«11.11» акцияси: бўйдоқлар байрамидан миллиардлаб долларлик савдо акциясигача
Бир пайтлар Хитойда бўйдоқлар байрами сифатида бошланган 11-ноябр бугун миллиардлаб долларлик савдо кунига айланган. Хўш, бу сана қандай қилиб дунё бўйлаб оммалашди, катта чегирмалар ортида харидорларни кўпроқ пул сарфлашга ундайдиган қандай усуллар бор?

Ҳар йили ноябр ойида интернет-дўконлар ва маркетплейсларда катта чегирмалар бошланади. Кийим-кечак, маиший техника, телефонлар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар арзонлаштирилади. Дўконлар реклама орқали харидорларни жалб қилишга уринади. Бу кунларнинг энг машҳурларидан бири — 11-ноябр, яъни «11.11» акциясидир.
Дастлаб Хитойда бошланган бу акция йиллар давомида бутун дунёга тарқалди. Бугун унинг кўлами оддий чегирмалар билан чекланмайди. Масалан, 2025-йилда Хитойда «11.11» савдо мавсуми давомида маркетплейслар орқали сотилган маҳсулотларнинг умумий қиймати
салкам 1,7 триллион юанга ёки қарийб 237 миллиард долларга етган. Бу акцияда нафақат кундалик маҳсулотлар сотилади, балки машҳур ва ҳашаматли брендлар ҳам ўз таклифларини тақдим этади.
Албатта, Ўзбекистон ҳам бу тенденциядан четда эмас. Маҳаллий интернет-дўконлар, кичик бизнесдан тортиб йирикларигача акция доирасида маҳсулотларнинг чегирмали нархларини эълон қилиб, харидорларни жалб қилишга чақириқларни бошлаб юборган.
Лекин бу акцияда ҳамма нарса кўринганидек оддийми? Чегирмалар харидорларга ҳақиқатан ҳам пул тежашга ёрдам берадими ёки аксинча, уларни кўпроқ харид қилишга ундайдими? Vaqt.uz «11.11» акциясининг пайдо бўлиш тарихи, унинг ортидаги савдо механизмлари ва Ўзбекистон бозорига таъсирини ўрганди.
Талабалар байрамидан миллиардлаб долларлик савдо акциясигача
«11.11» акцияси тарихи 1990-йилларда Хитойда бошланган. Ўша пайтда 11-ноябр «Бўйдоқлар куни» (Singles’ Day) сифатида нишонланган. Сананинг танланиши ҳам бежиз эмас: «11.11» даги тўртта «1» рақами ёлғиз инсонларни англатган. Бу байрам Нанкин университети талабалари орасида пайдо бўлиб, кейинчалик бошқа университетлар ва ёшлар орасида ҳам оммалашган.
Дастлаб бу куннинг савдога ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Ёшлар бирга вақт ўтказган, учрашувлар ташкил қилган ёки ўзларига совға харид қилган. Яъни 11-ноябр бошқаларга эмас, кўпроқ ўзига эътибор қаратиш куни сифатида танилган. Унинг келиб чиқиши ҳақида турли ҳикоялар бор, аммо энг кенг тарқалган маълумотларга кўра, бу анъана 1990-йилларнинг бошида Нанкин университети талабалари орасида бошланган.
Орадан йиллар ўтиб, бу санага Хитойнинг «Alibaba» компанияси эътибор қаратди. 2009-йилда компания ўзнинг Tmall интернет-савдо платформасида 11-ноябр муносабати билан илк катта чегирмалар акциясини ўтказди. Унда атиги 27 та бренд қатнашди. Харидорларга маҳсулотларни арзонроқ нархда сотиб олиш ва бепул етказиб бериш таклиф қилинди.
«Alibaba» нима учун айнан шу санани танлади? Чунки 11-ноябр Хитой ёшларига аллақачон таниш эди. Компания янги байрам ўйлаб топиш ўрнига, мавжуд санадан фойдаланиб, одамларни интернет орқали харид қилишга жалб этишни мақсад қилди.
Биринчи акция кутилганидан ҳам яхши натижа берди. 2009-йил 11-ноябр куни Tmall платформасида 52 миллион юанлик, ўша пайтдаги курс бўйича қарийб 7,5 миллион долларлик маҳсулот сотилди. Акцияда атиги 27 та бренд қатнашганини ҳисобга олсак, бу «Alibaba» учун катта натижа эди. WIRED нашри маълумотига кўра, савдо ҳажми одатий кундагидан ортиқча олти баравардан кўпроқ бўлган.
Акция йилдан йилга катталашиб борди. 2013-йилга келиб «Alibaba» платформаларидаги «11.11» савдо ҳажми қарийб 6 миллиард долларга етди. 2014-йилда эса бу кўрсаткич 9,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу рақамлар компания платформаларида сотилган маҳсулотларнинг умумий қийматини англатади, унинг соф фойдасини эмас.
2015-йилдан бошлаб «Alibaba» акцияни «11.11 Global Shopping Festival», яъни «Глобал харидлар фестивали» деб атай бошлади. Энди компания фақат Хитойдаги харидорлар билан чекланиб қолмоқчи эмасди. Хорижий брендларни ҳам савдога жалб қилиш, Хитой харидорларига бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни таклиф этиш асосий мақсадлардан бирига айланди.
Бу режалар тезда натижа бера бошлади. «Alibaba» маълумотларига кўра, 2015-йилги акцияда 16 мингдан ортиқ халқаро бренд маҳсулотлари сотилган. Харидорларнинг 33 фоизи хорижий брендлар ёки сотувчилардан маҳсулот харид қилган. Савдода 232 та мамлакат ва ҳудуддан харидорлар ҳамда сотувчилар қатнашган.
Энг эътиборлиси, бир кунлик савдо ҳажми 14,3 миллиард долларга етган. Бу 2014-йилга нисбатан 60 фоиз кўп эди. Бу кўрсаткич «Alibaba» платформаларида Alipay орқали амалга оширилган тўловлар асосида ҳисобланган маҳсулотларнинг умумий қийматини англатади.
Акциянинг мобил савдодаги улуши ҳам сезиларли ўсган, бунда умумий савдо ҳажмининг 68,7 фоизи мобил қурилмалар орқали амалга оширилган. Бир сутка давомида логистика ҳамкорлари эса 467 миллионта етказиб бериш буюртмасини қабул қилган. Бу кўрсаткич 2014-йилга нисбатан 68 фоиз кўп эди.
«11.11» глобаллашиб, «Қора жума» ва «Кибер душанба» билан рақобат қила бошлади
«Alibaba»нинг «11.11» акцияси муваффақият қозонгач, Хитойдаги бошқа савдо платформалари ҳам шу санада чегирмалар ўтказа бошлади. Улардан бири JD.com (электроника, маиший техника, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар сотиладиган йирик Хитой интернет-дўкони) эди. 2014-йил 11-ноябр куни ушбу платформада 14 миллиондан ортиқ буюртма берилди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 120 фоиздан кўпроқ эди. Шу куни JD.com орқали 35,19 миллион дона маҳсулот сотилган.
Кейинги йилларда «11.11» акцияси Хитойдан ташқаридаги бозорларга ҳам тарқала бошлади. Масалан, «Alibaba»га тегишли Lazada интернет-дўкони 2018-йилда Сингапур, Малайзия, Таиланд, Индонезия, Филиппин ва Ветнамдаги харидорлар учун бир вақтнинг ўзида «11.11» акциясини ўтказди. Lazada маълумотига кўра, ўша куни Жануби-Шарқий Осиёда 20 миллиондан ортиқ харидор платформага кириб, чегирмали маҳсулотларни кўрган. Акциянинг дастлабки бир соатида эса 1,2 миллионта буюртма берилган.
Бу акцияга бошқа халқаро интернет-дўконлар ҳам қўшилди. Масалан, Жануби-Шарқий Осиёда фаолият юритувчи Shopee 2020-йилги «11.11» акцияси давомида ўз платформасида 200 миллион дона маҳсулот сотилганини маълум қилди. 2019-йилда эса бу кўрсаткич 70 миллион дона бўлган. Демак, бир йил ичида сотилган маҳсулотлар сони қарийб уч баравар ошган.
Аммо ноябр ойидаги чегирмалар фақат «11.11» билан чекланмайди. Бу даврда яна иккита машҳур савдо куни бор: Қора жума (Black Friday) ва Кибер душанба (Cyber Monday).
Қора жума АҚШда Шукроналик кунидан кейинги жума куни ўтказилади. Дастлаб бу куни дўконларда катта чегирмалар эълон қилинган. Кейинчалик акция интернет-савдога ҳам кўчиб, кўплаб мамлакатларда оммалашган. Ундан кейинги душанба эса Кибер душанба деб аталади. У интернет-дўконлардаги чегирмалар билан боғлиқ савдо куни сифатида 2000-йилларда пайдо бўлган.
Шундай қилиб, ноябр ойи савдо компаниялари учун харидорларни жалб қилиш мавсумига айланди. «11.11» Хитойда бошланган бўлса, Қора жума ва Кибер душанба АҚШдан тарқалди. Бугун интернет-дўконлар бу саналар муносабати билан чегирмаларни бир неча кун, баъзан эса бир неча ҳафта давом эттиради.
Бироқ катта чегирмалар харидор учун ҳар доим ҳам катта тежамкорлик дегани эмас. Баъзан акциялар одамларни аввал режалаштирмаган маҳсулотларини ҳам сотиб олишга ундайди. Хўш, чегирмалар ортида қандай маркетинг усуллари туради ва харидорлар ҳақиқатан ҳам пул тежаяптими?
Чегирма ортидаги ҳийла: харидорлар қандай қилиб кўпроқ пул сарфлайди?
«11.11», Қора жума ёки Кибер душанба кунлари интернет-дўконларда кўп учрайдиган ҳолат бор, масалан маҳсулотнинг аввалги нархи устидан чизиқ тортилади, ёнида эса анча арзон янги нарх кўрсатилади. Баъзи маҳсулотларга 50, ҳатто 70 фоиз чегирма ваъда қилинади. Харидор бундай таклифни кўриб, ҳозир сотиб олмаса, кейин бу имкониятдан фойдалана олмаслиги мумкин деб ўйлайди.

Лекин эълон қилинган чегирма ҳар доим ҳам харидор пул тежаётганини англатмайди. Айрим сотувчилар акция олдидан маҳсулот нархини кўтариб, кейин уни чегирма билан сотиши мумкин. Масалан, аввал 1 миллион сўм турган маҳсулот нархи 1,5 миллион сўмга оширилади. Кейин эса
«33 фоиз чегирма» деб, яна 1 миллион сўмга таклиф қилинади. Харидорга катта чегирма берилгандек кўринади, аслида эса маҳсулот аввалги нархида сотилмоқда.
Жумладан, 2022-йилда Европа Комиссияси ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қора жума акцияси вақтида 176 та интернет-дўкондаги 16 мингта маҳсулот нархини текширган. Натижада чегирма эълон қилинган маҳсулотларнинг ҳар тўрттасидан биттасида нархни кўрсатиш қоидалари бузилгани аниқланган. Текширилган дўконларнинг камида 43 фоизида нархларни кўрсатиш қоидалари бузилган.
Европа Иттифоқида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун сотувчидан чегирма эълон қилаётганда маҳсулотнинг аввалги 30 кун ичидаги энг паст нархини кўрсатиш талаб қилинади. Яъни сотувчи маҳсулот нархини акция олдидан ошириб, кейин уни арзонлаштиргандек кўрсата олмайди. Харидор чегирма қанчалик ҳақиқий эканини шу нарх орқали текшириши мумкин.
Харидорни шошилтириш ҳам савдода кўп ишлатиладиган усуллардан бири. Интернет-дўконларда «Акция тугашига 10 дақиқа қолди»,
«Атиги 3 дона қолди» ёки «Бу маҳсулотни ҳозир 25 киши кўрмоқда» каби ёзувларни учратиш мумкин. Бундай хабарлар харидорда маҳсулот тугаб қолиши ёки чегирма якунланишидан олдин улгуриш керак деган фикрни уйғотади. Натижада одам нархларни солиштиришга ёки маҳсулот унга ҳақиқатан ҳам керакми, деб ўйлашга вақт ажратмайди.
Европа Комиссияси 2022-йилда 23 та Европа Иттифоқи давлати, Норвегия ва Исландиядаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан биргаликда 399 та интернет-дўконни текширган. 2023-йилнинг январида эълон қилинган натижаларга кўра, уларнинг 148 тасида харидорни чалғитиши мумкин бўлган камида битта усул аниқланган. Бу текширилган сайтларнинг 37 фоизини ташкил этади.
Хусусан, 42 та сайтда сохта вақт ҳисоблагичлари ишлатилган. 54 та сайт харидорларни қимматроқ маҳсулот, пулли обуна ёки етказиб бериш хизматини танлашга ундаган. Яна 70 та сайтда маҳсулотнинг етказиб бериш нархи, таркиби ёки арзонроқ муқобили ҳақидаги маълумотлар яширилган ёхуд кўзга ташланмайдиган жойга жойлаштирилган. Шулардан 23 таси харидорни пулли обунага жалб қилиш учун муҳим маълумотларни яширган.
Текширувга 102 та савдо платформасининг мобил иловалари ҳам киритилган. Улардан 27 тасида ҳам харидор қарорига таъсир қилувчи шундай усуллар аниқланган.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) бундай усулларни «қоронғи нақшлар» деб атайди. Бу интернет-дўкон ва иловаларда харидорни ўзи истамаган ёки манфаатига мос келмайдиган қарорни қабул қилишга ундайдиган усуллардир. Масалан, сохта чегирмалар, ёлғон огоҳлантиришлар, яширилган қўшимча тўловлар ёки харидорнинг розилигисиз саватга қўшилган маҳсулотлар шулар жумласидан.
Демак, чегирмалар мавсумида харидор фақат маҳсулотнинг янги нархига қараб қарор қилмаслиги керак. Унинг аввалги нархини текшириш, бошқа дўконлардаги таклифлар билан солиштириш ва етказиб бериш харажатларини ҳам ҳисоблаш муҳим. Энг асосийси, «акция тугаяпти» деган ёзув сабаб шошилинч харид қилмаслик керак. Чунки катта чегирма деб кўрсатилган таклиф ҳар доим ҳам энг арзон харид бўлавермайди.
Бир пайтлар Хитойда бўйдоқлар байрами сифатида бошланган «11.11» бүгун бутун дунёда катта савдо кунига айланган. Бу акция Ўзбекистонда ҳам оммалашиб бормоқда. Маҳаллий савдо платформалари ҳам аллақачон чегирмаларни эълон қилиб, харидорларни жалб қилишга киришган.
Лекин бир нарсани унутмаслик керак, чегирма борлиги маҳсулотни албатта арзон олиш дегани эмас. Баъзан акцияга учиб, ўзимизга керак бўлмаган нарсаларни ҳам сотиб оламиз, охирида эса пул тежаш ўрнига кўпроқ харажат қиламиз. Шунинг учун бу 11-ноябрда чегирмага эмас, аввало маҳсулотнинг ҳақиқий нархи ва ўзингизга қанчалик кераклигига эътибор берган маъқул.
Теглар






