add

Бейонсе дунёдаги бешинчи мусиқачи миллиардерга айланди

Bugun 10:302 daqiqa

«Cowboy Carter» албоми ва рекорд даромад келтирган турне орқали Бейонсе шахсий капитали 1 млрд доллардан ошган бешинчи мусиқачи бўлди.

Бейонсе дунёдаги бешинчи мусиқачи миллиардерга айланди

Бейонсе дунёда шахсий бойлиги 1 млрд доллардан ошган бешинчи мусиқачи сифатида қайд этилди. Бу натижа 2025 йилда чиқарилган «Cowboy Carter» кантри-албоми ва шу номдаги гастрол турнесининг молиявий муваффақияти билан боғлиқ.

44 ёшли қўшиқчи илгари бу кўрсаткичга эришган Jay-Z, Тейлор Свифт, Рианна ва Брюс Спрингстин қаторига қўшилди. «Forbes» нашрининг баҳолашига кўра, Бейонсенинг бойлигининг асосий қисми унинг мусиқа фаолияти ва гастрол даромадлари ҳисобига шаклланган.

Бейонсе 2010 йилда ташкил этилган «Parkwood Entertainment» компанияси орқали ўз карьерасини мустақил бошқариб келади. Бу модел унга ижодий ва молиявий назоратни тўлиқ сақлаб қолиш, контент, гастрол ва медиалойиҳалардан тушадиган даромадларни максималлаштириш имконини берган.

«Cowboy Carter» турнеси 2025 йил давомида 400 млн доллардан ортиқ чипта тушумлари ва қўшимча 50 млн доллар атрофида мерчандайзинг даромадини таъминлади. Шоу логистикасида 100 га яқин юк машиналари ва 8 та «Boeing 747» самолёти жалб қилинган. Сценографияда учувчи автомобиллар ва олтин рангдаги механик буқа каби катта конструкциялар қўлланилган.

Турне мини-резиденция форматида ўтказилиб, АҚШ ва Европадаги тўққизта йирик стадионда жами 32 та концерт намойиш этилган.

«Forbes» ҳисоб-китобларига кўра, Бейонсенинг 2025 йилдаги йиллик даромади солиқлардан олдин 148 млн долларни ташкил этган. Даромад манбалари қаторида «Netflix» учун махсус перформанс, реклама шартномалари ҳамда концерт филмини кинотеатрлар орқали тўғридан тўғри тарқатишдан олинган тушумлар ҳам бор.

Teglar

Mavzuga oid