add

Маскнинг мағлубияти: Tesla қандай қилиб «тахтдан ағдарилди»?

Kecha 22:306 daqiqa

Хитойнинг BYD компанияси электромобиллар бозорида дунё етакчиси сифатида Tesla’ни ортда қолдирди. BYD’нинг бундай юксалиши Хитойнинг саноат миқёси, нарх сиёсатидаги устунлиги ва давлат стратегиясининг изчиллигини намойиш этади. Tesla’нинг суръати пасайиши эса АҚШдаги сиёсий акс-садолар глобал электромобиллар пойгасини қандай ўзгартираётганини кўрсатиб бермоқда.

Маскнинг мағлубияти: Tesla қандай қилиб «тахтдан ағдарилди»?

Хитойнинг BYD компанияси Илон Маскнинг Tesla корпорациясидан ўзиб кетиб, электромобиллар сотуви бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олди. Бу компаниянинг йиллик савдо ҳажми бўйича америкалик рақибини илк бор ортда қолдиришидир.

Ушбу кескин бурилиш нафақат BYD’нинг жадал ўсишини, балки собиқ етакчи — Tesla билан боғлиқ ўзгаришларни ҳам акс эттиради. 2025 йилда Tesla’нинг дунё бўйлаб савдоси деярли 9 фоизга пасайиб, 1,64 миллион автомобилни ташкил этди. Бу компания учун автомобиллар етказиб бериш ҳажми кетма-кет иккинчи йил камаяётганини англатади. Мазкур кўрсаткичлар Tesla’ни BYD’дан кейинги ўринга тушириб юборди. BYD берган маълумотларга кўра, ўтган йили унинг аккумуляторли автомобиллари савдоси деярли 28 фоизга ошиб, 2,25 миллион донадан ошган.

BYD’нинг муваффақиятли юксалиши

Хитойнинг электромобиллар бозори (бунга соф электр ва гибрид моделлар киради) 2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра 40,5 фоизга ўсди ва ушбу тармоқда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳиссаси янада ортди. Geely, MG va BYD каби компаниялар ўз маҳсулотларини таниқли брендларга қараганда арзонроқ нархларда таклиф қилиш орқали Ғарбдаги рақибларига кучли босим ўтказа бошлади.

Хитойнинг ҳар бир бренди улкан ўсишга эришган бўлса-да, айнан BYD 2025 йилда мамлакатнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчисига айланди ва ўзининг энг яқин маҳаллий рақибидан икки баравар кўпроқ бозор улушига ega бўлди. Шенжен шаҳрида жойлашган ушбу компания ўз фаолиятини, айниқса, Лотин Америкаси, Жануби-Шарқий Осиё ва Европанинг айрим қисмларида жадал кенгайтирди. Хусусан, Буюк Британия Хитойдан ташқаридаги энг йирик бозорга айланди — у ерда «Seal U» спорт (SUV) моделининг гибрид версиясига бўлган юқори талаб натижасида сотувлар ҳажми 880 фоизга ошди.

Электромобиллар бозоридаги бундай салмоқли ўсиш Америка ишлаб чиқарувчиларига сиёсий тўсқинликлар таъсир қилаётган бир шароитда юз берди. Айни дамда BYD глобал электромобиллар савдосида мутлақ пешқадамликни қўлга олишга ҳар қачонгидан ҳам яқин турибди.


«Яшил бозор»да электромобилларнинг пайдо бўлиши

BYD глобал электромобил бозори бир қатор кутилмаган ўзгаришларни бошидан кечираётган бир пайтда ушбу жараёнларга шай ҳолатда эди. Гибрид электр транспорт воситалари (HEV) сектори илк бор XX аср охирларида Honda va Toyota каби япон ишлаб чиқарувчиларининг инновациялари туфайли шаклланди. Шахсий транспорт соҳасидаги муҳим қадам сифатида Insight ва Prius (кейинчалик Nissan Leaf) моделлари истеъмолчиларга, агар хоҳиш бўлса, бензин сарфламайдиган автомобилни танлаш имкониятини тақдим этди. Бундай танлов имконияти 1970 йиллардаги ёқилғи инқирози даврида мутлақо мавжуд эмас эди.

Айниқса, Toyota компаниясининг ушбу ўн йилликларда гибрид автомобилларга урғу бериши натижасида, автомобил харид қилиш истеъмолчилар учун ўтиш йилларини қулай ўтказиш билан бирга, ўзининг экологик қарашларини намоён этиш усулига айланди. Энергетик ўтиш даври тарихида гибрид технологияларга (ҳалигача бензин ёқса-да, уни қайта қувватланувчи аккумулятор билан бирлаштирган ҳолда) эътибор қаратилиши ушбу муайян босқичдаги ўзига хос муросадир.

Toyota ушбу ўзгаришни 2001 йилда Prius модели билан бошлади ва кейинчалик бу технологияни ўз таркибидаги аксарият автомобилларга татбиқ этди. Гибрид автомобилларнинг бозордаги муваффақияти ҳозирга қадар электромобилларга таъсир қилаётган сиёсий беқарорликларга бардош бериб келмоқда.

«Prius шунчаки пулни тежайдиган ва бизни ҳавонинг ифлосланишидан ҳимоя қиладиган ажойиб кичик автомобил эди. Ҳукумат Toyota’дан ушбу технологияни ишлаб чиқишни сўрамаган ёки талаб қилмаган. Бу кейинчалик электромобилларга қўйилганидек мажбурий талаб сифатида кўрилмаган»,  деди Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигида (EPA) ишлаган ва Обама давридаги ёқилғи тежаш стандартларини ишлаб чиққан Марго Оге.

Мухтасар қилиб айтганда, АҚШда Байден маъмурияти давридаги федерал буйруқлар ва чегирмалардан фарқли ўлароқ, гибрид автомобил танлови — электромобиллардан фарқли ўлароқ — бутунлай истеъмолчиларнинг шахсий хоҳишлари ва тушунчаларига асосланган эди.

Prius ушбу ўтиш даврининг туб бурилиш ясаган воситаси сифатида ёдда қолса-да, Tesla муқобил қувватли автомобил имкониятини истеъмолчиларнинг одатий устуворликлари, яъни услуб ва нуфуз билан бирлаштирган биринчи ишлаб чиқарувчи бўлди. Айрим давлатлар ўзлари учун барқарор келажак яратиш мақсадида муқобил энергия стратегияларини белгилаб олаётган бир пайтда, Tesla XXI аср бошларида шаклланган «яшил бозор»нинг бир қисми сифатида жисмоний шахслар сотиб олиши мумкин бўлган маҳсулотларга асосий эътиборни қаратди.

«Яшил» истеъмолчилар сони камлиги сабабли етарли савдо ҳажмини таъминлаш мушкул бўлган илк даврлардан сўнг, Tesla шиддат билан ўзгараётган автомобил бозорида етакчига айланди. Фақатгина электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган илк компания сифатида Tesla ўз маҳсулотларини одатий дилерлик тармоқлари орқали эмас, балки асосан нуфузли савдо марказларида сотишни йўлга қўйди. Махсус киосклар ёрдамида мижозлар автомобил дизайнини ўз хоҳишларига кўра шакллантиришлари ва буюртма беришлари мумкин эди; тайёр автомобил эса тўғридан-тўғри эгасига етказиб бериларди.

Ушбу ёндашув ҳашаматли транспортнинг оқилона муқобилини излаётган, билимли ва юқори даромадли истеъмолчилар қатламига эътибор қаратиш ҳамда уларнинг эҳтиёжларини кўнгилдагидек қондиришга хизмат қилди. Кўплаб мамлакатларда Tesla қувватлаш станциялари ҳамда автомобилларни ҳаракат давомида қувватлантириш имконини берувчи махсус материаллардан тайёрланган йўл қопламалари каби инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритиш орқали ҳам савдо ҳажмини рағбатлантирди.

2019 йилда Tesla Норвегияда (барча турдаги автомобиллар орасида) энг кўп сотилган брендга айланди. Мамлакат эса 2025 йилга бориб барча автотранспорт воситаларини тўлиқ электр қувватига ўтказишни мақсад қилиб қўйди. Ҳашаматли автомобилларга бўлган қизиқишни энг замонавий электр двигателлар билан бирлаштира олган илк ишлаб чиқарувчи сифатида Tesla бошқа автоконцернлар электрлаштириш жараёнида интилаётган юқори мезонни белгилаб берди. Tesla дастлабки электромобилларга ўзига хос жозиба ва нуфуз бағишлади; ваҳоланки, унгача бўлган электромобиллар кўпинча оддий голф-карларнинг яқин қариндошидек тасаввур қилинар эди.

Tesla 2020 йилда ярим миллион автомобил сотиб, ҳайратланарли натижа қайд этди.


АҚШдаги энергетик ўтиш жараёнининг ўзгариши

Албатта, инновациялар автомобил саноати тарихининг бир қисми эди, холос. 2024 йилги АҚШ президентлик сайловлари арафасида энергетик ўтиш жараёни ўз йўналишини деярли белгилаб олгандек кўринарди. Аксарият номзодлар ушбу маданий ўзгаришни муваффақиятли президентлик кампаниясининг самарали таркибий қисми деб ҳисоблаган бўларди, бироқ Доналд Трамп бундай қилмади.

Ўзгаришларга бўлган оммавий қизиқишнинг ортиб боришига қарамай, Трамп энергетик ўтишни ўзи қаршилик кўрсатиши керак бўлган «назоратдан чиққан маданий ўзгаришлар» рўйхатига киритди. Лавозимга киришганининг биринчи кунидаёқ у «энергетика соҳасидаги фавқулодда ҳолат» эълон қилувчи ижроия фармонини имзолади. Бу билан у федерал ҳукуматнинг қазилма ёқилғиларни ўзлаштириш борасидаги кўмагини кенгайтириб, тоза энергия лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни чеклади. Ўзининг биринчи йилги фаолияти давомида Трамп нефт ва газ қазиб олиш учун бир миллиард акрдан ортиқ федерал ер ва сув ҳудудларини очиб берди, табиий газда ишлайдиган электр станциялар ҳамда ёпилиши кутилаётган эски кўмир заводларига оид қоидаларни бекор қилди. Шунингдек, қуёш ва шамол энергияси лойиҳалари учун ажратилган субсидиялар ва давлат кўмагини тўхтатди.

Гарчи бу саъй-ҳаракатларнинг ўзи энергетик ўтишни вақтинча тўхтатиб қўйиш учун кифоя қилса-да, Трампнинг транспорт соҳасидаги қадамлари айниқса кескин бўлди. Аввало, маъмурият 1978 йилда жорий этилган бензинли енгил ва юк автомобилларининг ёқилғи тежамкорлиги бўйича қоидаларини бекор қилди ёки тўсиб қўйди.

Гибрид автомобиллар (HEV) бозоридаги инновацияларнинг чекланиши — айниқса, Tesla асосчиси Илон Маск янги маъмуриятнинг муҳим таркибий қисмига айланган бир пайтда — кўплаб сиёсий таҳлилчиларни ҳайратда қолдирди. Қайта тикланувчи энергия ва гибрид автомобилларга бўлган қизиқишни «либерал» ёки Демократлар партиясининг мақсади деб талқин қилиб, Трамп маъмурияти Америка электромобиллар секторининг кенгайишини вақтинча бўлса-да секинлаштирди. Бу эса ўз навбатида BYD ва бошқа ишлаб чиқарувчилар учун қулай имконият яратиб берди.

Teglar

Yulduz Abdurashidova

Yulduz AbdurashidovaMaqolalar soni: 340

Barchasi

Mavzuga oid