Logo

Швейцария суди Ўзбекистон билан боғлиқ пул ювиш иши бўйича «Lombard Odier» банкини жаримага тортди

Бугун 13:053 дақиқа

Шу билан Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёни тўхтатилди. Швейцария прокуратураси Каримовани пора олишда ва «Офис» деб аталган жиноий гуруҳни бошқаришда айблаган эди.

Швейцария суди Ўзбекистон билан боғлиқ пул ювиш иши бўйича «Lombard Odier» банкини жаримага тортди © Reuters

27-июль куни Швейцария суди «Lombard Odier» хусусий банкини пул ювишнинг олдини олиш бўйича етарли чоралар кўрмагани учун 3 миллион Швейцария франки (тахминан 3,68 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёни тўхтатилди. Швейцария прокуратураси Каримовани пора олишда ва «The Office» (Офис) деб аталган жиноий гуруҳни бошқаришда айблаган эди. Терговчиларнинг фикрича, бу гуруҳ 2005–2013-йиллар оралиғида юзлаб миллион доллар ноқонуний маблағларни Швейцариядаги банк ҳисобларига ўтказган.

Женевада жойлашган «Lombard Odier» банки ва унинг собиқ ходими Каримованинг ноқонуний фаолиятидан тушган пулларни яширишга ёрдам берганликда гумон қилинган. Суд жараёни апрель ойида бошланган эди. Суд баёнотида айтилишича, «Lombard Odier» банки пул ювишнинг олдини олиш учун «барча зарур ва оқилона ташкилий чораларни кўрмагани» сабабли жаримага тортилган. Бундан ташқари, суд 400 миллион франкдан ортиқ маблағ ва активларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди. Банкнинг собиқ ҳисоб менежерига эса 24 ойлик шартли қамоқ жазоси берилди.

Каримова Ўзбекистонда коррупция иши бўйича қамалган

«Lombard Odier» банки 27-июль куни берган баёнотида, бу иш 2012-йилда банкнинг ўзи шубҳали ҳолатлар ҳақида Швейцария расмийларига хабар берганидан кейин бошланганини айтди. Банк ўша пайтда кучли ички назорат ва пул ювишга қарши тизимлари бўлганини таъкидлади ҳамда суд қарорига апелляция беришини билдирди.

54 ёшли Гулнора Каримова — Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи. У барча айбловларни рад этиб келган. Каримова 2019-йилда Ўзбекистонда уй қамоғи шартларини бузганидан кейин қамоққа олинган.

Швейцария суди Каримовага қарши ишни тўхтатганини айтди. Сабаби унинг Швейцарияга олиб борилиши ёки экстрадиция қилиниши эҳтимоли йўқ эди ва иш бўйича даъво муддати тугаб кетиши кутилган. Россияда яшовчи Б. исмли яна бир гумондорга нисбатан ҳам иш тўхтатилган. Чунки у ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра Швейцарияга боролмаган.

Суд банк ва унинг ходимига берилган жазоларни жиноятлар содир бўлганидан бери кўп вақт ўтганини ҳисобга олиб камайтирган. 2011-йил июлидан олдинги воқеалар бўйича айбловлар эса даъво муддати тугагани сабабли бекор қилинган.

Каримовага очилган жиноят ишлари

Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013-йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015-йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017-йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020-йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025-йилнинг январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулнора Каримова активларидан молиялаштирилган илк лойиҳа якунланганди. Унга Каримованинг Швейцариядан қайтарилган активларидан 43,5 млн доллар йўналтирилганди.

Теглар

Мавзуга оид