
75 млрд долларлик ташқи қарз: одам бошига қанчадан тўғри келяпти?
2025 йил октябрига келиб Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 75 млрд доллардан ошди. Қарз ўсишининг катта қисми банклар ва корхоналар ҳисобига тўғри келмоқда, бир йил ичида эса ҳар бир фуқаро ҳиссасига тўғри келадиган ташқи қарз қарийб 400 долларга кўпайди.

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди. Йил бошидан буён ташқи қарз ҳажми 11 млрд доллардан кўпроққа ошган.
Шу жумладан, давлат ташқи қарзи 37,4 млрд доллар, корпоратив ташқи қарз эса 38 млрд долларни ташкил этди.
Қарзлар қанчага ошди?
Учинчи чоракда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 3,2 млрд долларга, охирги бир йил давомида эса 15,2 млрд долларга кўпайган.
Давлат ташқи қарзи учинчи чоракда 0,6 млрд долларга, бир йил ичида эса 4,9 млрд долларга ошган. Корпоратив ташқи қарзлар эса шу даврда 2,6 млрд долларга, охирги бир йилда эса 10,3 млрд долларга кўпайган. Қизиғи шундаки, ташқи қарз ўсишининг асосий қисми давлат ҳиссасига тўғри келмаяпти. Асосий ўсиш банклар ва корхоналар ҳисобидан шаклланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил октябр ойи ҳолатига кўра давлат қарзи қарийб 44 млрд долларга етгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ҳисоблар яхшиланди, қарз эса ўсишда давом этмоқда
Жорий операциялар ҳисоби деярли «нафас ростлаб олди». 2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 207,3 млн долларга тенг бўлди, учинчи чоракнинг ўзида шаклланган дефицит эса 112,8 млн долларни ташкил этди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 3 млрд доллардан ошиб кетган эди.
Экспорт импортдан тезроқ ўсди, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари кўпайди. Яъни мамлакатга кириб келаётган валюта ҳажми чиқиб кетаётган маблағлардан кўпроқ бўла бошлади. Аммо бу ташқи қарз жалб қилиш тўхтади, дегани эмас.
Аҳоли жон бошига қарз қанчадан тушади?
Умумий ташқи қарз аҳоли сонига тақсимланганда, ҳар бир фуқаро ҳиссасига ўртача 1 980 доллардан қарз тўғри келмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 1 611 доллар бўлган. Демак, бир йил ичида «ҳар бир фуқаро улуши» қарийб 400 долларга ошган.
Аввалроқ, иқтисодчи Отабек Бакиров йил якунига бориб мазкур кўрсаткич 2 минг долларлик чегарадан ошиб кетиши мумкинлигини айтган эди.
Капитал оқими: маблағ киряпти, лекин қарз ҳисобидан
2025 йилда молиявий ҳисоб бўйича 2,5 млрд долларлик манфий сальдо шаклланди. Бу мамлакатдан чиқиб кетаётган молиявий ресурслар кириб келаётган маблағлардан кўпроқ эканини англатади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонга хорижий капитал оқими сақланиб қолди. Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,9 млрд долларга, портфель инвестициялар оқими эса 3,8 млрд долларга тенг бўлди.
Бироқ портфел инвестицияларнинг асосий қисми акцияларга эмас, балки давлат ва корпоратив облигациялар, яъни қарз инструментларига тўғри келмоқда. Бу эса инвесторлар иқтисодиётда улуш сотиб олишдан кўра, кўпроқ қарз беришни афзал кўраётганини кўрсатади.
Ташкилот ва корхоналар кўпроқ қарз олмоқда
Ташқи қарз таркибига назар ташласак, 37,4 млрд доллар давлат ҳиссасига, қолган 38 млрд доллар эса банклар ва корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Маълумотларга кўра, сўнгги 9 ойда давлат қарзи 10 фоиздан кўпроққа, корпоратив қарзлар эса қарийб 27 фоизга ошган. Давлат қарзи охирги бир йилда 4,9 млрд долларга кўпайган бўлса, корпоратив қарзлар бир йил ичида 10,3 млрд долларга ошган. Қайд этилишича, корпоратив қарзларнинг 40–50 фоизи давлат корхоналари томонидан олинган.
Марказий банк раиси Темур Ишметов ҳам корпоратив соҳада қарзлар ўсиб бораётганига эътибор қаратган:
«Кoрпоратив соҳада қарзлар бироз ўсмоқда. Ташкилотлар инвестицион фаолликни ошириш учун ташқи қарз жалб қиляпти. Айримлари тўғридан тўғри қарз оляпти, айримлари эса қимматли қоғозлар ва еврооблигациялар чиқаришни бошлади. Бу ҳам ижобий кўрсаткич. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳам ошди. Тўққиз ой якунларига кўра, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ўтган йилга нисбатан 55 фоизга ўсди», — деди у.
Ялпи ташқи мажбуриятлар қандай ўзгарди?
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлил қилишича, 2025-йил 1октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг ялпи ташқи мажбуриятлари қолдиғи 82,4 млрд долларга етди.

Бу кўрсаткич олдинги чоракка нисбатан 4,1 фоизга ёки 3,2 млрд долларга кўп. Йил бошига нисбатан эса 15,9 фоизга (11,3 млрд доллар) ошганини англатади.
Қарз ўсиши қайси секторлар ҳисобига бўлди?
Йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи (давлат кафолати остидаги қарзларни ҳисобга олмаган ҳолда) 4 млрд долларга ошиб, 33,8 млрд долларга етди. Банк секторининг ташқи қарзи 2,7 млрд долларга кўпайиб, 16,7 млрд долларни ташкил этди. Бошқа, яъни номолиявий секторларнинг ташқи қарзи эса 3,4 млрд долларга ошиб, 25,2 млрд долларга етган.
2025-йилнинг январ–сентябр ойларида жалб қилинган ялпи ташқи қарз таркибида ҳукумат улуши 35 фоизни, банк сектори 24 фоизни, номолиявий сектор эса 30 фоизни ташкил этган. Бу ташқи қарз жалб қилишда фаоллик бир нечта секторларга тақсимланганини кўрсатади.
Қисқа ва узоқ муддатли қарзлар таркиби
Ялпи ташқи қарзнинг 7,8 фоизи қисқа муддатли мажбуриятлар ҳиссасига тўғри келади, қолган қисми эса узоқ муддатли қарзлардир. Таққослаш учун, йил бошида қисқа муддатли қарзлар улуши 8,7 фоизни ташкил этган.
Қисқа муддатли қарзларнинг асосий қисми банк сектори (3,5 млрд доллар) ва бошқа секторлар (2,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳолат қисқа муддатли мажбуриятлар асосан давлат эмас, балки хусусий ва банк сектори орқали шаклланаётганини кўрсатади.
Қарз жалб қилиш суръати тезлашди
Таҳлилга кўра, 2025 йилда ташқи қарз жалб қилиш суръати сезиларли даражада тезлашган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида ялпи ташқи қарз 11,2 фоизга (6,9 млрд доллар) ошган эди. Жорий йилда эса қарз жалб қилиш суръати 64 фоизга тезлашиб, умумий ўсиш 15,9 фоизни ташкил этди.
Бу жараёнда банк секторида қарз жалб қилиш ҳажмининг 1,6 млрд долларга, бошқа секторлар бўйича эса 1,4 млрд долларга ошгани асосий омил бўлган. Шунингдек, давлат қарзини жалб қилиш суръати ҳам 780 млн долларга тезлашган.
Қимматли қоғозлар улуши ошмоқда
Ялпи ташқи қарз таркибида қимматли қоғозлар улуши йил бошига нисбатан 4 фоиз бандга ошиб, 16 фоизга (13 млрд доллар) етди. Йил бошидан буён қимматли қоғозлар орқали жалб қилинган қарзлар ҳажми 57 фоизга ошган.
Хусусан, ҳукумат томонидан 2,1 млрд доллар, банклар томонидан 622 млн доллар, бошқа секторлар томонидан эса 1,9 млрд доллар миқдорида қимматли қоғозлар чиқариш орқали ташқи қарз жалб қилинган.
75,4 млрд ва 82,4 млрд доллар ўртасидаги фарқ нимада?
Марказий банкнинг тўлов баланси бўйича шарҳида ялпи ташқи қарз 75,4 миллиард доллар сифатида кўрсатилган. Бироқ ушбу таҳлилда 82,4 миллиард долларлик кўрсаткич келтирилмоқда. Фарқ шундаки, бу ерда фақат расмий қарзлар эмас, балки кенгроқ маънодаги ташқи мажбуриятлар ҳам ҳисобга олинган.
Хусусан, норезидентларнинг Ўзбекистон банкларидаги валюта ва депозитлари, ташқи савдо шартномалари доирасидаги кредиторлик қарзлари ҳам ушбу ҳисобга киритилган. Масалан, норезидентларнинг банклардаги депозитлари қолдиғи 3,5 миллиард долларни ташкил этади. Депозитларни тўлиқ қарз сифатида баҳолаш тўғри бўлмаса-да, кенгроқ ёндашувда улар ҳам мамлакатнинг ташқи молиявий мажбуриятлари таркибига киради.
Шу сабабли, мазкур таҳлилда келтирилган 82,4 миллиард долларлик кўрсаткични расмий ялпи ташқи қарз эмас, балки кенг маънодаги ялпи ташқи мажбуриятлар қолдиғи сифатида талқин қилиш тўғрироқ бўлади. Бу ёндашув мамлакатнинг чет эл олдидаги реал молиявий мажбуриятларини тўлиқроқ акс эттиради.
Қисқача айтганда, иқтисодиётга пул киряпти, лекин у асосан қарз ҳисобидан. Ташқи қарз ҳажми ошишда давом этмоқда ва бу ўсишда асосий юк давлат эмас, балки банклар ҳамда корхоналар ҳиссасига тўғри келяпти. Экспорт ва валюта тушумлари кўпайган бўлса-да, ташқи қарз жалб қилиш тўхтагани йўқ.
Натижада, ҳар бир фуқаро ҳиссасига тўғри келаётган қарз ҳам ортиб бормоқда. Иқтисодиёт бир оз енгил тортгандек, аммо ҳали ҳам қарзга таянган ҳолда ҳаракат қиляпти. Асосий масала эса — олинаётган қарзлар эртага ўзини оқлайдими ёки йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz ўсиб бораётган давлат қарзи ҳамда ташқи қарз қайси манбалардан ва кимлар томонидан жалб қилинганини батафсил ўрганган эди.
Teglar






