Logo

«Нолдан» қуриладиган энергетика тизими, «Ташаббусли бюджет» бўйича огоҳлантирилган блогерлар ва эскроу тизими сабаб ошиши мумкин бўлган уйлар — 28 июл дайжести

Bugun 22:203 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Нолдан» қуриладиган энергетика тизими, «Ташаббусли бюджет» бўйича огоҳлантирилган блогерлар ва эскроу тизими сабаб ошиши мумкин бўлган уйлар — 28 июл дайжести

Рақобат қўмитаси «Ташаббусли бюджет» бўйича блогерларни огоҳлантирди

Рақобат қўмитаси фуқароларни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида овоз бериш эвазига пул ваъда қилаётган норасмий Telegram-ботлар ва рекламаларга ишонмасликка чақирди. Қўмитага кўра, лойиҳада овоз бериш мутлақо ихтиёрий бўлиб, бунинг учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва моддий рағбатлантириш берилмайди.

Ўрганишлар давомида айрим блогерлар норасмий ботларни тарғиб қилгани аниқланган. Уларга огоҳлантириш берилган ва қонунчиликка зид рекламалар олиб ташланган. Қўмита овоз бериш фақат «Очиқ бюджет» портали, унинг мобил иловалари ва расмий Telegram-боти орқали амалга оширилишини эслатиб, фуқароларни фақат расмий манбалардан фойдаланишга чақирди.

Ўзбекистонда Саудия Арабистони иштирокида кўп тармоқли шифохона қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Фаҳад бин Абдулраҳмон ал-Жалажил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Ўзбекистонда Саудия иштирокида кўп тармоқли шифохона қуриш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар тиббиётни рақамлаштириш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва соҳа инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Учрашув якунида ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишилди.

Ўзбекистон энергетика тизимини «нолдан қуриш» режалаштирилмоқда

Президент раҳбарлигидаги йиғилишда энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича янги вазифалар белгиланди. Янги энергетика вазири Шерзод Ходжаев уч ой ичида электр ва газ инфратузилмасини тўлиқ таҳлил қилиб, тармоқларни модернизация қилиш, техник йўқотишларни камайтириш, рақамлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий этиш бўйича янги дастур тайёрланишини маълум қилди.

«Ҳудудий электр тармоқлари»нинг янги раҳбари Сардор Исақулов эса мамлакат энергетика тизимини амалда «нолдан қуриш» вазифаси қўйилганини айтди. Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарликни сентябргача якунлаш, электр узилишларини камайтириш, бошқарувни тўлиқ рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш тизимини янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Эскроу тизими уй-жой нархини ошириши мумкин — Адлия вазирлиги

Олий Мажлисда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига кўра, кўп квартирали уйлар қурилишида эскроу ҳисобварақлари жорий этилади. Янги тизимда харидорларнинг маблағи қурилиш якунланмагунча банкда сақланади. Адлия вазирлигига кўра, бу фуқаролар маблағини ҳимоя қилади, аммо девелоперлар айланма маблағ учун банк кредитларини жалб қилишига тўғри келиши сабаб уй-жой нархи ошиши эҳтимоли мавжуд.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида таҳлил қилинган 129 та шартноманинг 84 фоизида кафолат муддати, 51 фоизида эса объект ўз вақтида топширилмаса, қурувчининг жавобгарлиги белгиланмагани аниқланган. Муаллифлар фикрича, эскроу тизими айнан шундай ҳуқуқий хавфларни камайтириш ва улушдорлар маблағини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Швейцария суди «Lombard Odier» банкини Ўзбекистонга оид иш бўйича жаримага тортди

Швейцария суди «Lombard Odier» хусусий банкини пул ювишнинг олдини олиш бўйича етарли чора кўрмагани учун 3 миллион Швейцария франки жаримага тортди ҳамда 400 миллион франкдан ортиқ маблағ ва активларни мусодара қилишга қарор қилди. Банкнинг собиқ ҳисоб менежерига эса 24 ойлик шартли қамоқ жазоси тайинланди. Иш Гулнора Каримова билан боғлиқ маблағларни ювиш схемаси юзасидан олиб борилган.

Шу билан бирга, Швейцария суди Гулнора Каримовага нисбатан ишни тўхтатди. Суд бу қарорни уни Швейцарияга олиб келиш имкони йўқлиги ва даъво муддати тугаши билан изоҳлади. Каримова Ўзбекистонда коррупция ва бошқа жиноятлар бўйича бир нечта ҳукмлар асосида жазо ўтамоқда.

Teglar

Mavzuga oid