Logo

«Ёпиш учун қонуний асос йўқ, лекин юзлаб қарорлар ёпиқ»: Очиқлик индекси нимани ўлчаяпти?

Bugun 13:5012 daqiqa

2022 йилдан буён Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари очиқлигини баҳолаб келади. VAQT.UZ Очиқлик индексида ҳисобга олинмаган ташкилотлар, ҳокимликлардаги яширин қарорлар ва банклар рейтингидаги кескин ўзгаришларни таҳлил қилди.

«Ёпиш учун қонуний асос йўқ, лекин юзлаб қарорлар ёпиқ»: Очиқлик индекси нимани ўлчаяпти?

Давлат органлари очиқлиги ҳақида гап кетганда, одатда рейтинглар ва юқори баллар тилга олинади. Бироқ юқори баҳо ҳар доим ҳам юқори шаффофликни англатадими? Сўнгги йилларда айрим давлат идоралари «Очиқлик индекси»да етакчи ўринларни эгаллаб келаётган бўлса-да, айни пайтда жамоатчилик учун муҳим бўлган маълумотларни олиш ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

2022 йилдан буён Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарни Очиқлик индекси орқали баҳолаб келади. Бу рейтинг ташкилотларнинг қанчалик очиқ ишлаётгани, маълумотларни эълон қилаётгани ва жамоатчилик билан мулоқот қилаётганини кўрсатиши керак.

Аммо индекс эълон қилина бошлаганидан бери унинг натижалари ва баҳолаш мезонлари юзасидан баҳсли саволлар ҳам йўқ эмас.

Очиқлик индекси нимани ўлчайди?

Очиқлик индексида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари баҳоланади. Рейтинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан шакллантирилади ва давлат ташкилотларининг очиқлик ҳамда ҳисобдорлик бўйича фаолиятини ўлчашга қаратилган.

Агентлик методологиясига кўра, Очиқлик индекси давлат органлари ва ташкилотларини 8 та асосий йўналиш бўйича баҳолайди. Улар қаторига расмий веб-сайтлар фаолияти, очиқ маълумотларни эълон қилиш, бюджет шаффофлиги, электрон хизматлар, жамоатчилик билан мулоқот, коррупциянинг олдини олиш, жамоатчилик кенгашлари иши ҳамда очиқлик учун масъул ходимлар самарадорлиги киради.

Очиқлик индекси 0 баллдан 100 баллгача бўлган тизим асосида шакллантирилади. Якуний натижаларга кўра давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлиги «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади. Баҳолаш ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган даврни қамраб олади.

Шундан сўнг агентлик ҳар бир ташкилот бўйича якуний рейтингни эълон қилади. Энди эса сўнгги тўрт йил давомида ушбу рейтингда қандай ўзгаришлар кузатилганига тўхталамиз.

Очиқлик индекси 4 йилда қандай ўзгарди?

Yil

Baholangan tashkilotlar soni

Yashil

Sariq

Qizil

2022

86 ta

15 ta (18%)

44 ta (51%)

27 ta (31%)

2023

103 ta

31 ta (30%)

43 ta (42%)

29 ta (28%)

2024

98 ta

50 ta (51%)

50 ta (51%)

13 ta (13%)

2025

86 ta

56 ta (65%)

22 ta (26%)

9 ta (11%)

Жадвал Коррупсияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди

Рақамлар бир қарашда давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик кўрсаткичлари йилдан йилга яхшиланиб бораётганини кўрсатади. Тўрт йил давомида «яшил» тоифадаги ташкилотлар сони 15 тадан 56 тага ошган. «Қизил» тоифадагилар эса 27 тадан 9 тагача камайган.

Айниқса, 2024 йилдан бошлаб рейтингда сезиларли ўзгариш кузатилган. Агар 2022 йилда баҳоланган ташкилотларнинг атиги 18 фоизи «яшил» тоифага кирган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 65 фоизга етган. Аксинча, «қизил» тоифадаги ташкилотлар улуши 31 фоиздан 10 фоизгача қисқарган.

Бироқ бу рақамларни баҳолашда бир муҳим жиҳатни ҳам инобатга олиш керак. Ҳар йили рейтингга киритилган ташкилотлар сони бир хил бўлмаган. Масалан, 2023 йилда 103 та ташкилот баҳоланган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 86 тага тушган. Бу эса турли йиллардаги натижаларни тўғридан-тўғри таққослашни мураккаблаштиради.

Бундан ташқари, фақат ташкилотлар сони эмас, уларнинг таркиби ҳам ўзгариб турган. Айрим давлат органлари ва корхоналари кейинги йилларда рейтингга қўшилган бўлса, бошқалари рўйхатдан чиқиб кетган. Шу сабабли «яшил» тоифадагилар сонининг ошиши қанчалик реал очиқликнинг ортгани, қанчалик эса рейтинг таркиби ва методологиясидаги ўзгаришлар билан боғлиқлигини аниқлаштириш муҳим.

Рейтинг яхшиландими ёки рўйхат ўзгардими?

Рейтингдаги ташкилотлар сонининг ўзгариши юзасидан VAQT.UZ саволига жавобан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаров рўйхат таркиби турли омиллар сабаб мунтазам ўзгариб боришини маълум қилди.

Унинг айтишича, бунга янги ташкилотларнинг ташкил этилиши, мавжудларининг қайта ташкил қилиниши ёки тугатилиши, шунингдек, мулкчилик шаклининг ўзгариши каби омиллар сабаб бўлади.

Жумладан, 2022 йилдаги Очиқлик индексида баҳоланган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Маданият ва туризм вазирлиги кейинчалик алоҳида ташкилотларга ажратилган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги эса тугатилган.

Худди шундай, 2023 йилда баҳоланган «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тугатилган бўлса, «Қишлоққурилишинвест»нинг мулкчилик шакли МЧЖга ўзгарган. «Пойтахтбанк» эса давлат улуши сотилгани, яъни банк хусусийлаштирилгани сабабли кейинги рейтинглардан чиқарилган.

Шерзод Сапаровнинг таъкидлашича, ташкилотларни рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш Агентлик томонидан эмас, балки Очиқлик индексини баҳолаш бўйича комиссия қарори асосида амалга оширилади.

Бундан ташқари, айрим ҳолларда ташкилотни баҳолашнинг имкони бўлмагани ҳам уни рўйхатдан чиқариш учун асос бўлиши мумкин. Масалан, баҳолаш даврида расмий веб-сайт қайта ишлаб чиқилаётгани, комплаенс, ахборот хизмати ёки Очиқлик индексида баҳоланадиган бошқа индикаторлар учун масъул бўлинма мавжуд эмаслиги ёки вакант бўлиб қолганлиги шундай омиллар қаторига киради.

Агентлик изоҳи рейтингдаги ташкилотлар сони ва таркиби нега ўзгариб туришини қисман тушунтириб беради. Бироқ давлат бюджетидан йирик субсидиялар олувчи айрим компаниялар, жумладан UzGasTrade ёки Ўзенергосотиш каби тузилмалар нима сабабдан Очиқлик индексида акс этмагани ҳақидаги савол ҳамон очиқ қолмоқда.

Ҳокимликлар очиқлик имтиҳонидан ўта оладими?

Hudud

2022

2023

2024

2025

Xorazm viloyati

🟢

🟢

🟢

🟢

Qoraqalpog‘iston Respublikasi

🟡

🟡

🟡

🟡

Andijon viloyati

🔴

🔴

🔴

🔴

Buxoro viloyati

🟡

🟡

🟡

🟢

Jizzax viloyati

🟡

🟡

🔴

🟢

Qashqadaryo viloyati

🟡

🟡

🟢

🟢

Navoiy viloyati

🟡

🟢

🟢

🟢

Namangan viloyati

🟡

🔴

🟡

🟡

Samarqand viloyati

🔴

🟡

🟢

🟢

Surxondaryo viloyati

🟡

🔴

🟡

🟡

Sirdaryo viloyati

🔴

🟡

🔴

🔴

Toshkent viloyati

🟢

🟡

🟢

🔴

Farg‘ona viloyati

🟡

🟡

🔴

🟡

Toshkent shahri

🟡

🟡

🟡

🔴

Жадвал Коррупсияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди. 

(🟢 — Яшил тоифа; 🟡 — Сариқ тоифа; 🔴 — Қизил тоифа.)

Ҳокимликлар кесимидаги натижалар Очиқлик индексининг энг қизиқ ва айни пайтда энг баҳсли жиҳатларидан бирини намоён қилади. Айрим ҳудудлар йиллар давомида рейтингнинг юқори поғоналарида қолаётган бўлса, бошқалари қисқа вақт ичида кескин ўсиш ёки пасайишларни қайд этган. Бироқ айрим натижалар бошқа очиқлик кўрсаткичлари билан ҳар доим ҳам мос келмайди.

Тўрт йил давомида ҳокимликлар рейтингида энг барқарор натижани Хоразм вилояти қайд этди. Вилоят 2022 йилдан буён бирор марта ҳам «яшил» тоифани тарк этмаган ва кетма-кет уч йил давомида мамлакатдаги энг очиқ ҳокимлик сифатида қайд этилган.

Аммо, аввалроқ VAQT.UZ ҳокимларнинг яширин қарорлари бўйича суриштирув эълон қилганида Хоразм вилояти энг кўп яширин қарор қабул қилган ҳудуд сифатида аниқланган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудда эълон қилинмаган қарорлар сони 1 минг 151 тага етган бўлиб, тўрт йил ичида 4,7 баробарга ошган. Яъни бир томондан энг очиқ ҳокимликлардан бири сифатида баҳоланаётган ҳудуд, бошқа томондан энг кўп яширин қарор қабул қилган ҳудудлардан бири бўлиб чиқмоқда.

Бунга қарама-қарши ҳолат Андижон вилоятида кузатилади. Ҳокимлик Очиқлик индексининг барча йилларида «қизил» тоифада қолган. Шу билан бирга, 2021–2024 йиллар давомида яширин қарорлар сони 8 баробарга ошган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳам йилдан йилга вазият ёмонлашган. Ҳисоб-китобларнинг дастлабки уч йилида «сариқ» тоифада бўлган ҳокимлик 2025 йилга келиб янада ёпиқлашган. Бу айниқса эътиборга лойиқ, чунки пойтахт энг катта бюджет, энг ривожланган ахборот инфратузилмаси ва энг кўп жамоатчилик назорати мавжуд ҳудуд ҳисобланади.

Худди шундай ҳолат Сирдарё вилоятида ҳам кузатилади. Ҳокимлик 2023 йилда қисқа муддатга «сариқ» тоифага кўтарилган бўлса-да, қолган барча йилларда «қизил» тоифада қайд этилган. Яъни очиқлик бўйича барқарор ижобий тенденция бу ҳудудда ҳам шаклланмаган.

Энг катта саволлар эса айрим ҳудудлардаги кескин ўзгаришлар билан боғлиқ. Масалан, Жиззах вилояти ҳокимлиги 2024 йилда «қизил» тоифага тушган бўлса, 2025 йилда бирданига «яшил» тоифага кўтарилди. Бу Очиқлик индексидаги энг катта сакрашлардан бири ҳисобланади. Ваҳоланки, VAQT.UZ ҳисоб-китобларига кўра, вилоятда яширилган қарорлар сони 2021 йилдаги 264 тадан 2024 йилда 1 минг 980 тага етган. Бу 7,5 баробар ўсиш дегани.

Бунинг акси Тошкент вилоятида кузатилди. 2022 йилда энг очиқ ҳокимликлардан бири сифатида қайд этилган ҳудуд 2025 йилга келиб «қизил» тоифага тушиб қолди. Шу тариқа бир ҳудуд бир йил ичида «қизил»дан «яшил»га ўтаётган бўлса, бошқаси «яшил»дан «қизил»га тушмоқда.

«Ҳеч қандай ёпиш учун асос йўқ, лекин юзлаб қарорлар ёпиляпти»

12 июн куни бўлиб ўтган «ОАВда коррупция масалаларини ёритиш: медиа роли ва жамоатчилик назорати» мавзусидаги давра суҳбатида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг давлат органлари очиқлигини таъминлаш бўлими масъул ходими Миршод Хўжанов VAQT.UZ мухбирининг рейтинглар ва яширин қарорлар ўртасидаги тафовут ҳақидаги саволига изоҳ берди.

Унинг айтишича, агентлик 2026 йилдан бошлаб e-qaror тизимидаги ҳолатларни ҳам алоҳида ўрганишни бошлаган ва дастлабки таҳлиллар деярли барча ҳудудларда камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.

«E-qaror бўйича жуда кўп камчиликлар бор. Бу фақат Хоразм ёки Қашқадарёга хос муаммо эмас, деярли барча вилоятларда учрайди. Масалан, Хоразм вилоятига икки марта тақдимнома юборганмиз. Қарорларни ёпиш учун қонуний асос бўлмаса-да, юзлаб қарорлар ёпиқ эълон қилинган. Уларда давлат сири, ҳарбий сир ёки бошқа чекловчи маълумотлар мавжуд эмас», — деди Хўжанов.

Унинг таъкидлашича, ушбу ҳолатлар юзасидан масъуллар икки марта жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, агентлик вакили амалдаги Очиқлик индекси методологиясида e-qaror тизимидаги яширин қарорлар алоҳида индикатор сифатида баҳоланмаслигини қайд этди.

«Афсуски, амалдаги президент фармонида e-qaror масаласи алоҳида мезон сифатида киритилмаган. Бироқ индекс методологиясини такомиллаштириб боряпмиз», — деди у.

Бу эса айрим ҳудудларда яширин қарорлар сони юқори бўлса-да, уларнинг Очиқлик индексида юқори натижа қайд этишига имконият бераётган омиллардан бири бўлиши мумкин.

«Қизил» тоифадагиларга чора кўриладими?

Очиқлик индексида кетма-кет паст натижаларни қайд этаётган ташкилотларга қандай чоралар кўрилиши, хусусан, бир неча йилдан буён «қизил» тоифада қолаётган Андижон вилояти ҳамда 2025 йилда «қизил» тоифага тушган Тошкент шаҳар ҳокимлигига нисбатан қандай таъсир чоралари қўллангани юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаровдан изоҳ олинди.

Унинг VAQT.UZ'га маълум қилишича, амалдаги тартибга кўра, «қизил» тоифада баҳоланган ташкилотлар раҳбарларига нисбатан алоҳида чоралар кўрилади.

Жумладан, ПФ-154-сон фармонига мувофиқ, «қизил» тоифага тушган ташкилотлар раҳбарларининг ахбороти Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида эшитилиши белгиланган.

Шу асосда 2025 йилги натижаларга кўра «қизил» тоифада баҳоланган Тошкент шаҳри ва Андижон вилояти ҳокимликлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш бўйича таклифлар киритилган.

Бундан ташқари, агентлик томонидан «қизил» тоифада баҳоланган барча ташкилотларнинг очиқликка масъул ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳам сўровномалар юборилган.

«Мазкур сўровномалар бўйича Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан очиқликка масъул ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган», — деди Шерзод Сапаров.

Бироқ очиқлик билан боғлиқ муаммоларни фақат масъул ходимлар зиммасига юклаш етарли эмас. Чунки ёпиқлик кўпинча алоҳида бир ходимнинг эмас, балки бутун ташкилотдаги бошқарув ёндашуви ва қарор қабул қилиш маданиятининг натижаси ҳисобланади. Шу боис айрим ходимларнинг жавобгарликка тортилиши ёки ишдан бўшатилиши муаммонинг сабабларини эмас, оқибатларини бартараф этишга қаратилгандек кўринади.

Шу ўринда, «Аввал иқтисод...» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров Очиқлик индекси натижаларига танқидий муносабат билдирди.

Унинг фикрича, муаммо Тошкент шаҳри ёки Андижон вилоятининг қуйи ўринларда эканида эмас, аксинча айрим ҳудудларнинг қандай қилиб юқори баҳоларни олаётганида.

«Ҳокимликларнинг қаерда турганини унчалик муҳим деб ҳисобламайман. Андижон ҳар йили ўз жойида турибди. Тошкент шаҳри қизил зонага тушиб қолгани ҳам мени ажаблантирмайди. Менимча, у азалдан қизил зонада бўлиши керак эди. Аксинча, бошқа вилоятлар қандай қилиб яшил бўлиб қолганига эътироз билдириш керак», — дейди Бакиров.

Иқтисодчининг фикрича, қарорларни эълон қилиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётган бир пайтда кўплаб ҳудудларнинг «яшил» тоифага киритилиши саволларни юзага келтиради.

«Менинг назаримда, деярли барча ҳокимликлар қизил тоифада бўлиши керак. Тошкент шаҳар ҳокимлиги қизил зонага тушиб қолгани эмас, қачондир яшил зонада бўлгани ўзи хато бўлган», — дейди Отабек Бакиров.

Банклардаги очиқлик индекси

Bank

2022

2023

2024

2025

O‘zsanoatqurilish ATB

🟢

🟢

🟢

🟢

Agrobank ATB

🟡

🟢

🟢

🟢

Xalq banki ATB

🟡

🟢

🟢

🟢

Mikrokreditbank ATB

🟡

🟢

🟢

🟢

Biznesni rivojlantirish banki

🟢

🟢

🟢

O‘zmilliybank AJ

🟡

🟡

🟡

🟢

Asaka ATB

🟡

🟡

🔴

🟢

Turonbank ATB

🔴

🟢

🟢

🟢

Aloqabank ATB

🔴

🟡

🟡

🔴

Poytaxtbank AJ

🔴

🔴

Жадвал Коррупсияга қарши курашиш агентлиги тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланди. 

(🟢 — Яшил тоифа; 🟡 — Сариқ тоифа; 🔴 — Қизил тоифа.)

Банклар кесимидаги натижалар ҳам Очиқлик индексидаги энг қизиқ ўзгаришларни намоён қилади. Ҳокимликлардан фарқли равишда, банклар орасида умумий тенденция ижобий кўринади: аксарият молия муассасалари йиллар давомида «яшил» тоифага кўтарилган ёки ўз позициясини сақлаб қолган. Бироқ айрим банклардаги кескин сакраш ва пасайишлар саволларни ҳам юзага келтиради.

Масалан, Туронбанк энг катта ўзгаришларни бошдан кечирган банклардан бири бўлди. 2022 йилда «қизил» тоифада қайд этилган банк 2023 йилнинг ўзидаёқ «яшил» тоифага ўтди ва кейинги йилларда ҳам юқори натижаларни сақлаб қолди.

Шунга ўхшаш ҳолат Асакабанкда ҳам кузатилди. Банк 2024 йилда «қизил» тоифада қайд этилган бўлса, бир йил ичида «яшил» тоифага чиқди. Умумий рейтингдаги ўрни эса 93-поғонадан 56-поғонагача яхшиланди. Бу Очиқлик индексидаги энг катта сакрашлардан бири бўлди.

Аксинча, Алоқабанк тескари йўлни босиб ўтди. Банк 2022 йилда «қизил» тоифада бўлган, кейинчалик «сариқ» тоифага кўтарилган эди. Бироқ умумий рейтингга кўра, 2025 йилда яна ортга қайтиб, 68-ўриндан 78-ўринга тушди ва қайта «қизил» тоифага кирди.

Ўзмиллийбанкда эса нисбатан барқарор ўсиш кузатилди. Банк уч йил давомида «сариқ» тоифада қолган бўлса, фақат 2025 йилда «яшил» тоифага чиқишга муваффақ бўлди. Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк ва Бизнесни ривожлантириш банки эса сўнгги йилларда барқарор равишда юқори натижаларни қайд этиб келмоқда.

Банклар орасидаги кескин ўзгаришлар юзасидан VAQT.UZ саволига жавобан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаров бундай ҳолатлар ташкилотларнинг тегишли индикаторлар бўйича тўплаган баллари ўзгариши билан изоҳланишини билдирди.

«Асакабанкнинг 2024 йилдаги “қизил” тоифадан кейинги баҳолашда “яшил” тоифага кўтарилиши ёки Алоқабанкнинг “сариқ” тоифадан “қизил” тоифага тушиши ташкилотларнинг тегишли индикаторлар бўйича тўплаган баллари ўзгариши билан изоҳланади», — деди Шерзод Сапаров.

Бироқ агентлик қайси индикаторлар айнан Асакабанкнинг 37 поғонага кўтарилишига ёки Алоқабанкнинг 10 поғонага пасайишига сабаб бўлгани ҳақида батафсил маълумот бермади.

Натижада рейтингдаги бундай кескин ўзгаришлар ортида айнан қайси омиллар тургани жамоатчилик учун очиқ қолмоқда. Бу эса ҳокимликлар мисолида кузатилган саволларни банклар кесимида ҳам такрорлайди: очиқлик ва ҳисобдорлик каби кўрсаткичлар одатда узоқ муддатда шаклланадиган жараён бўлса, бир йил ичида кузатилаётган бундай кескин ўзгаришлар рейтинг методологияси ва баҳолаш мезонлари ҳақида қўшимча саволларни юзага келтирмоқда.

Умуман олганда, тўрт йил давомида Очиқлик индекси натижалари яхшиланиб бормоқда. Бироқ рейтинглар ортидаги айрим тафовутлар бу ўсиш ҳар доим ҳам реал очиқликни англатмаслигини кўрсатади.

Энг катта савол ҳам шу ерда: индекс ҳақиқатда давлат органларининг шаффофлигини ўлчаяптими ёки улар методология талабларини қай даражада бажараётганини?

Хоразм мисоли, яширин қарорлар масаласи, айрим ҳокимлик ва банкларнинг бир йил ичида «қизил»дан «яшил»га ёки аксинча ўтиши бу саволни янада кучайтиради. Қолаверса, давлат бюджетидан миллиардлаб сўм субсидия оладиган айрим корхоналарнинг рейтингда умуман акс этмаслиги ҳам очиқликни баҳолаш қамрови ҳақида саволлар туғдиради.

Агар Очиқлик индекси реал ҳолатни акс эттириши керак бўлса, унда яширин қарорлар, давлат субсидиялари, давлат корхоналари харажатлари ва жамоатчилик учун ёпиқ қоладиган маълумотлар ҳам баҳолашнинг муҳим қисмига айланиши лозим.

Акс ҳолда, рейтингларда «яшил»лар сони кўпайиши мумкин. Аммо бу давлат органлари ҳақиқатдан ҳам очиқроқ бўлиб бораётганини эмас, ташкилотлар рейтинг талабларига яхшироқ мослашаётганини кўрсатиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  VAQT.UZ ҳукуматнинг очиқланмаган ҳужжатлари бўйича маълумотларни таҳлил қилиб, экспертлар фикрларини жамлаган эди.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 149

Barchasi

Mavzuga oid