Триллион долларлик имконият: Марказий Осиё ноёб минераллар пойгасига қўшилмоқда

25.02.2026 | 17:2013 daqiqa

Юқори технология ва мудофаа саноати учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга ноёб минераллар глобал рақобат марказига айланди. Ғарб Хитойга қарамликни камайтиришга интилар экан, Марказий Осиё катта захиралари ва стратегик жойлашуви билан янги геосиёсий ўйиннинг асосий саҳнасига чиқмоқда.

Триллион долларлик имконият: Марказий Осиё ноёб минераллар пойгасига қўшилмоқда

Нодир минераллар ва ноёб ер элементлари атамалари сўнгги пайтларда тез-тез қулоққа чалиняпти, айниқса, гап Марказий Осиё ва Ғарб давлатлари орасидаги ҳамкорлик ҳақида кетганда.

Табиатда кам учрайдиган ёки қазиб олиш ва қайта ишлаш қийин бўлган фойдали қазилмалар одатда шундай номланади. Улар юқори технология, мудофаа саноати ва «яшил» энергетика соҳаларида жуда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, литий аккумуляторлар (айниқса, электромобиллар учун) ишлаб чиқаришда, кобалт батареялар, волфрам юқори ҳароратга чидамли материалларда ишлатилади. Қизиғи шундаки, айрим «нодир» минераллар табиатда жуда кам эмас, аммо уларни тоза ҳолда ажратиб олиш мураккаб ва қиммат жараёндир.

Электромобиллар, шамол турбиналари, яримўтказгичлар, аэрокосмик компонентлар ва илғор қурол-яроғлар учун зарур бўлган ушбу минераллар таъминот занжирларидаги узилишлар ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш қийинлиги шароитида стратегик активларга айланади. Натижада, нодир ер элементлари бугун глобал рақобат марказига чиқди ва йирик давлатлар геосиёсий устуворликларини қайта шакллантирмоқда.

Қизиқиш кучайиб борар экан, узоқ вақт Москва таъсир доирасида деб қаралган Марказий Осиё минтақаси геосиёсий таъсир учун асосий майдонга айланмоқда. Унинг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган захиралари ва стратегик жиҳатдан қулай жойлашган транспорт йўлаклари дипломатик ва иқтисодий фаолликни кучайтирмоқда.

«Марказий Осиё стратегик материалларнинг катта захираларига эга. Аммо агар ҳар бир давлат ушбу минералларни мустақил равишда қазиб олиш, қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилса, айрим лойиҳалар иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлиши мумкин», деган эди Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов.

Минтақада қандай захиралар бор?

Марказий Осиё нодир ер элементларининг хилма-хил ва кенг тарқалган захираларига эга. Конлар Қозоғистоннинг йирик минерал камарларидан тортиб Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги нисбатан кичик, аммо геологик жиҳатдан бой ҳудудларгача чўзилган. Кўплаб жойлар ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлса-да, умумий манзара минтақанинг маркази орқали ўтувчи нодир ер минералларининг кенг камарини кўрсатади.

Қозоғистон

Бугунги кунда Марказий Осиёда нодир ер элементлари салоҳияти бўйича энг катта ва энг ривожланган мамлакат Қозоғистон ҳисобланади. Бироқ ҳудуд ҳали етарлича ўрганилмаган ва айрим маълумотлар дастлабки характерга эга.

АҚШ Геологик хизмати ҳисоботига кўра, Қозоғистондаги нодир ер конлари бир нечта йирик геологик камарлар бўйлаб жойлашган: Урал тизмалари, Қозоқ дашти, Қозоқ баландликлари, Шимолий Тяншан, Жанубий Тяншан ва Помир.

Мамлакат уран ишлаб чиқариш бўйича ҳам дунёда етакчи ҳисобланади. «British Geological Survey»нинг 2025 йилги ҳисоботига кўра, Қозоғистон 2023 йилда жаҳон уранининг тахминан 40 фоизини ишлаб чиқарган.

Мамлакат АҚШнинг уранга бўлган талабининг қарийб 25 фоизини таъминлайди ва бу ерда 600 дан ортиқ америкалик компания фаолият юритади. Хабарларга кўра, АҚШ баҳолашлари мамлакат бўйлаб 160 та объектда 384 та стратегик хомашё манбасини аниқлаган.

Ўзбекистон

Ўзбекистон ҳам Марказий Осиёнинг нодир ер ресурсларида муҳим ўрин тутади ва уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради.

2025 йил август ойидаги «The Hague Research Institute» ҳисоботига кўра, мамлакатда мис, молибден, селен, литий ва кадмий каби 30 дан ортиқ турдаги минераллар аниқланган. Ҳудуднинг фақат 20 фоизи ўрганилганига қарамай, «Caspian Policy Center» Ўзбекистоннинг минерал ресурслари салоҳиятини тахминан 5,7 триллион доллар деб баҳолайди.

Ҳозиргача камида 14 та нодир ер элементлари кони тасдиқланган. Хуроб ва Навоий каби ҳудудларда қўшимча қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Қирғизистон

Қирғизистонда 20 та маълум нодир ер элементлари кони мавжуд. Улар орасида тарихий аҳамиятга эга Кутессай II кони бор. Бу кон Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқининг нодир ер эҳтиёжининг 80 фоизигача қисмини таъминлаган ва ядровий дастурда муҳим рол ўйнаган.

Ҳозир ҳам бу ерда реактор бошқарув таёқчаларида қўлланиладиган диспрозий ва илғор ёритиш технологиялари учун зарур бўлган тербий захиралари мавжуд.

Мамлакатда 16 мингдан ортиқ фаол кон ва кон майдонлари бор. Канада ва Сингапур компаниялари Чойн-Каинды, Кутессай II ва Калесай каби ҳудудларда изланишлар олиб бормоқда.

Тожикистон

Тожикистон дунёдаги энг стратегик минераллардан бири бўлган сурма (антимоний)га эга. У мудофаа технологиялари ва саноат қотишмаларида ишлатилади. Баҳолашларга кўра, мамлакат жаҳон сурма захираларининг тахминан бешдан бир қисмига эга.

2025 йил 6 ноябрда Оқ уйда бўлиб ўтган C5+1 саммитидаги чиқишида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакат дунёда металл сурма ишлаб чиқариш бўйича биринчи, умумий сурма ишлаб чиқариш бўйича эса иккинчи ўринда эканини таъкидлаганди. Унинг айтишича, 2024 йилда сурма Тожикистоннинг АҚШга экспортларининг 97 фоизини ташкил этган.

Шу билан бирга, мамлакатда 800 дан ортиқ мис, кумуш, олтин, қўрғошин ва литий каби минерал ва қимматбаҳо металл конлари аниқланган.

Туркманистон

Туркманистон иқтисодиётида нефт ва газ устунлик қилса-да, мамлакат стратегик минераллар соҳасида ҳам аҳамиятга эга.

«SFA Oxford» маълумотига кўра, мамлакатда кимё саноати, фармацевтика ва тоза энергия технологиялари учун ишлатиладиган олтингугурт, бром ва йод захиралари катта.

АҚШ давлат департаменти баёнотига кўра, Туркманистон томони C5+1 саммити доирасидаги учрашувда америкалик компаниялар учун стратегик минераллар соҳасида имтиёзли шартлар ва истисноларни кўриб чиқишга розилик билдирган.

Ғарбга йўл

«Қозоғистон, Туркманистон ёки Қирғизистондаги айрим конлар алоҳида ҳолда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаслиги мумкин. Бироқ уларнинг хомашё базаси ягона қайта ишлаш мажмуасига бирлаштирилса, лойиҳа бутун минтақа учун катта салоҳиятга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай хабни яратиш Марказий Осиёни Европа, Америка ва бошқа халқаро инвесторлар учун жуда жозибадор қилади», – дея таъкидлаган эди Урал Юсупов Тошкентдаги форумда.

Бироқ минтақанинг Ғарб, айниқса АҚШ билан янги ҳамкорликдан тўлиқ фойдаланиш имконияти транспорт инфратузилмасининг етарсизлиги билан чекланган. Кўпинча экспорт йўналишлари ҳануз шимолдан жанубга қараб кетади бу Совет даврида қурилган темирйўллар мероси бўлиб, асосий мақсад Россия саноатини қўллаб-қувватлаш учун хомашёни Россияга етказиш эди.

«Марказий Осиё Европа ва АҚШга минераллар экспорт қилишда Россия темир йўл ва денгиз инфратузилмасига катта даражада боғлиқ ҳолда қолмоқда. Мазкур минтақадаги асосий транзит маркази бўлган Қозоғистонда темирйўл трассаларининг тахминан 57 фоизи таъмирга муҳтож, бу эса экспорт салоҳиятини янада чеклайди», – дейилади Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг ҳисоботида.

2022 йилда Россия Украинага босқин бошлашидан олдин Марказий Осиё мамлакатлари энергетика ва минерал ресурсларни глобал бозорларга етказишда Россия орқали Қора ва Болтиқ денгизларига йўналтирилган Шимолий Коридорга таянар эди. Россияга нисбатан Ғарб санкциялари жорий қилингандан сўнг, минтақавий ҳукуматлар диққатни Ўрта Коридорни ривожлантиришга қаратди бу йўл Хитойни Марказий Осиё ва Жанубий Қавказ орқали Европа билан боғлайди. Ўрта Коридор орқали транзит вақти 16–20 кунни ташкил қилади, шимолий маршрутда эса бу 14–18 кун эди.

1

Ўрта коридор Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали автомобил йўли, темирйўл ва денгиз алоқаларини ўз ичига олган мураккаб тармоқ бўлиб, катта молиявий ва логистик қийинчиликларга дуч келмоқда. Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказига кўра, бу йўлни тижорат жиҳатдан самарали қилиш учун тахминан 21,4 миллиард доллар сармоя талаб қилинади. Ҳозирда йўл орқали юк ташиш нархи 40-футлик эквивалент бирлик учун 3,500–4,500 долларни ташкил қилади, бу шимолий маршрутдаги 2,800–3,200 доллар билан солиштирилганда, минерал экспортининг рақобатбардошлигини чеклайди.

«Ўрта коридор бўйлаб яқинда амалга оширилган темирйўл, автомобил йўли ва порт модернизациялари асосан Хитой ва Россия капиталлари томонидан молиялаштирилмоқда, бу йўлнинг узоқ муддатли бошқаруви ва Ғарб ҳамкорлари учун имкониятларига стратегик хавф туғдирмоқда. Европанинг ЕИ бу йил баҳорда ўтган биринчи Европа–Марказий Осиё саммитида Ўрта Коридор инфратузилмасини ривожлантириш учун 10,8 миллиард доллар ваъда қилган бўлса-да, бу сармоялар ҳануз дастлабки босқичда ва тақсимотлар Хитой капиталлари оқимидан анча орқада қолмоқда», – дейди марказнинг Нодир мирнераллар хавфсизлиги дастури директори Грейслин Баскалан.

Хитой соҳадаги энг катта гигант

Хитой ноёб ер элементларини қазиб олиш, шунингдек, уларни қайта ишлаш соҳасида деярли глобал монополияга эга. «International Energy Agency» (IEA) ҳисоб-китобларига кўра, Хитой ноёб ер элементлари ишлаб чиқаришининг тахминан 61 фоизини ва уларни қайта ишлашнинг 92 фоизини ташкил этади. Бу эса ҳозирги кунда Хитой ноёб ер элементлари таъминот занжирида устунлик қилаётганини ва қайси компаниялар таъминот олиши ёки олмаслигини ҳал қилиш имкониятига эга эканини англатади.

Бироқ  Хитойнинг бу соҳадаги устунлиги бир кунда шаклланмаган. Бу ўн йиллаб давом этган стратегик давлат сиёсати ва сармояларнинг натижасидир. Ички Мўғулистондаги Баян-Обо кон шаҳарчаси ноёб ер металларининг энг йирик захираларидан бирига эга.

«Яқин Шарқда нефт бор, Хитойда эса ноёб ер элементлари бор», – деган эди Хитой иқтисодий ислоҳотларига раҳбарлик қилган марҳум раҳбар Дэн Сяопин 1992 йилда Ички Мўғулистонга ташрифи чоғида.

XX аср охирларидан бошлаб Хитой бошқа давлатларга нисбатан пастроқ экологик стандартлар ва меҳнат харажатлари шароитида ноёб ер элементлари қазиб олиш ва қайта ишлаш салоҳиятини ривожлантиришни устувор вазифа қилди. Бу уларга жаҳон бозоридаги рақобатчиларини нарх жиҳатидан ортда қолдириш ва қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда магнит каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган бутун қиймат занжирида деярли монополия яратиш имконини берди.

Хитойнинг бу қудрати глобал савдога қандай таъсир қилади?

Эндиликда эса бундай қудрат Ғарбни хавотирга солмоқда. Чунки Хитой ундан қурол сифатида фойдалана бошлаганди. Ўтган йил апрел ойида Вашингтон томонидан жорий этилган тарифларга жавоб сифатида, Хитой еттита ноёб ер минералининг экспортини чеклаш бўйича чоралар кўра бошлади, уларнинг аксарияти мудофаа соҳаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган «оғир» ноёб ер элементлари эди. Улар «енгил» ноёб ер элементларига нисбатан камроқ учрайди ва қайта ишлаш анча мураккаб, шунинг учун ҳам қимматроқ ҳисобланади. Шунингдек, улар ракета тизимлари, радарлар ва доимий магнитлар каби кўплаб ҳарбий соҳаларда қўлланилади. «F-35» қирувчи самолётлари, «Tomahawk» ракеталари ва «Predator» учувчисиз учиш аппаратлари каби мудофаа технологиялари айнан шу минералларга боғлиқ экани айтилади. Бу ҳолат Хитой «ўқ-дори ишлаб чиқаришни кенгайтираётган ва илғор қурол тизимлари ҳамда жиҳозларни АҚШга нисбатан беш-олти баравар тез суръатда қўлга киритаётган» бир пайтга тўғри келаётгани ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Шундан сўнг барча компаниялар ноёб ер элементлари ва магнитларни мамлакатдан олиб чиқиш учун махсус экспорт лицензиясини олиши шарт бўлди. Бунинг сабаби шундаки, Хитой Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро шартноманинг иштирокчиси сифатида икки мақсадли маҳсулотлар савдосини назорат қилиш ҳуқуқига эга. Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази маълумотига кўра, бу ҳолат айниқса АҚШни заиф ҳолатга солади, чунки Хитойдан ташқарида оғир ноёб ер элементларини қайта ишлаш қуввати мавжуд эмас.

Октябр ойида Хитой ноёб ер элементлари экспорти устидан назоратни янада кучайтирди. Энди хорижий компаниялар ҳатто кичик ҳажмдаги ноёб ер элементларини экспорт қилиш учун ҳам Хитой ҳукуматининг рухсатини олиши ва улардан қандай мақсадда фойдаланишини тушунтириши шарт.

АҚШ Геология хизмати ҳисоботига кўра, 2020–2023 йиллар оралиғида АҚШ барча ноёб ер бирикмалари ва металлари импортининг 70 фоизини Хитойдан олган. Айнан шу сабабли Пекин жорий этган экспорт чекловлари АҚШга жиддий зарба бериш имкониятига эга. Бундан Доналд Трамп тарифлар орқали қайта тиклашни мақсад қилган АҚШ ишлаб чиқариш сектори ҳам жиддий таъсир кўриши мумкин.

Ноёб ер металлари электр транспорт воситалари двигателларининг асосий қисми бўлган магнитларни ишлаб чиқариш учун зарур.

«Стратегик аҳамиятга эга ноёб ер материаллари нархи кескин ошиши кутилмоқда, бу смартфонлардан тортиб ҳарбий техникагача бўлган кенг турдаги маҳсулотлар учун ишлатиладиган компонентлар қийматини дарҳол оширади», – дейди Бирмингем университетининг нодир материаллар бўйича илмий тадқиқодчиси Гавин Ҳарпер.

Бу эса АҚШ компаниялари учун ишлаб чиқариш суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Агар Хитойдан бундай танқислик узоқ муддат давом этса, АҚШ таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва ички қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришни бошлаши мумкин. Бироқ бу «катта ва узлуксиз сармоялар, технологик ютуқлар ва аввалги Хитойга боғлиқликка нисбатан юқорироқ умумий харажатлар»ни талаб қилади.

Марказий Осиё АҚШ учун ечимми?

Бу масала аллақачон Трампнинг кун тартибида. Апрел ойида у АҚШнинг бундай стратегик минералларга қарамлиги миллий хавфсизликка қандай хавф туғдиришини текшириш бўйича суриштирув бошлашни буюрди.

Олти ойдан сўнг, 2025 йил 6 ноябр куни Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг «C5+1» форматидаги саммитида ҳам шу масала кўтарилди. Саммитда муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун Махсус қўмитани тузиш таклиф қилинди.

Саммит доирасидаги Қозоғистон ва АҚШ президентларининг учрашуви  давомида икки давлат стратегик аҳамиятга эга минераллар бўйича англашув меморандумини имзолади.

Жорий йил 4 феврал куни Вашингтонда бўлиб ўтган Ўта муҳим минераллар бўйича вазирлар йиғилиши доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида муҳим фойдали қазилмалар ва нодир ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида таъминот барқарорлиги тўғрисида англашув меморандумини имзолади.

18 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонда америкалик бизнес вакиллари билан учрашуви давомида  «Traxys» компаниясининг муҳим минераллар соҳасига 1 миллиард доллар сармоя киритиш режаси эълон қилинди. Президент қаршисида муҳим ва ноёб ер металларини қазиб олиш ҳамда етказиб бериш бўйича келишув имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ишлаб чиқариш қуввати йилига тахминан 150 тоннани ташкил этади. Лойиҳанинг кейинги босқичи май ойига белгиланган.

«Traxys» вице-президенти Динеэн Кеннеди Ўзбекистон компания учун стратегик шерикка айланганини таъкидлади. У «Навоийуран» ва Ўзбекистон технологик металлар комбинати билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарали кечаётганини қайд этган.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жули Стаффт эса 13 феврал куни маҳаллий журналистлар билан ўтказган матбуот анжуманида АҚШ Қозоғистонни Хитой назоратидаги ноёб ер минералларига муқобил деб биламизми, деган саволга ижобий жавоб берди.

«Ҳа. Қозоғистон ҳақида илк бор чуқурроқ маълумот ўрганганимда мени ҳайратга солган энг катта жиҳат – бу мамлакатнинг минералларга ниҳоятда бой эканидир. Гап фақат бир нечта ноёб ер элементи ҳақида эмас, балки уларнинг жуда кўп турлари ҳақида кетмоқда. Ҳатто дунёдаги ноёб ер минералларининг тахминан ярми Қозоғистон ҳудудида жойлашган, деган маълумотлар бор.

Қозоғистоннинг ўтган ҳафтадаги вазирлар даражасидаги учрашувда фаол иштирок этиши, FORGE деб номланган янги ташкилот – «Forum on Resource Geostrategic Engagement» (Ресурслар бўйича геостратегик ҳамкорлик форуми)га қўшилиши жуда катта аҳамиятга эга», – деди элчи.

Россия ва Хитой масаласи

Ғарб минтақани имконият сифатида кўраётганига қарамай, Марказий Осиё минерал экспортлари асосан Хитой ва Россияга қараб йўналтирилган, бу эса диверсификация ва Ғарб билан ҳамкорлик имкониятларини чеклайди. Қозоғистон, минтақадаги энг йирик ишлаб чиқарувчи, минерал экспортининг 27 фоизини Хитойга ва 16 фоизини Россияга йўналтиради, АҚШ эса фақат 5 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистон ҳам ўхшаш ҳолатда, асосий экспорт йўналишлари Хитой, Россия ва Туркия. Марказий Осиёнинг Хитой ва Россияга қараб йўналтирилган экспорт схемаси минтақанинг Ғарб бозорлари билан боғланиш инфратузилмасининг етишмаслигини кўрсатади.

Шу билан бирга, Марказий Осиё «Бир камар, бир йўл ташаббуси»нинг энг йирик фойдаланувчиларидан бири бўлиб, фақат 2025 йилнинг биринчи ярмида 24,3 миллиард долларлик инфратузилма, энергетика ва кончилик инвестициялари олган. Қозоғистон эса 2013 йилда Хитой томонидан «Бир камар, бир йўл ташаббуси» эълон қилинган жой эканини ҳам унутмаслик лозим ва ўн йилдан ортиқ вақт ўтганидан сўнг ҳам Пекин минтақанинг минерал логистикасига сармоя киритишда асосий ролни сақлаб қолмоқда.

2

Марказий Осиё олдидаги чақириқлар

АҚШдан ташқари, муҳим минералларга бошқа ўйинчилар Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея ҳам қизиқиш билдирмоқда. Давлатлар ўртасидаги рақобат Марказий Осиё учун фойдали, чунки бу уларни минтақа давлатларига янада жозибадор ҳамкорлик шартларини таклиф қилишга ундайди. Бундай вазият Марказий Осиё учун инвестицияларни диверсификация қилиш ва минтақа мамлакатларининг инвестиция бозорларини янада мувозанатли қилиш имкониятини очади.

«Ҳамкорликка ўз обрўсига катта эътибор берадиган, экологик стандартларга риоя қиладиган ва масъулиятли ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланадиган дунёнинг етакчи брендларини жалб қилиш муҳимдир. Улар энг илғор технологик ечимларга эга ва бозорда узоқ муддат қолади, бу эса уларни ишончли ҳамкорга айлантиради», – дейди «Nightingale Int.» сиёсий таҳлил агентлиги мутахассиси Элданиз Гусеинов.

Минтақада йирик ўйинчилар ўртасидаги рақобат ҳам имкониятлар, ҳам хатарларни келтириб чиқаради.

«Ғарб давлатларининг қазиб олиш саноатидаги ҳамкорлик орқали Марказий Осиёда кучайиши Хитой ва Россиянинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин, улар эса, ўз навбатида, жавоб чораларини кўришлари эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларининг рақобатлашаётган иқтисодиётларнинг ривожланишини таъминлаши стратегик аҳамиятга эга бу йирик давлатларнинг бизнинг турли ўйинчилар билан ҳамкорлигимиздан норози бўлиши учун асосий туртки бўлади», дейди Гусеинов.

Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, Марказий Осиё учун энг катта хавф йирик давлатларга шунчаки хомашё етказиб берувчи бўлиб қолишдир.

ТОО «Корпорация Казахмыс»нинг Ҳукумат билан алоқалар ва тармоқ ҳамкорлиги департаменти директори, шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича эксперт Телман Шуриевнинг айтишича, минтақа фақат руда сотиш билан чекланмай, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариши шарт. Хитой тажрибаси шуни кўрсатадики, асосий даромад қазиб олишда эмас, балки чуқур қайта ишлашда. Шунинг учун ҳозирги инвестиция имкониятларидан фойдаланиб, хомашё сотиш моделидан воз кечиш лозим.

Шуриевнинг фикрича, Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда қўшма қайта ишлаш марказини ташкил қилиши керак. Бундай форматда хомашё ҳажмининг жамланиши лойиҳаларнинг ўзини оқлаш даражасини оширади, ҳолбуки тарқоқ ҳолдаги экспорт қайта ишлаш қувватларини қуришни иқтисодий жиҳатдан фойдасиз қилиб қўяди. Шу билан бирга, Элданиз Гусеинов Марказий Осиё ўта муҳим минераллар соҳасида ягона ва алоҳида минтақа эмаслигини таъкидлайди.

Teglar

Alibek Beyjanov

Alibek BeyjanovMaqolalar soni: 360

Barchasi

Mavzuga oid