Ҳар бир жалб қилинган турист учун 100 доллар субсидия ажратилади
Ўзбекистонда туризмни рағбатлантириш учун туристлар, туроператорлар ва авиакомпанияларга янги субсидия ҳамда имтиёзлар жорий қилинди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда 2026 йил 1 июндан бошлаб ҳар йили июн–август ойларида «Очиқ туризм мавсуми» дастури амалга оширилади. Бу Президентнинг 10 июнда қабул қилинган 219-сонли қарорида белгиланган.
Дастур доирасида хорижий давлатлардан Ўзбекистонга янги авиақатновларни йўлга қўйган маҳаллий ва хорижий авиаташувчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Уларга парвозларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида Ўзбекистонга жалб қилинган ҳар бир хорижий турист учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилиши белгиланди. Ҳукумат мазкур механизм орқали мамлакатга келувчи сайёҳлар оқимини сезиларли оширишни мақсад қилмоқда.
Туроператорларга қўшимча рағбат
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон резиденти ҳисобланган туроператорлар учун ҳам қўшимча имтиёзлар жорий этилмоқда. Хусусан, салоҳиятли хорижий бозорлардан жалб қилинган ҳар 1 000 нафар турист учун 5 минг АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.
Шу билан бирга, туроператорлик ва меҳмонхона хизматлари бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи кэшбек шаклида қайтариб берилади. Бу туризм хизматлари таннархини пасайтириш ва соҳанинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур чоралар хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва янги туристик маҳсулотларни шакллантиришга қаратилган.
Блогерлар учун имконият
Туризмни халқаро майдонда тарғиб қилиш мақсадида ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчига эга бўлган 50 нафар хорижий блогер учун Ўзбекистон бўйлаб 7 кунлик бепул турлар ташкил этилади.
Шунингдек, дунёнинг йирик онлайн саёҳат платформаларида мамлакат туристик салоҳиятини реклама қилиш харажатлари ҳам қоплаб берилади.
Аввалроқ туризм оқими паст давлатлардан келтирилган ҳар бир турист учун 20 доллардан 100 долларгача субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилган эди. Бундан ташқари, 2026 йил якунига қадар Малайзия ва Индонезиядан «Умра плюс» дастури орқали келувчи ҳар бир сайёҳ учун туроператорларга 100 доллардан субсидия берилиши ҳам назарда тутилган.





