
Ўзбекистон сиёсий элитаси — 2025: Янги тандемлар ва ўзгарган бошқарув
2025 йилда Ўзбекистонда шу қадар кўп тайинлов, истеъфолар юз берди, ваколатлар қайта тақсимландики, ким қаердан қаерга ўтганини адаштириб юбориш осон.
Бу йил давлат бошқаруви тизимида нафақат шахслар алмашди, балки таъсир марказлари, қарор қабул қилиш даражалари ва институционал вазн ҳам ўзгарди. Илгари кўплаб стратегик қарорлар соҳавий вазирликлар даражасида шаклланиб, кейин юқорига чиқарилар эди, 2025 йилда эса асосий қарорлар бевосита Президент Администрацияси ичида — маслаҳатчилар, ўринбосарлар ва махсус вакиллар орқали қабул қилина бошлади.
Президент Администрацияси қайта йиғилди, айрим амалдорлар йиллар ўтиб тизимга қайтди, айримлари эса жимгина сиёсий саҳнадан чиқиб кетди.
Ушбу мақолада 2025 йил давомида Ўзбекистонда кимлар юқори лавозимларга келгани, кимлар ўз курсисини бўшатгани ва қайси тайинловлар бутун бошқарув тизимида кучлар мувозанатини ўзгартирганини сиз билан бирга кўриб чиқамиз.
Саида Мирзиёева ва Администрациянинг янги конфигурацияси

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон сиёсий иерархиясида энг кўп тилга олинган ва фаолияти институционал ўзгаришлар марказида бўлган шахс, шубҳасиз, Саида Мирзиёева бўлди. Унинг йил давомидаги фаолияти давлат бошқаруви аппаратининг мутлақо янги конфигурацияга ўтганини кўрсатди. Йилнинг биринчи ярмида Президент ёрдамчиси сифатида фаолиятини давом эттирган Саида Мирзиёева 23-июн куни эълон қилинган фармон билан Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланди.
Бу тайинлов 2023 йил августида тугатилган лавозимнинг нафақат қайта тикланиши, балки унинг фунционал ваколатларининг кескин кенгайиши билан ҳамоҳанг кечди. Унинг 2025-йилдаги роли фақат ички маъмурий масалалар билан чекланиб қолмади. Хусусан, 6-ноябр куни бўлиб ўтган «Марказий Осиё-АҚШ» («C5+1») саммити доирасида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида янги тузилма — Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилди. Мазкур стратегик органнинг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси вазифаси айнан Саида Мирзиёевага юклатилди. Бу унга Ўзбекистоннинг АҚШ билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини бевосита мувофиқлаштириш ҳамда икки давлат бизнес доиралари ўртасидаги алоқаларни бошқариш ваколатини берди. Бундай мақом унинг давлат иерархиясидаги ўрнини нафақат маъмурий раҳбар, балки халқаро миқёсдаги асосий музокарачи даражасига кўтарди.
2023-йилда тугатилган Президент Администрацияси раҳбари лавозими қайта тикланишидан сўнг, Администрация фаолияти 5 та устувор йўналишга ихтисослашди:
1. Таълим;
2. Бизнес ва тадбиркорлик;
3. Суд-ҳуқуқ тизими;
4. Тиббиёт;
5. Сув ресурслари.
Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди. Улардан бирини 2022 йилдан бери мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлиб келган Ҳилола Умарова эгаллади. Вазир Умарова эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосарига айланди. Иккинчиси эса сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Темур Бутунбоев. У Саида Мирзиёеванинг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлди, шу туфайли ўтган йилнинг февралидан буён ишлаб келаётган “замминистр”лик лавозимидан кетди. Кейинги ўринбосар эса тадбиркорлик лойиҳалари бўйича бўлиб, унга Шерзод Озодзода тайинланди ва шу муносабат билан Президент Администрациясидаги иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилди. Қолган икки ўринбосар – Нодира Ҳакимова ҳамда Тамила Алиева бўлиб, улардан Ҳакимова суд тизимини, Алиева эса тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосар сифатида иш бошлади. Президент Администрацияси раҳбари котибияти мудири этиб Дилноза Зиёмуҳаммедова тайинланди. У шу пайтгача Президент ёрдамчиси котибияти мудири эди.

Фото: Prezidenti matbuot kotibi
Администрация раҳбарияти шаклланиши билан бирга, Президент маслаҳатчилари таркиби ҳам қайта кўриб чиқилди: Аввалроқ махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчи лавозимида бўлган Сардор Умурзоқов, июлдаги ўзгаришлардан сўнг Президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. У 2023 йилнинг август ойида Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилганидан сўнг Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва шундан бери у ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди.
2025- йилда собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг мақоми янада мустаҳкамланди. У 2022-йилдан буён эгаллаб келган Махсус вакил лавозимидан озод этилиб, Президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Шунингдек, собиқ адлия вазири Русланбек Давлетовнинг фаолияти янги йўналишга бурилди. У ижтимоий-сиёсий ва диний масалалар бўйича маслаҳатчиликдан Вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимига ўтказилди. Ижтимоий ҳимоя соҳасида эса Мансурбек Оллоёровнинг ваколатлари кенгайтирилди. У нафақат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, балки Президентнинг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси мақомини ҳам олди. Равшан Ғуломов иқтисодий ривожланиш масалаларидан бевосита Иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи лавозимига ўтди. Кадрлар масаласида эса Ғофуржон Мирзаевнинг мақоми янгиланди — у эндиликда нафақат Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (АРГОС) директори, балки Кадрлар бўйича маслаҳатчи сифатида давлат аппаратидаги интизом ва селекцияга масъул этиб белгиланди.
Алламжоновнинг қайтиши: «Стратегик тандем» ва океан орти миссияси

Фото: Президент администратцияси
2025-йилнинг 23-июн санаси Ўзбекистон сиёсий элитаси учун яна бир муҳим воқелик билан ёдда қолди: деярли тўққиз ойлик танаффусдан сўнг Комил Алламжонов яна Президент Администрацияси йўлакларида кўриниш берди. Дастлаб Админстрация раҳбарининг жамоатчилик асосидаги мустақил маслаҳатчиси этиб тайинланган Алламжонов, йил якунига келиб мамлакатнинг АҚШ билан муносабатларидаги энг стратегик фигуралардан бирига айланди. Жорий йилнинг 12-ноябрида Президент фармони билан Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиши ортидан, Комил Алламжоновга мутлақо янги мақом берилди. У Президент Админстрацияси раҳбарининг фармойишига биноан Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили — маслаҳатчи-элчи лавозимига тайинланди.
Бу лавозимнинг ўзига хослиги шундаки, Алламжонов 2026-йил 1-январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасида фаолият юритса-да, бевосита Админстрация раҳбари — Саида Мирзиёевага ҳисобдор бўлади. Энди инвестициявий ва сиёсий келишувлар узоқ давом этадиган дипломатик каналлар орқали эмас, балки бевосита Администрация раҳбарига етказилади. Эътиборли жиҳати, Кенгашга Ўзбекистон томонидан Саида Мирзиёева, АҚШ томонидан эса Сержио Гор (Президентнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили) раислик қилиши белгиланган бўлиб, Алламжонов ушбу мулоқотнинг асосий "механизми" вазифасини бажаради.
Ҳокимлар корпусидаги лавозимлар алмашинуви ва рекордлар

Фото: President.uz
2025-йилнинг январ ойи ҳокимлар корпусида йилнинг энг шов-шувли "рокировкаси" билан бошланди. 22-январ куни Эркинжон Турдимов 2022-йилдан буён вилоятни бошқариб келган Акмалжон Маҳмудалиевнинг ўрнига Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 4-декабр куни у расман лавозимга тасдиқланиши билан Ўзбекистон тарихидаги энг ноёб кўрсаткични қайд этди: хусусан, у Навоий, Сурхондарё, Самарқанд ва эндиликда Сирдарё вилоятларига раҳбарлик қилган илк "рекордчи" ҳокимга айланди. Агар унинг Хатирчи туманидаги 8 йиллик фаолиятини ҳам қўшсак, бу Турдимов учун бешинчи йирик раҳбарлик курсисидир.
2025-йил якунига келиб, фақат Сирдарёда эмас, балки бошқа вилоятларда ҳам раҳбарлар корпуси қайта кўриб чиқилди. Хусусан, 2-декабр куни Улуғбек Мустафоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди. У ушбу лавозимда 2016-йилдан буён ишлаб келган Эргаш Салиевнинг ўрнини эгаллади. Турдимовнинг Самарқанддаги мавқе Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Адиз Бобоевга насиб қилди. У 25-ноябр куни расман Самарқанд ҳокими этиб тасдиқланди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Андижон вилоятида вазият барқарорлигича қолмоқда. 2013-йилдан буён вилоятни узлуксиз бошқариб келаётган Шуҳрат Абдураҳмонов замонавий Ўзбекистон тарихида энг узоқ вақт бир лавозимда ўтирган ҳоким сифатида 2025-йилда ҳам ўз позициясини сақлаб қолди. Ёдимга тусбҳганда айтиб кетай, Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор ҳокимларни халқ сайлайдиган тизимга ўтиш кераклигини айтган бўлса-да, амалда ҳали ҳам ҳокимлар Президент томонидан тайинланади, номзоди халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади.
Шерзод Қудбиевнинг шаҳарсозликаги миссияси
20-ноябр куни Ўзбекистон кадрлар сиёсатида йилнинг энг кутилмаган бурилишларидан бири юз берди. Шерзод Қудбиев Солиқ қўмитаси раислигидан озод этилиб, янги ташкил этилган Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси этиб тайинланди. У энди Ўзбекистоннинг 2040-йилгача бўлган урбанизация стратегияси, ипотека бозорини 56 млрд долларга етказиш ва "Янги Ўзбекистон" массивлари қурилишини мувофиқлаштириш учун шахсан масъул бўлади. Солиқ қўмитасининг бўшаб қолган раислик курсисини эса 2022-йилдан буён Кадастр агентлигини бошқариб келган Фаррух Пўлатов эгаллади. У 1979-йилда туғилган, прокуратура ва солиқ жиноятларига қарши курашиш департаментида (ҳозирги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти) тажриба тўплаган мутахассис.
Институционал қатламлашув
2025-йилнинг ёзи Президент Администрациясида амалга оширилган навбатдаги институционал “қатламлашув” билан якунланди. 30-июл куни эълон қилинган фармонлар Администрациянинг нафақат юқори, балки ўрта ва қуйи бошқарув бўғинларида ҳам вазифалар қайта тақсимланаётганини кўрсатди. Бу гал эътибор марказида Президент маслаҳатчилари институти ва уларнинг ўринбосарлари турди. Янги тузилмага мувофиқ, лавозим номлари қайта шакллантирилди, айрим фунционал йўналишлар эса алоҳида блокларга ажратилди.

Фото: Qalampir.uz
Кадрлар сиёсати йўналишида муҳим ўзгариш сифатида кучишлатар тизим вакили Пўлат Бобожоновнинг Президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланишини қайд этиш мумкин. Ички ишлар вазири сифатида қарийб саккиз йиллик тажриба орттирган Бобожонов 2025-йил март ойидан буён кадрлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосар сифатида фаолият юритиб келаётган эди. 2025-йилда амалга оширилган йирик кадрлар ислоҳоти доирасида Азиз Мағруповнинг фаолиятида ҳам кетма-кет ўзгаришлар кузатилди. 2025-йилнинг 23-июн куни Администрация тузилмаси янгиланганда, у Президент ёрдамчиси лавозимидан Президентнинг ташқи инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган эди. Орадан бор-йўғи бир ой ўтиб, у Президентнинг ташқи инвестициялар бўйича вакили лавозимига ўтказилди.
30-октябр кунги янги фармон билан Азиз Мағруповнинг фаолият йўналиши яна ўзгарди. У Президентнинг ҳудудий ривожланиш бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Галина Саидова Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида қайта тайинланди. Унинг фаолияти сўнгги йилларда номлар ўзгарган, аммо мазмунан сақланиб қолган иқтисодий бошқарув вертикалининг давомийлигини таъминлаб келмоқда. Шу йўналишда Обид Ҳакимовнинг ҳам лавозими қайта аниқлаштирилди: у иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи ўринбосари мақомини сақлаб қолган ҳолда, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори сифатида институционал таҳлил ва прогнозлаш функцияларини амалга оширишда давом этади.
Абдусалом Азизов Президентнинг ваколатли органлар, нодавлат ниожорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. Бу лавозим унинг аввалги ижтимоий-сиёсий ва диний-маърифий йўналишдаги фаолиятининг мантиқий давоми сифатида шаклланди. Жавлон Вахабов эса Президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари — Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланди. Хавфсизлик блокида эса Баҳодир Ташматов Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимига кўтарилди.
Ўзбекистон бошқарув тизими ҳақида гап кетганда Зелимхон Ҳайдаров номини четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Зелимхон Ҳайдаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу тайинлов билан у сўнгги йилларда эгаллаб келган Молия-хўжалик департаменти раҳбари лавозимидан озод этилди. Ҳайдаров — Ўзбекистон сиёсий-бошқарув тизимида энг узоқ фаолият юритган амалдорлардан бири. У 1993–2018-йиллар давомида, яъни Ислом Каримов президентлиги даврида, Президент девони ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб, давлат аппаратининг кундалик маъмурий фаолияти, моддий-техник таъминоти ва ички тартиб-интизомини таъминлашда марказий фигура бўлиб келган. Шу жиҳатдан у собиқ биринчи президентнинг энг ишончли амалдорларидан бири сифатида танилган.
Ҳилола Умарова Президент админстрациясига ишга ўтгач, унинг ўрнига Эъзозхон Каримова Мактабгача ва мактаб таълими вазири сифатида иш бошлади. Каримованинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган бўлиб, у сўнгги 10 йил ичида ушбу тизимга раҳбарлик қилаётган бешинчи шахсга айланди. Бироқ янги вазирнинг фаолияти бошланиши билан тизимда жиддий фавқулодда ҳолат юзага келди. 2025-йил сентябр ойининг охирида Тошкент вилоятининг бир неча туманларида, хусусан Пискент, Бўка ва Оққўрғон ҳудудларидаги боғча тарбийланувчилари ўртасида оммавий заҳаршаниш ҳолатлари қайд этилди. Воқеа жойига шахсан вазир ўзи борди, ўша куни унинг бошқарувидаги вазирлик фақат 109 нафар бола шифохонага ётқизилгани ва уларнинг аҳволи барқарорлиги ҳақида ахборот берди. Кейинчалик ўтказилган журналистик суриштирувлар шуни кўрсатдики, вазирлик фожиа кўламини қарийб 10 баробарга камайтириб кўрсатган. Маълумотларга кўра, жами заҳаршаниш аломатлари билан мурожаат қилганлар сони 1940 нафарни ташкил этиб, шундан 21 нафар боланинг аҳволи ўрта оғир деб баҳоланган.( Ҳозирда болалар аҳволи қониқарли)
Алишер Султоновнинг истеъфоси: Энергетика ваъдалари ва реал инқироз
2025-йилнинг якуни Ўзбекистон энергетика тизимининг узоқ йиллик вакили Алишер Султоновнинг сиёсий саҳнадан кетиши билан характерланди. Унинг фаолияти ютуқлар, баҳсли баёнотлар ва институционал ўзгаришлар билан боғлиқ бўлди. 2023-йилдан буён Султонов Ўзбекистон Президентининг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаб келган. 2025-йил ўрталарида Президент Администрацияси раҳбари (Саида Мирзиёева) тайинланиши ортидан, унинг маслаҳатчилик мақоми бекор қилиниб, Президент вакили лавозимига туширилди. 2025-йилнинг 16-декабр куни Алишер Султонов лавозимидан озод этилди. Бу истеъфонинг сабаблари расмий хабарда очиқланмаган. Алишер Султонов 2021-йилда берган интервюсида Ўзбекистоннинг газ захиралари учта мамлакатни боқишга етишини айтган эди. Бироқ, амалда газ қазиб олиш ҳажми 2019-йилдаги 60,7 млрд куб метрдан 2024-йилга келиб 44,6 млрд куб метргача (26,5 фоизга) камайиб кетди. Ушбу пасайиш натижасида Ўзбекистон газ экспортчисидан Россия ва Туркманистондан газ импорт қилувчи давлатга айланди. Султонов "Ўзбекистон–2030" стратегиясида белгиланган газ қазиб олишни 62 млрд куб метрга етказиш вазифасига асосий масъуллардан бири эди. Султонов фаолияти давомида "Ўзбекнефтгаз" раиси (2015–2018), Бош вазир ўринбосари (2017–2019) ва илк Энергетика вазири (2019–2022) лавозимларида ишлаган. 2018-йилдаги Бош вазир Абдулла Орипов билан содир бўлган ЙТҲдан сўнг жиддий жароҳат олган. 2022-йилда вазирликдан кетиши ҳам расман соғлиғидаги муаммолар билан изоҳланган эди. Собиқ депутат Дониёр Ғаниев томонидан энергетика инқирози сабаб Султонов бошчилигидаги раҳбариятнинг истеъфоси бир неча бор талаб қилинган.
Тимур Кападзенинг ЎФАдан кетиши

Фото: ufa.uz
2025-йил январида Сречко Катанец ўрнига Миллий терма жамоа (МТЖ) бош мураббийи этиб тайинланган Тимур Кападзе ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очди: унинг бошчилигида терма жамоа илк бор Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди ва 1994-йилдан бери биринчи марта расмий турнир — CAFA Nations Cup ғолибига айланди. Октябр ойида италиялик мутахассис Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинлангач, Кападзе унинг штабида ёрдамчи мураббий сифатида қолди. Бироқ, у ёрдамчи бўлиб ишлашдан кўра, мустақил фаолиятни танлади. 9-ноябр куни Кападзе ЎФА штабини расман тарк этди. Унинг сўзларига кўра, қарорга “янги бош мураббий шароитида ноқулайлик юзага келмаслиги” ва мустақил мутахассис сифатида фаолиятни давом эттириш истаги сабаб бўлган.
Кападзенинг кетиши спортдаги оддий ротация эмас, балки муваффақиятга эришган маҳаллий мураббийнинг четга сурилиши ва миллий кадрлар масаласи яна очиқ қолганини кўрсатди. Жаҳон чемпионати остонасида ЎФА раҳбарияти қабул қилган бу қарор футбол жамоатчилигида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Терма жамоадан кетгач, Кападзега хориждан, жумладан Индонезия томонидан қизиқиш бўлгани айтилди, аммо у аниқ қарор сифатида Наманганнинг “Навбаҳор” клубини танлади ва декабр ойида жамоа бош мураббийи этиб тайинланди.
Рустам Қосимжонов

Фото: podrobno.uz
27-октябр куни халқаро гроссмейстер, 2004 йилги ФИДЕ Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов Ўзбекистон эркаклар шахмат миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Унинг олдига миллий жамоанинг халқаро майдондаги барқарор натижаларини мустаҳкамлаш, ёшлар учун замонавий тайёргарлик тизимини йўлга қўйиш, жамоани йирик мусобақаларга сифатли тайёрлаш вазифаси қўйилди. Қосимжонов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2004 йилги ФИДЕ жаҳон чемпионатида сенсацион ғалабани қўлга киритган. «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони, Амир Темур ордени билан тақдирланган. У 2008-2012 йиллардаги жаҳон чемпионати ўйинларида ҳиндистонлик гроссмейстер Вишванатан Ананднинг секундант мураббийи бўлиб, унинг ғалабасига ёрдамлашган.
Teglar






