«Ritz-Carlton» қурилишида 12 дарахт қонунга хилоф равишда кесилгани айтилмоқда
Тошкентдаги «Ritz-Carlton» лойиҳаси ҳудудида 12 туп қимматбаҳо дарахт илдизи билан қўпорилган. Экология қўмитаси зарарни 351,23 млн сўм деб баҳолади.

Тошкентда бўлажак «Ritz-Carlton» меҳмонхонаси қурилиши олиб борилаётган майдонда 12 туп қимматли дарахт илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди. Унинг айтишича, ҳодиса Ўзбекистонда амал қилаётган яшил ҳудудларни кесишга оид муддатсиз мораторий талабларига зид равишда содир этилган.
«Аниқландики, Миллий боғ ёнида хорижий корхона «PD ESTATES» МЧЖга ажратилган ер участкасида мораторий талабларига хилоф равишда рухсатсиз 12 қимматбаҳо дарахт илдизи билан қўпорилган», — деб ёзди Кушербаев.
Экология қўмитаси ҳисоб-китобларига кўра, табиатга етказилган зарар 351,23 млн сўмни ташкил этган.
Қўшимча равишда, қурилиш компанияси воқеани тасвирга олишга тўсқинлик қилгани билдирилмоқда. Ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратурага юборилган. «Энди сўз прокуратураники», — дея таъкидлаган расмий.
Инвестор ва лойиҳа
Ягона давлат реестри маълумотларига кўра, «PD ESTATES» МЧЖ 2023 йил ноябрда рўйхатдан ўтган. Устав фонди 251,3 млрд сўмни ташкил этади. Асосий фаолият тури — қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш. Корхона таъсисчилари «Pasha Development» (99 фоиз) ва «Pasha Holding» (1 фоиз) ҳисобланади. Раҳбар сифатида Барис Баттал кўрсатилган.
2024 йил август ойида Ўзбекистон ва Озарбойжон умумий қиймати 520 млн доллар бўлган еттита қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олган эди. Уларнинг бири сифатида «Pasha Development» Чилонзор туманида 200 млн долларлик беш юлдузли меҳмонхона ва премиум резиденция қуриши белгиланган.
Қонун ва жавобгарлик
Ўзбекистонда яшил ҳудудларни кесишга нисбатан муддатсиз мораторий амал қилади. Қонунчиликка кўра, дарахтларни рухсатсиз кесиш ёки қўпориш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, йирик инвестиция лойиҳалари экологик талаблар билан уйғун ҳолда амалга оширилиши шарт. Акс ҳолда, инвестиция муҳити ва давлатнинг «яшил» сиёсатга содиқлиги бўйича саволлар туғилиши мумкин. Ҳозирча прокуратура текшируви якуни ва эҳтимолий ҳуқуқий чоралар очиқланмаган.





