Туркманистон келгуси икки йилда 80 млрд метр куб газ қазиб олмоқчи

26.10.2025 | 21:331 daqiqa

Ашхободдаги «Туркманистон нефт ва гази–2025» халқаро форумида мамлакат келаси икки йил давомида йилига 80 млрд метр куб газ ва 8 млн тоннадан зиёд нефт қазиб чиқаришни режалаштираётгани маълум қилинди.

Туркманистон келгуси икки йилда 80 млрд метр куб газ қазиб олмоқчи

Марказий Осиёнинг энг йирик газ ишлаб чиқарувчи мамлакати Туркманистон 2025–2026 йилларда йилига тахминан 80 миллиард метр куб табиий газ ҳамда 8 миллион тоннадан ортиқ нефт қазиб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ашхободда бўлиб ўтган «Туркманистон нефт ва гази–2025» халқаро форумида эълон қилинди.

«Бу йилги газ қазиб чиқариш ҳажми 80 миллиард куб метрни ташкил этади. Кейинки йил учун ҳам худди шундай кўрсаткични режалаштирганмиз», — деди давлатга қарашли «Turkmengaz» компанияси раҳбари Мақсат Бабаев.

Унинг сўзларига кўра, 2026 йилда «Қалқиниш» конини ўзлаштиришнинг тўртинчи босқичи бошланади, бу эса йилига яна 10 миллиард куб метр қўшимча газ ишлаб чиқариш имконини яратади.

2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакат газ қазиб чиқариш ҳажми 3,2 фоизга камайиб, 38,9 миллиард куб метрни ташкил этган. Туркманистоннинг асосий харидори Хитой бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Озарбойжон, Туркия (Эрон орқали), Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам туркман газини сотиб олмоқда.

Нефт соҳасида ҳам ўсиш режалаштирилган. «Бу йил 8 миллион тоннадан зиёд нефт қазиб чиқаришни кутмоқдамиз», — деди «Turkmenneft» компанияси раҳбари Қуванч Агажанов. Ўтган йили мамлакатда 8,2 миллион тонна нефт ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг асосий қисми маҳаллий корхоналарда қайта ишланган.

Туркманистон ҳозирда минтақадаги энергетика етакчиси мақомини мустаҳкамламоқда. Мутахассислар таъкидлашича, янги инвестициялар ва экспорт йўналишларини диверсификация қилиш режалари мамлакатнинг энергетика салоҳиятини янада оширади.

Teglar

Mavzuga oid