Сурхондарёга кўчирилаётган иссиқхоналар, 75,4 ёшга етган ўртача умр кўрсаткичи ва рекорд даражада қимматлашган АИ-92 — 3 июл дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон Грузияда элчихона очади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Грузияда элчихонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, томонлар 2026 йилда Ўзбекистонда қўшма таълим ва туризм форумларини ўтказиш ҳамда эришилган келишувларни амалга ошириш учун қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.
Музокараларда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, 2026 йил март ойида Тошкентда Грузия маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тбилисидаги боғлардан бирига Алишер Навоий номи берилгани учун Грузия раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Иқтисодиётда ишчи кучига бўлган талаб ошмоқда — Марказий банк
Марказий банк таҳлилига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида меҳнат бозорида фаоллик юқори сақланиб, март ойида бўш иш ўринлари сони ўтган йилга нисбатан 9,8 фоизга ошиб 15,4 мингтага етган. Ишчи кучига энг юқори талаб хизматлар, чакана савдо, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида кузатилган.
Шу билан бирга, «HeadHunter Uzbekistan» маълумотига кўра, фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб 636 мингтага етган. Марказий банк буни меҳнат бозорида рақобат кучайгани билан изоҳлади. Таҳлилга кўра, бандлик ўсишида асосий ҳисса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келган, 2025 йил якунида ишсизлик даражаси эса 4,8 фоизни ташкил этган.
Биржада бензин нархи рекорд даражага чиқди
Республика товар-хомашё биржасида 1 июль кунги савдоларда АИ-92 бензини тоннаси 13,96 млн сўмга етиб, тарихий рекордни янгилади. Шунингдек, АИ-92 К-2 бензини 15,5 млн сўмдан, АИ-92 К-2 L бензини эса 13,86 млн сўмдан сотилди. Биржа маълумотига кўра, 1 июндан бери АИ-92 нархи 12 фоиздан ортиққа ошган.
Нархларнинг ўсиши Россияда нефтьни қайта ишлаш заводларига қилинган ҳужумлар ортидан юзага келган бензин танқислиги билан изоҳланмоқда. Ўзбекистонда ҳам июнь ойида бензин таклифи қисқарган бўлса-да, кейинчалик тикланди, аммо нархлар ўсишда давом этмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, Тошкентда импорт АИ-92 бензинининг литри 13 минг сўм ва ундан юқори нархда сотилмоқда.
Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш бошланди
Экология қўмитаси маълум қилишича, Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларида ҳавони ифлослантирган айрим иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва сунъий иситиш тизимларидан узиш ишлари бошланди. Улар босқичма-босқич Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига кўчирилади. Қарор ҳавони ифлослантирувчи кўмир, мазут ва бошқа зарарли ёқилғилардан фойдаланиш ҳолатлари ортидан қабул қилинган.
Ҳукумат қарорига кўра, кўчириладиган иссиқхона хўжаликлари учун кредитларни қайтариш муддати узайтирилади, давлат кафолатлари сақлаб қолинади ва демонтаж, ташиш ҳамда қайта ўрнатиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Расмийларга кўра, Сурхондарёнинг иқлими илиқроқ бўлгани учун у ерда иситиш харажатлари анча кам, маҳсулот таннархи эса Тошкент вилоятига нисбатан тахминан 2,5 баробар арзон.
Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етган. Вазирлик 2026 йил охиригача бу кўрсаткични 75,5 ёшга, 2030 йилгача эса 78 ёшга етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсадга тиббий хизматлар сифатини ошириш ва эрта ўлим ҳолатларини камайтириш орқали эришиш кўзда тутилган.
Вазирликнинг маълум қилишича, 2025 йилда 5,6 млн бола юқумли касалликларга қарши эмланган, 15–49 ёшдаги 9,2 млн аёл тиббий кўрикдан ўтган. Шунингдек, UNICEF кўмагида 231 та туғуруқхона учун замонавий тиббий ускуналар харид қилинган. Сенаторлар эса сурункали касалликларни эрта аниқлаш ва беморларни бепул дори воситалари билан таъминлашни кенгайтиришни тавсия қилди.





