Кибержиноятчиликка қарши янги тизим жорий этилади
Ўзбекистонда 2026–2030 йилларга мўлжалланган киберхавфсизлик стратегияси қабул қилинди.

Ўзбекистонда кибержиноятчиликнинг олдини олиш ва ахборот тизимларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган янги чоралар белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2026–2030 йилларга мўлжалланган киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланди. Унда давлат ахборот тизимларини ҳимоя қилиш, кибертаҳдидларни барвақт аниқлаш ва рақамли хавфсизликни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган.
Давлат идораларида янги бўлимлар
Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бир қатор давлат идораларида махсус киберхавфсизлик бўлимлари ташкил этилади. Жумладан, Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасида киберхавфсизликни таъминлаш бўлимлари фаолият бошлайди.
Бу бўлимлар давлат ахборот тизимлари ва рақамли ресурсларни ҳимоя қилиш, киберҳужумларнинг олдини олиш ҳамда хавфсизлик чораларини кучайтириш билан шуғулланади.
Киберхавфсизлик учун алоҳида маблағлар
Янги тартибга кўра, 2026 йил 1 апрелдан давлат органлари ва ташкилотлари киберхавфсизликни таъминлаш учун алоҳида маблағ ажратади. Бу маблағлар бюджет параметрлари доирасида ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан йўналтирилади.
Бу орқали ахборот тизимларини модернизация қилиш, хавфсизлик инфратузилмасини кучайтириш ва замонавий киберҳимоя технологияларини жорий этиш кўзда тутилган.
Мустақил экспертлар жалб қилинади
Фармонда миллий ахборот тизимларининг кибертаҳдидларга бардошлилигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда давлат ахборот тизимларидаги камчиликларни аниқлаш учун мустақил экспертлар иштирокида махсус танловлар ўтказилади.
Ушбу танловлар Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ишлаб чиқиладиган махсус электрон платформа орқали амалга оширилади. Бу тизим орқали ахборот тизимларидаги заиф нуқталар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.





