add

Бойсун туманида нефт сизиб чиқиши назоратга олинди — Энергетика вазирлиги

05.01.2026 | 12:052 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) кони яқинидаги ҳудудларда нефт сизиб чиқаётгани ҳақидаги видеолар юзасидан Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Бойсун туманида нефт сизиб чиқиши назоратга олинди — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, 2025 йил декабр ойининг сўнгги кунларида Бойсун тумани ҳудудида жойлашган «М-25» конида таркибида нефт сақловчи суюқликнинг ер юзасига чиқиши ҳолати кузатилган. Ҳолат тегишли идоралар томонидан зудлик билан назоратга олинган.

«Нефт суюқлигининг атроф-муҳитга тарқалишининг олдини олиш мақсадида кон ҳудуди атрофида ҳамда яқиндаги сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилди. Бу чоралар суюқликнинг кенг майдонга ёйилишига йўл қўймасликка қаратилган.

Йиғиб олинган нефт суюқлиги доимий равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳар бири 5 минг куб метр ҳажмга эга бўлган, махсус изоляцияланган иккита шлам ҳовузи мавжуд. Мазкур инфратузилма нефт суюқлигини хавфсиз сақлаш ва келгусида ундан самарали фойдаланиш имконини беради.

Маълум қилинишича, барча ишлар амалдаги саноат ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда. Ҳудудда хавфсизлик техникаси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш меъёрлари қатъий назорат қилинмоқда.

Нефт суюқлигидан олинган намуналар асосида лаборатория таҳлиллари ўтказилмоқда. Ушбу таҳлиллар натижаларига кўра, суюқликни қайта ишлаш ва иқтисодий жиҳатдан мақбул фойдаланиш имкониятлари ўрганилади. Шу билан бирга, кон ҳудудида геологик тадқиқот ишлари ҳам давом эттирилмоқда.

Айни пайтда ҳолат доимий мониторинг остида экани, нефт суюқлиги тўлиқ жиловлангани қайд этилди. Илк кунларда каналга оқиб чиққан нефт қолдиқларини тозалаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар кейинчалик тақдим этилиши маълум қилинди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Vaqt.uz Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) кони яқинидаги ҳудудларда нефт сизиб чиқаётгани айтилган видеоларни эълон қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid