Жаҳонда нефт нархи АҚШ-Хитой савдо музокаралари ортидан ўса бошлади

12.05.2025 20:53 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо музокаралари бўйича ижобий хабарлар жаҳон бозорида нефт нархларининг ошишига туртки берди. Brent ва WTI бир кунда 1 фоиздан зиёдроққа қимматлашди.

Нефть

Душанба куни Brent ва WTI маркасидаги нефт фьючерслари қимматлашди. Бу АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона музокаралари бўйича ижобий янгиликлар ортидан юз берди, деб ёзмоқда Reuters. Brent нархи 1,28 фоизга ўсиб, бир баррели учун 64,73 АҚШ долларини ташкил қилди. WTI эса 1,39 фоизга кўтарилиб, 61,87 долларга етди.

Ўтган ҳафта ҳам икки марка 4 фоиздан кўпроқга қимматлашган эди. Унда АҚШ ва Буюк Британия ўртасидаги савдо келишуви ушбу ўсишни қўллаб-қувватлаган.

Якшанба куни АҚШ ва Хитой Швейцарияда ўтказилган музокараларни якунлаб, келишувга яқинлашиш ҳақида маълум қилди. Вашингтон савдо тақчиллигини камайтиришга ёрдам берадиган келишув кутилаётганини айтган. Пекин эса муҳим келишувларга эришилганини билдирди.

Fujitomi Securities таҳлилчиси Тошитака Тажаванинг Reuters’га билдиришича, музокаралардаги илдамлашиш инвесторлар кайфиятини яхшилади. Бироқ OPEC+нинг ишлаб чиқаришни ошириш режалари бу ўсишни чеклаши мумкин.

OPEC+ июнда ишлаб чиқаришни оширишини эълон қилди. Reuters манбаларига кўра, алянс ноябргача кунлик 2,2 млн баррел даражасига қайтишни режалаштирмоқда.

Baker Hughes маълумотига кўра, АҚШда бурғилаш қувурлари сони кетма-кет уч ҳафтадан буён камаймоқда. Бу кўрсаткич январдан бери энг паст даражага тушган.