Ҳозирга қадар шаҳарда 2 млрд долларлик қурилиш ишлари бажарилиб, 1 млрд долларлик 7 та объект фойдаланишга топширилган.
Айни пайтда Янги Тошкентда умумий қиймати 7,18 миллиард долларлик 20 та йирик лойиҳа бўйича инвесторлар билан иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда ОАВ учун контент тайёрлаш марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, мазкур 20 та лойиҳа 339 гектар ҳудудни қамраб олади, уларнинг умумий қурилиш майдони эса 5,8 миллион квадрат метрни ташкил этади. Янги шаҳарнинг биринчи босқичи учун ажратилган 6 минг гектар ҳудудда жами 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ҳозирга қадар Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик қурилиш ишлари бажарилган. Хусусан, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 7 та объект фойдаланишга топширилган ва 18 километр автомобиль йўли қурилган.
Янги Тошкент ва ҳудудларда йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда қурилиш жараёнларини жадаллаштириш масалаларига бағишланган анжуманда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси ҳамда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон фармонида белгиланган вазифалар ҳақида маълумот берилди. Фармонга мувофиқ, 50 миллион доллардан бошланадиган йирик лойиҳалар учун қуйидаги шароит ва имтиёзлар жорий этилмоқда:
• махсус ҳуқуқий режим ва қурилишга тайёр ер участкалари;
• айрим солиқ ва божхона имтиёзлари;
• қурилиш даврида инвесторлар ўз эҳтиёжи учун олиб кирадиган техника, ускуна ва материалларни божхона божларидан озод этиш;
• лойиҳалаш, харид ва қурилиш жараёнларини бир вақтда амалга ошириш имконияти.