Turkish Airlines Россия билан авиақатновларни бекор қилди: минглаб туристлар йўлда қолди

08.05.2025 15:51 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркиянинг энг йирик авиакомпанияси — Turkish Airlines Россиядаги транспорт муаммолари туфайли Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларга авиақатновларни бекор қилди. Бу ҳолат камида 15 минг рус сайёҳларининг ҳаракатланишига таъсир ўтказмоқда.

Istanbul asv2021 11 img74 ist airport

Turkish Airlines 8 май куни Россия шаҳарларига — жумладан, Москва, Санкт-Петербург, Қозон ва бошқаларга Анталья, Бодрум ва Даламандан белгиланган барча рейсларни бекор қилди. Бу ҳақда РИА Новости туризм соҳасидаги манбаларга таяниб хабар берди. Ҳозирда туроператорлар юз берган ҳолатни бартараф этиш учун авиакомпания билан музокара олиб бормоқда.

Россия Туроператорлар ассоциацияси (АТОР) маълумотларига кўра, биргина 8 май куни 30 дан ортиқ рейс бекор қилинган. Pegasus Airlines ҳам Туркия ва Россия ўртасидаги парвозларни вақтинча тўхтатган. Бу транспорт муаммоси 15 мингдан зиёд рус туристига таъсир қилмоқда.

Бундай қарор Россиядаги аэропортларда юзага келган техник муаммолар ва хавфсизлик чекловлари билан боғлиқ. 8 май тонгида Москвадаги Шереметйево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида 100 дан ортиқ рейс кечикди. Внуковода 34 та учиш ва 28 та қўниш рейси вақтинча тўхтатилди.

Россия транспорт вазирлиги кун охиригача парвозлар тўлиқ тикланишини маълум қилди. Коллапсга украин дрон ҳужумлари сабаб бўлган — сўнгги икки кун ичида Россиянинг бир нечта аэропорти вақтинча ёпилган эди.

Бу орқали Россиянинг йирик авиакомпаниялари — “Аэрофлот”, S7, “Победа” ва бошқалар ҳам рейсларни бирлаштириш ва қисқартиришга мажбур бўлди.