки ҳафталик «дипломатияга имконият бериш» мақсадида сулҳга рози бўлганини маълум қилди.
«Эрон Ислом Республикаси Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ, дарҳол ва хавфсиз очишга рози бўлса, мен икки ҳафта давомида ҳужумларни тўхтатаман», – деб ёзди Трамп.
Трампнинг айтишича, Хитой Эронни музокараларга кўндиришда рол ўйнаган. Шунингдек, у Эроннинг бойитилган урани «тўлиқ назорат остида бўлишини» айтди, аммо батафсил маълумот бермади.
Икки ҳафталик сулҳ давомида томонлар 10 бандли таклиф асосида доимий келишувга эришиши мумкин. Трамп буни «икки томонлама ўт очишни тўхтатиш» деб атади ва АҚШ ўз ҳарбий мақсадларига эришганини таъкидлади. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий ҳам келишувни тасдиқлаб, икки ҳафта давомида Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ҳаракат таъминланишини билдирди.
Исроил нима дейди?
Бир неча соат давомида Исроил позицияси ноаниқ бўлиб қолди. Кейинроқ бош вазир Бинямин Нетаняҳу АҚШ билан тузилган сулҳни қўллаб-қувватлашини билдирди, аммо бу келишув Ливандаги «Ҳибуллоҳ»га қарши амалиётларга тааллуқли эмаслигини таъкидлади.
Келишув жараёни ноаниқлик билан кечди: Эрон музокаралар учун таклиф этилган 10 бандли режанинг икки хил версиясини эълон қилди. Форс тилидаги версияда ядровий дастур бўйича «бойитишни қабул қилиш» ибораси бор эди, аммо инглизча версияда бу ибора йўқ эди.
Покистон 10-апрел куни Исломободда музокараларга таклиф қилди. Теҳрон қатнашишини билдирди, аммо Вашингтон ҳали расман жавоб бермаган.
Ўт очишни тўхтатиш қачон кучга киради?
Ўт очишни тўхтатиш тўлиқ қачон амалга кириши ҳали аниқ эмас. Исроил оммавий ахборот воситаларига кўра, сулҳ Ҳўрмуз бўғози қайта очилганидан кейин кучга киради. Шу билан бирга, Исроил бу оралиқ даврда Эрон томонидан ҳужумлар давом этишини кутмоқда.
Доналд Трампнинг баёнотидан бир соатдан ортиқ вақт ўтгач, Исроил ҳарбийлари Эрон томонидан учирилган ракеталарни аниқлаганини маълум қилди. Тел Авив шаҳрида эса ушлаб қолинган ракеталар портлашлари эшитилган.
Шу билан бир вақтда, Форс кўрфази давлатлари – Кувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони ва БАА – деярли бир вақтда огоҳлантириш эълон қилди ва ҳаво мудофаа тизимларини фаоллаштирди.
Нефт бозори реаксияси
Жаҳон бозорлари Эронда икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабарларга нефт ва нефт маҳсулотлари нархининг пасайиши билан жавоб қайтарди. 8-апрел куни эрталабга келиб, «Brent» фючерслари нархи бир баррел учун тахминан 95 доллар атрофида бўлди, бир кун олдин эса у тахминан 110 доллардан сотилаётган эди.
«Trading Economics» маълумотларига кўра, нефт хомашёси жаҳон бозорларида бир суткада 14 фоизга арзонлаб, 96 долларга тушган. АҚШда печ ёқилғиси сифатида кенг қўлланиладиган мазут нархи 17 фоизга, бензин эса қарийб 10 фоизга пасайган.
Уруш АҚШга қанчага тушди?
«Financial Times» келтирган экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, АҚШнинг Эронга қарши уруши харажатлари тахминан 30 миллиард долларни ташкил этган.
«American Enterprise Institute» катта илмий ходими Элейн Маккаскер нашрга маълум қилишича, 28-февралдан буён Эронга қарши ҳарбий кампания қиймати 22,3 миллиард доллардан 31 миллиард долларгачани ташкил этган.
Расмий маълумотларга кўра, шунингдек, 13 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган, 300 нафардан ортиғи эса яраланган.





