11 йилга қамалган ҳоким, энг салбий кўрсаткичга эга 10 та банк, мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотаётган Россия, Мирзиёев–Трамп суҳбати — 7-август дайжести
Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Россия Марказий Осиёдан бораётган мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотмоқда
Россия ҳануз Марказий Осиёдан бораётган меҳнат мигрантлари учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Бироқ унинг жозибадорлиги аста-секин пасаймоқда. Минтақа аҳолиси тобора кўпроқ Европа Иттифоқи давлатлари, Туркия, Хитой ва Жанубий Кореяни танламоқда.
Сўнгги 35 йил ичида Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аҳолиси қарийб 30 миллион кишига кўпайиб, 52,9 миллиондан тахминан 81 миллион нафарга етди. Минтақа аҳолисининг ўртача ёши 26,6 ёшни ташкил этади. Бу Марказий Осиёни дунёдаги энг ёш минтақалардан бирига айлантиради.
Шавкат Мирзиёев Трамп билан телефонда суҳбатлашди
7-август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинар экан, глобал хавфсизликни таъминлаш, халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Шу билан бирга, етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди. Суҳбат якунида президент Шавкат Мирзиёев Трампга ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф қилди.
Трамп «туғуруқ туризми»ни тақиқлади ва туғилиш орқали АҚШ фуқаролигини олишни чеклади
АҚШ президенти Доналд Трамп туғилиш ҳуқуқи асосида Америка фуқаролигини олишни чеклашга қаратилган иккита ижро фармонини имзолади.
Биринчи фармонга кўра, агар АҚШда туғилган боланинг ота-онасидан камида бири террорчилик ташкилоти аъзоси бўлса, АҚШ фуқаролигини фирибгарлик йўли билан олишга уринган бўлса ёки АҚШ ҳудудида бошқа давлат манфаатларини расмий равишда ифодаласа, болага автоматик равишда фуқаролик берилмайди. Бу тоифага, жумладан, дипломатлар ҳам киради.
Иккинчи фармон эса «туғуруқ туризми»га қарши қаратилган. Бу амалиётда ҳомиладор хорижлик аёллар фарзандини АҚШда дунёга келтириш ва боланинг автоматик равишда АҚШ фуқаролигини олишини таъминлаш мақсадида мамлакатга боради.
Ҳусановнинг «Манчестер Сити»даги янги маоши маълум қилинди
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англиянинг «Манчестер Сити» клуби билан янги шартнома имзолач, йиллик маоши 5,2 миллион фунт стерлинг (салкам 7 миллион доллар) бўлди.
Унга кўра, Ҳусанов ҳафтасига 100 минг фунт стерлинг (салкам 135 минг доллар) олади. Беш йилга мўлжалланган шартнома бўйича футболчининг кафолатланган жами даромади 26 миллион фунтга (35 миллион доллар) тенг.
Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон жамоавий мудофаа келишувини имзолади
Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон 7-август куни Яқин Шарқдаги юқори можароли вазият фонида жамоавий мудофаа тўғрисидаги келишувни имзолади.
Ҳозирча ушбу келишув юридик жиҳатдан мажбурий кучга эгами ёки жамоавий мудофаа доирасида қандай даражада иштирок этишни назарда тутиши аниқ эмас. Бироқ, ҳатто келишув рамзий аҳамиятга эга бўлган тақдирда ҳам, ушбу уч давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини кам баҳолаб бўлмайди. Туркия НАТОдаги иккинчи йирик армияга эга давлат ҳисобланади. Саудия Арабистони ислом динининг энг муқаддас масканларига эгалик қилади, дунёдаги энг йирик нефть экспортчиларидан бири ва Форс кўрфази давлатлари орасида мудофаа соҳасида етакчи ҳисобланади. Покистон эса ядровий қуролга эга ягона мусулмон давлати ҳисобланади.
Марказий банк мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга 10 та банкни эълон қилди
Марказий банк 2026-йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича банк хизматлари сифатини ошириш ва мижозлар манфаатларини таъминлаш мақсадида тижорат банклари фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатлар таҳлилини эълон қилди. Иккинчи чорак якунларига кўра, энг юқори индекс Avo Bankда қайд этилди — 4,42.
Наманганнинг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаевга нисбатан ҳукм чиқарди. Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким Жиноят кодексининг 7 та моддаси билан айбдор деб топилди.





