
Эпштейн қамоққа олинишидан олдин бир неча бочка кислота буюртма қилган
Эпштейн олтингугурт кислотасини етказиб бериш бўйича келишувни ФҚБ болаларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадидаги одам савдоси бўйича терговни бошлаган кунда амалга оширган. Шу сабабли ҳам тармоқларда турли даҳшатли тахминлар илгари сурилмоқда.

Эпштейн файллари деб аталган ҳужжатлар тўпламида 2018 йилга оид олтингугурт кислотаси хариди ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди ва бу жамоатчилик орасида турли баҳс ва тахминларга сабаб бўлди. Бу ҳақда «International Business Times»нинг Британия бюроси хабар берди.
Жинсий жиноятларда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн 2018 йилда ўз оролига сифатли саноат олтингугурти кислотасидан 55 галлонлик олтита бочка етказиб беришни тасдиқлагани ҳақида хабар қилинмоқда. Ушбу кимёвий модданинг ҳажми ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар орасида саволлар уйғотди.
ФБР терговидан кейинги кимёвий буюртма
Эпштейн ишига оид ҳужжатларнинг сўнгги тўпламидан жой олган, 2018 йил 6 декабрга саналанган пул ўтказиш сўровида олтингугурт кислотасининг олтита 55 галлонлик бочкаси учун тахминан 5 минг доллар тўланиши кўрсатилган. Бу суммага ташиш учун ёқилғи ва суғурта харажатлари ҳам киритилган.
Ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар ушбу буюртманинг мақсади ҳақида турли тахминларни илгари сурмоқда. Бунга ҳужжат санаси ҳам турки бермоқда. Маълумки, Эпштейн 2019 йил июл ойида вояга етмаганларни жинсий эксплуатация қилишни ташкил этганлик айблови билан ҳибсга олинган ва бир ой ўтиб, қамоқда вафот этган. 2008 йилда ҳам молиячи вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб қилишда айбланган эди. Ўшанда Эпштейн тергов билан келишувга бориб, 13 ойлик қамоқ жазосини олган.
Бошқалар эса бундай фикрларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақириб, олтингугурт кислотаси кўплаб қонуний соҳаларда, масалан, аккумуляторлар, сувни тозалаш тизимлари, саноат жараёнларида қўлланилишини эслатмоқда. Айрим таҳлилчилар олтингугурт кислотаси сув тозалаш ёки тузсизлантириш тизимларида қўлланилиши мумкинлигини таъкидлаб, бу модданинг қонуний ишлатилиш соҳалари мавжуд эканини қайд этди.
Олтингугурт кислотасидан фойдаланиш ҳақидаги суд-экспертлик қарашлари
Олтингугурт кислотаси инсон танасининг барча изларини йўқ қила оладими ёки бу кўпроқ Ҳолливуд филмларидаги бўрттиришми, деган савол ҳали ҳам очиқ қолмоқда. Суд-экспертлари таъкидлашича, олтингугурт кислотаси жуда кучли занглатувчи модда бўлса-да, у моддаларни «бир зумда йўқ қилиб юборувчи сеҳрли восита» эмас.
Шу билан бирга, олтингугурт кислотаси инсон қолдиқларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ҳам мутлақо асоссиз эмас. Айрим манбаларга кўра, у қаттиқ тузилмаларга ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Slate» нашрига кўра, 1940 йилларда «кислота билан боғлиқ қотилликлар»и билан танилган Жон Жорж Ҳейг шу кимёвий моддадан фойдаланганини тан олган. Унинг иши суд-экспертлик амалиётида тарихий мисол сифатида тилга олинади.
Мутахассислар бундай ҳолатларда заҳарли муҳит ва хавфли шароитлар юзага келишини, шу боис бу каби даъволарни муҳокама қилишда амалий жиҳатларга кирмасдан, фақат тарихий ва илмий контекстда ёндашиш кераклигини таъкидлайди.
Ҳимояга муҳтож қурбонларга етказилган даҳшатлар
Хабарларга кўра, Жеффри Эпштейн вояга етмаган болаларни ўзининг хусусий оролига олиб борган. Гувоҳлардан бири аэродромда ишлаган собиқ назоратчи қизлар жуда ёш бўлганини, уларнинг ёши 16 дан ошмаган бўлиши мумкин эмаслигини айтган.
Яна бир ходим Эпштейнни кўп ҳолларда ёш қизлар билан кўрганини тан олган ва бу вақт ўтиши билан ходимлар орасида ҳазил мавзусига айланиб кетганини айтган:
«У ҳар сафар қўниб ёки учиб кетганда, бу масала доим тилга олинарди. «Бу сафар самолётда нечта бола бор экан?» деб ҳазиллашардик», – деган у.
Шу билан бирга, ушбу ходим бу ҳолатлар унда чуқур нафрат ва жирканиш уйғотганини билдирган. Эпштейннинг хусусий оролида ёш қизларга нисбатан зўравонлик содир этилгани ҳақидаги даъволар узоқ йиллар давомида тилга олиб келинган. Қурбонлардан бири уни бой танишларига «вақтинча бергани»ни айтган. Камида тўрт нафар даъвогар ҳам жинсий зўравонликка учраганини маълум қилган.
«Washington Post» нашри ФБРга таяниб хабар қилишича, терговчилар Эпштейннинг вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганини тасдиқловчи етарли далиллар топган. Бироқ, ФБР маълумотига кўра, у нуфузли шахслар учун уюшган жинсий савдо тармоғини бошқарганини исботлайдиган далиллар етарли эмас.





