«НАТО 3.0»: Россия ва Украина алянс қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда
Анкарада бўлиб ўтаётган НАТО саммити ташкилот тарихидаги энг муҳим трансформация жараёнларидан бирини ўзида мужассам этмоқда. Россиянинг Украинага қарши уруши алянс қиёфасини «НАТО 3.0» концепциясига қадар ўзгартирди.

7-8 июл кунлари Анкарада бўлиб ўтадиган НАТО саммити Украина масаласида тарихий ва ҳал қилувчи қарорлар қабул қилинган анжуман сифатида тарихда қолмаслиги мумкин. Украинанинг алянсга қўшилиши бу галги олий даражадаги учрашувнинг бош мавзуси бўлмайди. НАТОга аъзо давлатлар бундан бир йил олдин Гаагада қабул қилинган қарорларнинг ижросини кўрсатиш учун Туркияда тўпланди. Яъни, Европа ўз мудофааси учун масъулиятни кўпроқ ўз зиммасига олмоқда, НАТО эса Россия билан узоқ муддатли ва барқарор қарама-қаршиликка мослашиб, бутунлай қайта шаклланмоқда. Брюсселда бу жараёнга «НАТО 3.0» номи берилган.
Россиянинг Украинага қарши тўрт йилдан ортиқ вақтдан бери олиб бораётган кенг кўламли уруши НАТОнинг қиёфасини ҳам ўзгартириб юборди. Агар илгари ташкилот учун Европа чегараларидан узоқдаги ҳарбий амалиётлар асосий вазифа бўлган бўлса, эндиликда иттифоқчилар яна ўз ҳудудларини биргаликда ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқда. Бу ўринда гап фақат мудофаа харажатларини ошириш ҳақида эмас, балки ҳарбий саноатни ривожлантириш, ҳарбий режаларни қайта кўриб чиқиш ва янги технологияларни тезкорлик билан жорий этиш каби трансформациялар ҳақида бормоқда.
Украина НАТОни қандай ўзгартирмоқда?
Агар Россия НАТОни янги урушга тайёргарлик кўришга мажбур қилаётган бўлса, Украина рус тажовузини қандай қилиб самарали қайтаришни аллақачон билади. Шу боис, Киев Анкарадаги саммитда Украинанинг алянс хавфсизлигига ҳисса қўшаётган давлат сифатида эътироф этилишига эришмоқчи.
«Украинанинг сиёсий жиҳатдан фақатгина ёрдам олувчи эмас, балки хавфсизлик таъминотчиси (security contributor) сифатида тан олиниши биз учун жуда муҳим», — дейди Украинанинг НАТОдаги миссияси раҳбари Алена Гетманчук DW нашрига.
Унинг таъкидлашича, Анкара саммити Украина мазкур янги мақомда тўлақонли иштирок этадиган дастлабки анжуман бўлади ва Киев бу ҳақиқат якуний декларацияда ўз аксини топишидан умидвор.
Сўнгги бир йил ичида бу мақом шунчаки сиёсий ибора бўлиб қолмади. Украина ҳарбийлари аллақачон НАТО ва Украинанинг қўшма маркази (JATEC) фаолиятида, шунингдек, алянснинг жамоавий мудофаа сценарийлари бўйича машғулотларида қатнашмоқда. Бундан ташқари, улар жанг майдонида орттирилган тажрибаларни НАТО доктриналари ва ҳарбий режалаштириш жараёнига татбиқ этишга кўмаклашмоқда.
«Украина аста-секин Европа учун хавфсизлик таъминотчисига айланиб бормоқда», — дейди Мартенс марказининг хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Ионела Чиолан.
НАТО Украинадан нимани ўрганмоқда?
Шимолий Атлантика алянси ҳақиқатан ҳам Украина тажрибаси таъсирида ўзгаряпти. Ионела Чиоланнинг сўзларига кўра, бу жараён эндигина суръат олмоқда ва алянс ҳали кўплаб сабоқларни ўзлаштириши керак.
Гап, энг аввало, замонавий жанг тажрибаси ҳақида бормоқда. Таҳлилчининг фикрича, айнан Украина Россиянинг қандай жанг қилаётганини, тактикаси қай тарзда ўзгараётганини ва рус армиясининг заиф томонлари нимада эканини ҳаммадан кўра яхшироқ тушунади.
Инновацияларни ўзлаштириш тезлиги ва янги технологияларни дарҳол жорий этиш қобилияти ҳам жуда муҳим.
Чиоланнинг таъкидлашича, Украина мудофаа саноати, ҳарбийлари ва муҳандислари ягона, мослашувчан тизим сифатида ишлашни ўрганган. НАТО давлатларида эса кўплаб жараёнлар ҳамон йилларни талаб қилади.
Бироқ экспертнинг таъкидлашича, бу урушда фақатгина Украина тез мослашаётгани йўқ. Россия ҳам муттасил равишда ўз тактикаси ва қурол-яроғларини ўзгартириб бормоқда. Шу сабабли бугун чиқарилган хулосалар эртагаёқ эскириб қолиши ҳеч гап эмас.
Украина Олий Радасининг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка масалалари қўмитаси котиби Роман Костенконинг сўзларига кўра, Россия аллақачон ўз армиясини уруш олиб боришнинг янги усулларига мослаштириб бўлган. Шу боис НАТО ҳам ўзининг ҳарбий концепциясини мунтазам равишда янгилаб бориши шарт.
«НАТОнинг расмий рақиби бу урушдан аллақачон тегишли хулоса чиқарган Россия бўлиб қолмоқда... », — дейди Костенко.
Полковникнинг сўзларига кўра, алянсга аъзо кўплаб давлатларнинг армиялари ҳамон эски концепция ва қурол-яроғларга таянмоқда. Ваҳоланки, Россиянинг Украинага қарши уруши уларнинг қанчалик самарали эканини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Масалан, танклар ҳали ҳам муҳим аҳамиятга эга, аммо улардан аввалгидек фойдаланиб бўлмайди. Чунки дронларнинг оммавий қўлланилиши жанг майдонини тубдан ўзгартириб юборган.
Бу ўзгаришлар нафақат қурол-яроғларга, балки жанг майдонидаги хавфсизлик тушунчасига ҳам таъсир кўрсатди. Илгари фронт чизиғидан бир неча километр узоқликда ҳам аскар ўзини нисбатан хотиржам ҳис қила олган бўлса, бугунги кунда дронлар ўнлаб километр ичкарига зарба бериш имконига эга. Бу эса амалда «хавфсиз фронт орти» деган тушунчани йўққа чиқарган.
https://www.dw.com/ru/kak-rossia-menaet-sut-nato-a-ukraina-budusee-alansa/a-77856895
Тэглар:
SEO title: Meta description:




