«Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси доирасида 10 мингдан ортиқ ўқувчи тил сертификатига эга бўлди
«Тошкент тажрибаси» сифатида 2025–2026-ўқув йилидан амалга оширилган лойиҳа доирасида пойтахтдаги барча умумтаълим мактабларининг қарийб 40 минг нафар 11-синф ўқувчиси хорижий тил бўйича қўшимча тайёргарликдан ўтказилиб, уларнинг билим ва амалий кўникмалари мустаҳкамланди.
© sun'iy intelektМактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2025-йил декабридан Тошкент шаҳрида амалга оширилган «Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси ўзининг дастлабки натижаларини берди. Лойиҳа доирасида пойтахтдаги барча умумтаълим мактабларининг қарийб 40 минг нафар 11-синф ўқувчиси хорижий тил бўйича қўшимча тайёргарликдан ўтди.
Вазирлик маълумотига кўра, дастлаб ўқувчиларнинг тил билиш даражасини аниқлаш учун МОCК имтиҳонлари ташкил этилди. Натижалар асосида ўқувчилар билим даражасига қараб гуруҳларга ажратилди ва хорижий мутахассислар иштирокида бепул машғулотлар ўтказилди.
Шунингдек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда иштирокчилар миллий сертификат синовларидан ўтказилди.
10 мингдан ортиқ ўқувчи сертификат олди
Лойиҳа якунига кўра, 10 106 нафар 11-синф ўқувчиси инглиз тили бўйича B1 ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил декабрь ойида хорижий тил сертификатига эга ўқувчилар сони 2 970 нафар бўлган бўлса, 2026-йил 1-июл ҳолатига келиб бу кўрсаткич 17 515 нафарга етган. Бу ярим йил ичида қарийб олти баробар ўсиш дегани..
Лойиҳа кенгайтирилади
2025–2026-ўқув йили давомида республика бўйлаб 1 518 нафар хорижий тил мутахассиси жалб қилинган. Янги ўқув йилидан бошлаб уларнинг сонини 2 минг нафардан ошириш режалаштирилмоқда.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, 2026–2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар орасида 125 354 нафар чет тили бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга.
Шунингдек, барча талаб этиладиган фанлар бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган қарийб 13 минг нафар абитуриент олий таълим муассасаларига қабул жараёнида тест синовларини топширишдан озод этилган.





