Turkish Airlines: Тўхташдан олдин турган йўловчилар жаримага тортилади

12.05.2025 17:42 | 2 дақиқада ўқилади.

Turkish Airlines компанияси йўловчилар хавфсизликни кучайтириш мақсадида самолёт тўхтаб, «хавфсизлик камарларини тақинг» сигнал чироқчаси ўчмагунча ўрнидан турган шахсларга нисбатан қонунан жазо чораларини кўришни бошлади.

Turkish

Аниқроқ қилиб айтганда, Turkish Airlines (THY) парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги қоидалар жорий этди. Туркия Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси (SHGM) томонидан эълон қилинган «Йўловчиларга эълонлар тўғрисидаги умумий низом»га мувофиқ, энди самолёт тўлиқ тўхтамай туриб ва «хавфсизлик камарларининг тақинг» белгиси ўчмаган ҳолатда ўрнидан турган йўловчилар «қоидабузар» деб топилади ва жаримага тортилиши белгилаб қўйилди.

Янги регламентга кўра, қўнишдан сўнг ўрнидан турган, юқоридаги юк бўлмасини очган ёки экипаж огоҳлантиришларига эътибор бермаган йўловчиларга нисбатан амалдаги қонунчилик асосида жазо чоралари кўрилади.

Компания экипаж аъзолари учун ҳам янги мажбуриятларни жорий қилди. Эндиликда қўнишдан сўнг, расмий хайрлашув эълонларидан кейин алоҳида тарзда йўловчиларни қоида ҳақида огоҳлантириш керак бўлади. Экипаждан йўловчиларни кузатиш ва чиқиш жараёнида юқори диққат ва масъулиятли бўлиш талаб этилади.

Turkish Airlines вакиллари таъкидлашича, ушбу чеклов фақат интизом учун эмас, балки йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий қилинмоқда. Чунки бугунга қадар ҳаракатдаги самолётда ўрнидан туриш ёки юк қутичасини очиш турли жароҳатларга ва фавқулодда вазиятлар келиб чиқишига сабаб бўлган.