Исроил Ғазони тўлиқ назоратга олиш ва ҲАМАСни йўқ қилишни режалаштирмоқда

08.05.2025 17:04

Исроил ҳукумати ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш мақсадида Ғазо секторида тўлиқ ҳарбий назорат ўрнатиш ва минтақага янги ҳуманитар бошқарув механизмини жорий этишни кўзда тутган режани маъқуллади.

Газо

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукумати Ғазо сектори устидан тўлиқ назорат ўрнатиш ва ҲАМАСни бутунлай йўқ қилишни кўзда тутган ҳарбий стратегик режани тасдиқлади. «Гидеон жанговар аравалари» деб номланган операция АҚШ президенти Доналд Трампнинг 13–16 май кунлари Яқин Шарққа ташрифи давомида ҳеч қандай келишув бўлмаса, бошланиши мумкин.

Исроил армияси бош штаби захирадаги юз минглаб аскарларни чақириб, операцияга тайёргарлик кўрмоқда. Режага кўра, ҲАМАСни бутунлай тор-мор этиш учун Ғазо жанубига юз минглаб фаластинликларни кўчириш талаб этилади. Бу эса бугунги кунда секторда ҳукм сураётган оғир ҳуманитар инқирозни янада кучайтириши мумкин.

Исроил ҳозирда Ғазо ҳудудининг тахминан 50 фоизини назорат қилмоқда. Икки ойдан бери минтақада ҳуманитар ёрдам тўхтатилган. Исроил томони ҲАМАС кўрсатилаётган ёрдамларни ўзлаштириб, аҳолига қимматбаҳо сотмоқда, деб айблаб келмоқда.

Янги режага кўра, ҳар куни 60 та ҳуманитар юк автомашинаси Керем-Шалом назорат-ўтказув пункти орқали олиб кирилади. Маршрутни АҚШ компаниялари таъминлайди, хавфсизликни Исроил армияси назорат қилади. Ёрдам Рафаҳдаги «тоза зона»да тарқатилади, унда ҲАМАС аъзолари қатнашмайди.

Исроил ҳуманитар бошқарувни БМТ эмас, халқаро махсус жамғарма орқали ташкил этишни таклиф қилмоқда. Бироқ БМТ бу таклифни рад этди. Унга қарамай, Исроил ўз режасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.