Logo

1 млн долларлик жумбоқ: Сунъий интеллект 167 йилдан бери ечилмаётган Риман гипотезасини исботлашга ёрдам берди

«Anthropic» математиги «Claude» сунъий интеллект модели билан биргаликда туб сонлар тақсимотига оид Риман гипотезасига ечим топганини маълум қилди. «Lean» ва «Mathlib» жамоалари 17 миллион қатор коддан иборат формал исботнинг тўғрилигини тасдиқлади, аммо 1 миллион долларлик мукофот учун алоҳида талаблар бор.

1 млн долларлик жумбоқ: Сунъий интеллект 167 йилдан бери ечилмаётган Риман гипотезасини исботлашга ёрдам берди © Brendan McDermid/Reuters

1859 йилда илгари сурилган ва 167 йилдан бери математиклар учун очиқ савол бўлиб келаётган Риман гипотезаси бўйича янги натижа эълон қилинди. «Anthropic» компанияси математиги Левент Альпёге «Claude» модели билан биргаликда гипотезанинг исботини топганини билдирди.

21 ноябр куни «Lean» ва «Mathlib» жамоалари формал текширув натижаларини эълон қилиб, исботнинг тўғрилигига ишонч билдирди. Шунга қарамай, унинг математик ғоялари ҳали олимлар томонидан тўлиқ ўрганилиши ва илмий адабиётда тушунтирилиши керак.

Риман гипотезаси қандай муаммо?

Риман гипотезаси туб сонлар билан боғлиқ. Туб сонлар фақат 1 га ва ўзига бўлинадиган сонлар бўлиб, уларга 2, 3, 5, 7, 11, 13, 17 каби сонлар киради. Сонлар катталашгани сари туб сонлар камроқ учрайди, аммо уларнинг қайси оралиқларда ва қандай частотада пайдо бўлиши тасодифий эмас.

1859 йилда немис математиги Бернҳард Риман туб сонлар тақсимотини тушунтиришга ёрдам берувчи гипотезани илгари сурди. У Риман дзета-функцияси билан боғлиқ бўлиб, гипотезага кўра, ушбу функциянинг муҳим ноллари комплекс текисликда реал қисми 1/2 бўлган чизиқда жойлашган.

Бу қонуният туб сонлар қандай тақсимланишини янада аниқроқ тушуниш ва уларнинг тақсимотидаги оғишларни ҳисоблаш имконини беради. Гипотезанинг исботланиши сонлар назариясидаги кўплаб натижаларнинг назарий асосларини мустаҳкамлайди.

1 миллион долларлик мукофот шартлари

2000 йилда АҚШдаги «Clay Mathematics Institute» математиканинг ечилмаган энг муҳим еттита муаммосини «Минг йиллик муаммолар» рўйхатига киритиб, уларнинг ҳар бири учун 1 миллион доллар мукофот белгилаган. Риман гипотезаси ҳам ушбу рўйхатдан жой олган.

Бироқ мукофот гипотезани ҳал қилганини эълон қилган олимга автоматик равишда берилмайди. Институтнинг амалдаги қоидаларига кўра:

— ечим нуфузли илмий нашрда чоп этилиши;

— чоп этилганидан кейин камида икки йил ўтиши;

— натижа жаҳон математиклар ҳамжамияти томонидан умумий қабул қилиниши керак.

Шундан кейингина институт ечимни мукофот учун кўриб чиқиши мумкин. Шу сабабли Альпёге ҳозирча 1 миллион доллар мукофотни олгани йўқ — компьютер текшируви муҳим босқич бўлса-да, расмий жараён алоҳида давом этади.

«Claude» ва математик ишни қандай амалга оширди?

Альпёге ўз баёнотида «Claude» билан тахминан олти ҳафта ишлаганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ишнинг якуний босқичида сунъий интеллект математикдан анча олдинга ўтиб кетган ва муаммони ҳал қилишда муҳим ғояларни таклиф қилган.

Муаллиф натижани «Lean» формал математик тизимида тақдим этди. У 175 187 та файлдан ва тахминан 17 миллион қатор коддан иборат. «Lean» математик исботларни компьютер текшириши мумкин бўлган шаклда ёзиш имконини беради: мантиқий қадамлар махсус кодга айлантирилади ва агар исботда хато бўлса ёки бирор қадам асосланмаган бўлса, тизим уни қабул қилмайди.

Компьютер текшируви нимани англатади?

«Lean» ва «Mathlib» жамоалари текширув давомида бир нечта мезонни баҳолади: коднинг хатосиз ишлаши, унда айнан Риман гипотезаси ифодаланган бўлиши ва мантиқий қадамларнинг тўғрилиги. Маълумотлар «Lean»нинг асосий текширув ядроси ҳамда бошқа мустақил текширув воситалари орқали қайта кўриб чиқилди. Натижада жамоалар исботнинг математик ифодаси ҳам, унинг ўзи ҳам тўғри эканини тасдиқлади.

Шунга қарамай, исботнинг 17 миллион қатор кодда ифодалангани унинг математик ғояларини инсонлар учун осон тушунарли қилиб қўймайди. Эндиликда математиклар унинг асосий усулларини ўрганиши, соддалаштириши ва илмий муҳокамадан ўтказиши талаб этилади.

Теглар

Мавзуга оид