
Мирзиёев Тошкент шаҳри қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди
Президент ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
© Фото: president.uz Шавкат Мирзиёев 27 январ куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди. Ташриф доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёти, шунингдек, мол-мулки дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳамда соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Президентнинг 2025 йилда қабул қилинган фармон ва қарори ижроси доирасида Қўриқлаш департаменти Миллий гвардия тизимидан ички ишлар органлари тизимига ўтказилгани таъкидланди. Бу қарор соҳада ягона бошқарувни таъминлаш, тезкорликни ошириш ва жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. Шу асосда департамент фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилиб, тизимли чора-тадбирлар кўрилган.
Техник қўриқлаш ва маҳалла хавфсизлиги
Техник қўриқлашни ташкил этиш ва аҳолига хизмат кўрсатишнинг янги тизимлари жорий этилди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг йўлакларига «ташвиш» тугмалари ўрнатилиши натижасида қўриқлаш нарядлари қамровидаги хонадонлар сони кескин ошган. Шу билан бирга, ҳимоя ордери берилган аёллар хавфсизлигини таъминлаш амалиёти йўлга қўйилгани қайд этилди.
Ички ишлар органларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорликда объект ва хонадонларни қўриқловга олиш тизими мустаҳкамланди. Бу чоралар самараси ўлароқ, қўриқланаётган объектлар сони бир йилда 99 фоизга, қўриқдаги хонадонлар сони эса 118 фоизга ошган. Шунингдек, техник қўриқлаш марказлари сони 19 тага, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар сони эса 15 фоизга кўпайган.
«Хавфсиз шаҳар» концепцияси амалда
Президент хизмат биноси ҳовлисида қўлланилаётган махсус техника воситалари, дронлар манёври ва жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспорт воситаларини кўздан кечирди. Шундан сўнг қўриқлаш техника воситаларининг кўргазмали тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда «Хавфсиз шаҳар» концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил ахборот берилди. 2023 йилда қабул қилинган қарор асосида республика бўйлаб ушбу концепция босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Кўргазма майдончасида турли турдаги видеокузатув тизимлари ва камераларнинг реал вақтда ишлаши намойиш этилди.
Айланма камералар, юз қиёфаси орқали шахсни аниқловчи ҳамда давлат рақам белгисини таниб олувчи интеллектуал камераларнинг имкониятлари кўрсатилди. Бу ускуналар маҳаллалар, жамоат жойлари, таълим муассасалари, шунингдек, шаҳар ва туманларнинг кириш-чиқиш нуқталарига ўрнатилмоқда.
Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект
Бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида ишловчи «Қалқон» ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган. У ҳудудларни онлайн кузатиш, тезкор қидирув ишларини олиб бориш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни «иссиқ изидан» фош этишга хизмат қилмоқда.
Президент ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонлар ҳолатини ўрганиб, хавфсизликни таъминлаши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Тошкент мегаполис эканини инобатга олган ҳолда, қонунбузарлик ва жиноят омилларини мунтазам таҳлил қилиш талаб этилди.
Киберхавфсизлик ва кадрлар масаласи
«Хавфсиз шаҳар» доирасида ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 минг 750 та интеллектуал камера ҳамда 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими фаолият юритмоқда. Ушбу тизимлар бюджет маблағларини тежашга ҳам хизмат қилаётгани қайд этилди.
Мирзиёев жиноятчилик шакллари ўзгариб бораётгани, айниқса киберхавфсизлик соҳасида таҳдидлар ортиб бораётганини таъкидлаб, бу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш, банк ва ички ишлар органлари ходимларини мунтазам ўқитиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, видеокузатув тизимларини самарали бошқариш учун мутахассислар тайёрлаш муҳим экани қайд этилди.
Ташриф якунида «Хавфсиз кўча», «Хавфсиз йўлак» ва гастрономик йўлакларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, қўриқлаш хизмати ходимларини ўқитиш ва ситуатсион марказ фаолияти билан ҳам танишилди.





