add

Ховосда бошланган хаос: фермерларнинг ерлари нега тортиб олмоқда?

Bugun 16:287 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда бир қатор туманларда фермерларнинг ерлари «ёпиқ қарор» асос қилинган ҳолда мажбурий равишда олиб қўйилаётгани айтилмоқда. Vaqt.uz ерлар кимга берилаётгани, ҳуқуқий масала ва иқтисодчиларнинг фикрларини ўрганди.

Ховосда бошланган хаос: фермерларнинг ерлари нега тортиб олмоқда?

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фермер хўжаликларига тегишли ерларни оммавий равишда олиб қўйиш ҳаракатлари ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ бу масала фақат Ховос билан чекланаётгани йўқ. Ўхшаш ҳолатлар  Сирдарё вилоятининг Гулистон ва Оқолтин туманларида, шунингдек Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида ҳам кузатилаётгани айтилмоқда.

Мазкур жараённинг энг хавотирли жиҳати — у нафақат фаолият юритаётган фермер хўжаликларини, балки бўш ва захирадаги ерларни ҳам қамраб олаётгани, ерлар маҳаллий деҳқонлар учун мутлақо етиб бўлмас даражада йирик лотларга бирлаштирилаётгани ва кейинчалик арзон нархларда хорижий инвесторларга таклиф этилаётгани ҳақидаги даъволардир.

Нархлар тафовути: бир ҳудуд, бир ер, аммо ўн баробар фарқ

Малумотларга кўра, айрим ҳудудларда 1000 гектарлик ер майдонлари тахминан 8 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Бу — бир гектар учун ўртача 8 миллион сўм дегани. Айни пайтда, худди ўша ҳудуднинг ўзида маҳаллий фермерлар 5 гектар ерни ҳар гектарига 60–80 миллион сўмдан, яъни жами 300–400 миллион сўмга сотиб олган ҳолатлар мавжуд. Ер сифати бир хил, ҳудуд бир хил, лекин нархлар ўртасидаги тафовут 8-10 баробаргача етиб бормоқда.

Бу ҳолат бозорда тенг рақобат шароити йўқлигини, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса молиявий имкониятлари билан олдиндан ўйиндан чиқариб қўйилаётганини кўрсатади. Савол туғилади: маҳаллий фермерлар ета олмайдиган даражада йирик лотлар ким учун шакллантирилмоқда?

«Ёпиқ қарор» ва мажбурий аризалар

Фермерларнинг сўзларига кўра, ерларни қайтариб олиш жараёни ҳокимликлар томонидан ўтказилаётган йиғилишларда тилга олинаётган «ёпиқ қарор» асосида амалга оширилмоқда. Фермерлар катта залларга йиғилиб, ихтиёрий эмас, мажбурий тарзда ариза ёзишга ундаётгани айтилмоқда.

Мазкур аризаларга кўра, ерлар Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекциясига топширилади, дирекция эса уларни кейинчалик йирик лотларга бирлаштириб, аукцион орқали инвесторлар — асосан хорижий инвесторлар учун таклиф қилиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Энг муҳим жиҳат шундаки, фермерлар тилга олаётган бу қарор очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Вазирлар маҳкамаси қарори билан Дирекцияга ижара ҳуқуқи асосида берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ёки унинг бир қисмини маҳаллий ва чет эллик инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда иккиламчи ижарага бериш (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) ҳуқуқи берилган.

Иқтисодчи эксперт Отабек Бакиров Vaqt.uzʼдаги «Аввал иқтисод…» дастурида асосли саволларни берди: Қайси ҳужжат Конституцияда кафолатланган мулк ва ижара ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олади? Қайси норма ҳокимиятга юзлаб фермерлардан мажбуран ариза олиш ваколатини беради? Фермернинг ҳуқуқи қаерда бошланиб, қаерда тугайди, дирекцияники қаерда бошланади?

Ерлар кимларга берилмоқда?

Расмий манбалар бу борада очиқ изоҳ бермаётган бўлса-да, жамоатчилик орасида асосий даъвогар сифатида Хитой капитали тилга олинмоқда. Айрим ҳудудларда 1000 гектар ва ундан ортиқ майдонлар битта лот сифатида шакллантирилгани, Ховос туманида эса дирекцияга ўтказилиши кутилaётган ерлар ҳажми 10–17 минг гектарга етиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бу ерлар узоқ муддатли ижарага берилиши, кейинчалик ижара муддати чўзилиб бориши эҳтимоли ҳам тилга олинмоқда. Натижада, ҳудудда анъанавий деҳқончиликнинг аста-секин сиқиб чиқарилиши, маҳаллий фермерларнинг эса ишлаб чиқаришдан четлатилиши хавфи юзага келаётгани таъкидланмоқда.

«Ҳуқуқий масалага эътибор қаратиш керак»

Иқтисодчи Отабек Бакиров тортиб олинаётган ерлар масаласига оид  кўрсатувда, аввало, ҳуқуқий масала билан боғлиқлигини айтган. Агар мулк ва ижара ҳуқуқи кафолатланмаган бўлса, у ерда нa сармоя, нa узоқ муддатли иқтисодий ўсиш бўлади.

2025 йил 3 февралда қабул қилинган президент фармонида айрим ҳудудларда ҳуқуқий эксперимент сифатида фермер хўжаликларининг ерларини захирага топшириш ва фақат 20 фоизини норматив қийматининг 50 фоизида қайта сотиб олиш механизми кўзда тутилган эди. Аммо бу ёндашув ўзи билан бир қатор саволларни олиб келди: 

  • Фермерлар аллақачон мерос қолдириш ҳуқуқига эга ижара шартномаси асосида ишлаётган бўлса, нега улар ерни қайта топшириши керак?

  • Захирага йиғилган ерлар қандай лотларга бўлинади? Минимум ва максимум чегаралар борми?

  • Лотлар йириклашуви орқали кимлар рақобатдан чиқарилмоқда?

Йирик лот — бу доимо потенциал маҳаллий талабгорларни четлатиш дегани. Чунки маҳаллий фермернинг маблағи ишлаб чиқариш циклига боғланган: уруғ, ўғит, ёқилғи, кредит, ишчи кучи. У бирданига 1000 гектар учун пул тўлай олмайди.

Мутахассислар нима дейди?

«Аввал иқтисод» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров таклиф қилаётган муҳим ёндашувлардан бири — ер ижара ҳуқуқига эга бўладиган субъектларда камида 51 фоиз назорат Ўзбекистон резидентлари қўлида бўлиши.

«Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш масаласида, қанақа асосда ижарага беришдан қатъи назар, у давогарларнинг 51 фоизи Ўзбекистон резидентлари бўлиши керак. У хитойлик бўладими, америкалик бўладими, қаердан бўлишидан қати назар, Испаниядан бўладими, инвесторлар ўзбек резидентини ҳамкор сифатида ишлатиши керак. Яъни, 51 фоизи ўзбек резидентининг назоратида бўлиши керак ўша ҳуқуққа нисбатан. Бу менинг ўзгармас, қатий фуқаролик позициям. Бу масалада охирги айтадиган гапим: бу ишларинг ҳаммасини аввал қонунчиликка ўзгартириш киритиб, кейин амалга ошириш керак. Қандайдир ёпиқ қарорлар, қандайдир зўғум, ноқонуний ишларни оқлаб берадиган протоколлар билан эмас», — дейди иқтисодчи.

Иқтисодчи Юлий Юсупов ҳaм бу вазиятга фикр билдирар экан, ҳолат жамоатчилик орасида Ўзбекистонда «иккинчи коллективлаштириш» хавфи ҳақидаги хавотирли фикрларни кучайтириши мумкинлиги ёзмоқда.


«2026 йил Ўзбекистон тарихига Иккинчи коллективлаштириш йили сифатида кириб қолмаса бўлгани. Эслатиб ўтаман, биринчи коллективлаштириш қарийб юз йил аввал СССРда амалга оширилган ва мамлакат қишлоқ хўжалигининг издан чиқишига ҳамда қарийб 8 млн инсон ҳаётини олиб кетган очарчиликка сабаб бўлган эди. Бугун айрим амалдорлар сталинизм давридаги ана шу тажрибани яна такрорлашга қарор қилдими?» — дея ёзади Ю.Юсупов.


Ҳокимлик ва агроинспекция: расмийлар нима дейди?

Ховос тумани ҳокимлиги фермерлардан ерлар ноқонуний олиб қўйилаётгани ҳақидаги маълумотларни рад этмоқда. Расмий изоҳга кўра, туманда 770 та фермер хўжалиги 30 минг гектар ерда фаолият юритмоқда.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, фермерларнинг солиқ органлари олдида 40 млрд сўм, банклар олдида эса 128 млрд сўм қарздорлиги мавжуд. Ҳозирда 523 та фермерга тегишли 891 та ижро ҳужжати бўйича қонунга мувофиқ ундирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ер ижара шартномасини бекор қилиш бўйича 110 та фермер хўжалигига нисбатан судга даъво аризалари киритилгани маълум қилинди. Ҳокимлик фермерларга нисбатан ҳар қандай чора-тадбирлар фақат суд қарорлари ёки нотариал тасдиқланган ихтиёрий аризалар асосида амалга оширилишини таъкидламоқда.

«Kursiv Uzbekistan» нашрининг маълум қилишича, Сирдарё вилоятининг Ховос туманида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ер майдонларини олиб қўйиш юзасидан Ўзагроинспекция томонидан ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

«Сирдарё вилояти Ховос туманида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ер майдонларини олиб қўйиш бўйича «Ўзагроинспекция» томонидан ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган», — дейилади расмий изоҳда.

Шунингдек, Агроинспекция фермерларни ер майдонларидан воз кечишга мажбурлаш, шунингдек уларнинг шахсий мулкларини хатловдан ўтказиш мазкур идора ваколатига кирмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Халқаро тажриба

Ер масаласида халқаро тажриба эҳтиёткорлик зарурлигини кўрсатади. Хусусан, Қозоғистон, Африка давлатлари ва Лотин Америкасида ер ресурсларини назоратсиз либераллаштириш жиддий ижтимоий норозиликлар ва суверенитет билан боғлиқ муаммоларга олиб келган.

Қозоғистонда 2016 йилда, собиқ президент Нурсултон Назарбоев даврида, қишлоқ хўжалиги ерларига хорижий инвесторларни жалб этиш режаларига қарши оммавий норозиликлар юз берган. Бу норозиликлар қозоқ халқининг тарихан бир неча бор ўз ерларидан маҳрум бўлгани билан боғлиқ чуқур хотиралар билан изоҳланади.

Африка давлатларида, жумладан Зимбабве, Кения ва Эфиопияда айрим ҳолларда хорижий инвесторлар дастлаб хусусий компания сифатида кириб келиб, кейинчалик ерлар узоқ муддатли ижара орқали бошқа давлатлар балансига ўтиб кетган. Натижада маҳаллий аҳолининг ерга кириши чекланган ва ижтимоий зиддиятлар кучайган.

Хулоса қиладиган бўлсак, Ховос туманида бошланган ва бошқа ҳудудларга ҳам ёйилаётгани айтилaётган ерлар билан боғлиқ жараёнлар қишлоқ хўжалиги сиёсатидан тўпланиб қолган муаммоларни очиқ кўрсатиб берди. Бир томонда ҳокимликлар жараёнлар қонун доирасида амалга оширилаётганини таъкидласа, иккинчи томонда фермерлар ва жамоатчилик вакиллари мулк ва ижара ҳуқуқларининг чекланиши, қарорлар шаффоф эмаслиги ҳамда тенг рақобат тамойилларининг бузилаётганидан хавотир билдирмоқда.

Вазият шундан далолат берадики, масала алоҳида бир туман ёки ҳудуд билан чекланмайди. Гап ер муносабатларида ҳуқуқий аниқлик, институтларнинг масъулияти ва жамоатчилик ишончи ҳақида кетмоқда. Ёпиқ қарорлар, мажбурий аризалар ва йирик лотлар орқали ерларни қайта тақсимлаш ҳақидаги даволар очиқ ва асосли жавобларни талаб қилмоқда.

Мулк ва ижара ҳуқуқи кафолатланмаган шароитда на сармоя, на барқарор иқтисодий ўсиш бўлиши мумкин. Шу сабабли ер масаласида ҳар қандай қарор, аввало, қонунчиликка аниқ таянилиши, шаффоф бўлиши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳисобга олиши зарур. Акс ҳолда, бугунги ер масаласи эртага янада кенгроқ ижтимоий ва иқтисодий саволларга сабаб бўлиши мумкин.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 36

Barchasi

Mavzuga oid