
АҚШдан технологик жиҳатдан ортида қолаётган Европа: бурилиш нуқтаси қаерда?
АҚШнинг энг камбағал штати ҳисобланган Миссисипида ҳам аҳоли жон бошига даромад Франция ёки Италияга нисбатан юқорироқ, шунингдек Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан ҳам баланд.

Европанинг келажаги ҳақидаги баҳслар тобора кўпроқ сиёсат ва ўзига хослик масалаларига бориб тақалмоқда. Айни пайтда, қитъанинг узоқ муддатли барқарорлиги қайси омилга боғлиқ эканига доир асосий омил эътибордан четда қолмоқда.
Ню Йорк университети Стерн бизнес мактабининг фахрий профессори Нуриэль Рубинининг «Oninvest» нашрига ёзган мақоласи билан таништирамиз.
Муаммо мигрантларда эмас
АҚШ президенти Доналд Трампнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси Европага нотўғри баҳо бермоқда. Европа узоқ йиллар давомида Американинг энг ишончли иттифоқчиси сифатида қараб келинган. Ҳужжатда таъкидланишича, назоратсиз иммиграция ҳамда маъмурият вакиллари менсимай «woke-сиёсат» деб атаётган бошқа чоралар бир неча ўн йил ичида «Европанинг цивилизация сифатида йўқолиб кетиши»га олиб келиши мумкин.
Бу далил Европанинг ҳозирги ҳолатини тубдан нотўғри талқин қилишга асосланган. Ҳақиқатан ҳам, Европа Иттифоқи экзистенциал таҳдидга дуч келмоқда, бироқ у иммиграция билан ҳам, маданий сиёсат билан ҳам деярли боғлиқ эмас. Қолаверса, хорижда туғилган аҳолининг улуши АҚШда Европага нисбатан бир оз юқорироқ.
Европа учун ҳақиқий таҳдид унинг иқтисодий ва технологик жиҳатдан ортда қолаётганида намоён бўлмоқда.
Ташхис: сурункали ортда қолиш
2008–2023 йиллар оралиғида АҚШ ялпи ички маҳсулоти 87 фоизга ўсган бўлса, Европа Иттифоқида бу кўрсаткич атиги 13,5 фоизни ташкил этди. Шу даврда Европа Иттифоқида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ АҚШ даражасининг 76,5 фоизидан 50 фоизигача пасайди. Ҳатто АҚШнинг энг камбағал штати ҳисобланган Миссисипида ҳам аҳоли жон бошига даромад Франция ёки Италияга нисбатан юқорироқ, шунингдек Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан ҳам баланд.
Тобора ортиб бораётган бу иқтисодий тафовутни демографик омиллар билан изоҳлаб бўлмайди. У АҚШда ишлаб чиқариш самарадорлигининг юқорироқ ўсишини акс эттиради, бу эса, кўп жиҳатдан, технологик инновациялар ва умумий омил самарадорлигининг баландлиги билан боғлиқ. Бугун дунёдаги энг йирик 50 та технологик компаниянинг тахминан ярми Американики бўлса, Европа бу сегментда атиги тўртта компания билан намоён. Сўнгги беш ўн йиллик давомида АҚШда 241 та компания стартапдан камида 10 млрд долларлик бозор капитализациясига эга бизнесга айланган, Европада эса бу кўрсаткич бор-йўғи 14 тани ташкил этади.
Ушбу тенденциялар ниҳоятда муҳим саволни кун тартибига олиб чиқади: келажак тармоқларида қайси мамлакатлар етакчи бўлади ва бу жараёнда Европанинг ўрни қаерда?
Бугун технологик етакчилик учун кураш кенг йўналишларни қамраб олмоқда. Улар қаторига сунъий интеллект ва машинали ўқитиш, яримўтказгичларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш, робототехника, квант ҳисоб-китоблари, термоядровий энергетика, финтех ва мудофаа технологиялари киради. Европа бу пойгага очиқ-ойдин ортда қолган ҳолда кирмоқда.
Келажак тармоқларида бугун ким етакчи: АҚШми ёки Хитойми, деган савол баҳсли бўлиб қолмоқда. Бироқ аксарият кузатувчилар бу, аслида, икки давлат ўртасидаги пойга экани, унда Америка ҳанузгача қатор муҳим соҳаларда рақобатчисидан олдинда экани борасида якдил. Уларнинг ташқарисида инновацион фаоллик асосан Япония, Тайван, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Исроил каби давлатларда жамланган. Европада эса инновациялар, асосан, Буюк Британия, Германия, Франция ва Швейцария билан чекланган. Бу мамлакатларнинг иккитаси эса ҳатто Европа Иттифоқи аъзоси ҳам эмас.
Шу боис, АҚШ ва Хитой глобал технологик рейтингларда устунлик қилаётган бир пайтда, Европанинг юқори поғоналардан анча йироқда экани ҳайратланарли эмас. Айниқса, навбатдаги инновациялар тўлқини сўнгги ярим аср давомида кузатилган барча ўзгаришлардан ҳам вайронкорроқ бўлиши кутиляпти, деган шароитда истиқболлар умуман умидбахш кўринмайди.
Ортда қолишнинг тузилмавий сабаблари
АҚШ ва Европа ўртасидаги технологик тафовут бир қатор омиллар билан изоҳланади.
Биринчидан, АҚШда стартапларни молиялаштиришнинг анча чуқур ва динамик экотизими мавжуд. Европа эса ҳалигача тўлиқ қийматли капитал бозорлари иттифоқини ярата олмади, бу эса янги компанияларнинг миқёси ва ўсиш суръатини чеклаб қўяди.
Иккинчидан, Европага ортиқча ва парчаланган тартибга солиш халал беради. Америкалик стартап ягона регулятор режими доирасида маҳсулотни бозорга чиқариб, дарҳол 330 миллиондан ортиқ истеъмолчига етиб бориши мумкин. Европа Иттифоқида эса тахминан 450 миллион киши яшайди, бироқ у ҳануз 27 та миллий регулятор тизимига бўлинган ҳолда қолмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси таҳлилига кўра, Европа Иттифоқи ички бозоридаги тўсиқлар амалда божхона тарифи каби ишлайди: товарлар учун бу кўрсаткич тахминан 44 фоизни, хизматлар учун эса 110 фоизни ташкил этади. Бу АҚШ томонидан импорт қилинаётган товарларнинг аксариятига нисбатан қўлланиладиган бож даражаларидан анча юқори.
Учинчидан, хавфни қабул қилишга нисбатан маданий ёндашувлар кескин фарқ қилади. Яқин вақтларга қадар Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларида (масалан, Италияда) муваффақиятсизликка учраган тадбиркор жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эди. АҚШда эса ҳеч қачон омадсизликка учрамаган технологик асосчи кўпинча ҳаддан ташқари эҳтиёткор деб баҳоланади.
Тўртинчидан, АҚШ чуқур интеграциялашган академик, ҳарбий ва саноат мажмуаси ҳисобига устунликка эга. Европада эса мудофаа соҳасига сурункали кам сармоя киритилиши унинг инновацион салоҳиятини заифлаштирди. Технологик етакчилар — АҚШ, Хитой, Исроил ва сўнгги пайтларда Украина мудофаага фаол инвестиция киритмоқда, бунда ҳарбий тадқиқотлар кўп ҳолларда фуқаролик соҳасида қўлланиладиган технологияларни ҳам яратади.
Шунга қарамай, кўплаб европалик сиёсий етакчилар ҳали ҳам мудофаа харажатларининг ўсишини хавфсизлик билан ижтимоий фаровонлик ўртасидаги муросасиз танлов сифатида талқин қилишда давом этмоқда. Аслида эса Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери Европа фойдаланиб келган АҚШ ҳисобига «бепул юриш» мудофаа соҳасида инновацияларни чеклаб қўйди. Ваҳоланки, айнан инновациялар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш орқали ҳам хавфсизликни, ҳам ижтимоий фаровонликни таъминлаши мумкин эди. Парадокс шундаки, Европа ижтимоий моделини сақлаб қолиш мудофаага каттароқ инвестицияларни талаб қилади — жумладан, НАТОнинг мудофаа харажатлари бўйича янги мақсадли кўрсаткичи ЯИМнинг 3,5 фоизини бажаришдан бошлаб.
Европа учун бурилиш нуқтаси
Агар Европа яқин ўн йилликларда ўзининг технологик ортда қолишини чуқурлашишига йўл қўйса, у АҚШ ва Хитойга нисбатан узоқ давом этувчи стагнация ва иқтисодий пасайиш хавфига дуч келади. Бироқ эҳтиёткор оптимизм учун асослар ҳам мавжуд. Европанинг экзистенциал чақириқ олдида тургани тобора аниқ англанар экан, сиёсатчилар жиддий ислоҳотлар ўтказишга қаратилган таклифларни илгари суришни бошлади. Улар орасида энг кўзга кўринарлилари — 2024 йилда Европа Иттифоқининг рақобатбардошлиги ва ягона бозори ҳақида тайёрланган икки йирик ҳисобот бўлиб, уларни Италиянинг собиқ бош вазирлари Марио Драги ва Энрико Летта тайёрлаган.
Шу билан бирга, Европанинг жиддий устунликлари сақланиб қолмоқда. Улар қаторига юқори сифатли инсон капитали, кучли таълим тизимлари ва жаҳон даражасидаги илмий-тадқиқот институтлари киради. Тўғри рағбатлар ва регулятор ислоҳотлар шароитида бу активлар тижорий инновацияларнинг анча юқори даражасини қўллаб-қувватлаши мумкин. Тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратилса, Европадаги аҳоли жон бошига юқори даромад, катта ички бозор ва юқори жамғариш меъёрлари инвестициялар тўлқинини ишга тушириши эҳтимолдан холи эмас.
Бундан ташқари, ҳатто Европа илғор технологияларда ҳеч қачон етакчига айланмаса ҳам, у АҚШ ва Хитой инновацияларини ўзлаштириш ва мослаштириш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини сезиларли даражада ошириши мумкин. Бу технологияларнинг кўпчилиги универсал хусусиятга эга бўлиб, ҳам пионер давлатларга, ҳам уларни жорий этувчиларга фойда келтиради.
Бунинг барчаси Европани бурилиш нуқтасига олиб келди. Бир пайтлар Эрнест Ҳемингуэй таъкидлаганидек, банкротлик «аввал секин, кейин эса тўсатдан» содир бўлади. Шу пайтгача Европанинг технологик пасайиши аста-секин кечди. Аммо агар у ўзининг тузилмавий заифликларини бартараф эта олмаса, бугунги секин эрозия тўсатдан ва қайтариб бўлмас даражада иқтисодий аҳамиятни йўқотишга айланиши мумкин.





