Европа Иттифоқи Украинага мудофаа эҳтиёжлари учун яна 900 млн евро ажратишини эълон қилди. Бу маблағ Россия активларидан тушган фоизлар ҳисобидан берилади. Аввалроқ, 9 май куни Евроиттифоқ ташқи ишлар хизмати раҳбари Кайа Каллас томонидан яна 1 млрд евро маблағ ажратилиши маълум қилинган эди. Шу билан Украина мудофаа саноатига ажратилган умумий ёрдам 3,3 млрд еврога етди.
Брюсселда ўтган мудофаа форумида Украина ҳукумати Европа мудофаа саноати билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Европа аэрокосмик ва мудофаа саноати ассоциацияси (ASD) билан меморандум имзолади. Ҳамкорликни кенгайтириш учун махсус онлайн-платформа ҳам ишга туширилди.
Шунингдек, ЕИ ва Украина «ReArm Europe» дастури доирасида Украина саноатини Европа мудофаа тизимига интеграция қилиш учун қўшма ишчи гуруҳ тузди. Бу орқали Киев ўзининг илмий ва ҳарбий салоҳиятини Европа билан янада яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Форумда журналистларга фақат очилиш маросимида қатнашишга рухсат берилди. Сиёсий нутқлардан сўнг иштирокчилар учун махфий учрашувлар ва соҳавий семинарлар ташкил этилди.