1,7 миллион зиёратчи ва ақлли бошқарув — Ҳаж-2026 мавсуми қандай ўтди?

Бугун 09:283 дақиқа

Саудия Арабистони 2026 йилги Ҳаж мавсумини 1,7 миллиондан ортиқ зиёратчи иштирокида юқори технологиялар, сунъий интеллект ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари ёрдамида ташкил қилди.

1,7 миллион зиёратчи ва ақлли бошқарув — Ҳаж-2026 мавсуми қандай ўтди? © Reuters

2026 йил 27 май куни Қурбон Ҳайити нишонланиши билан жорий йилги Ҳаж мавсуми ҳам якунланди. Саудия Арабистони расмийлари ушбу мавсумни зиёратчиларни бошқариш, технологик интеграция ва жамоат саломатлигини таъминлаш соҳаларида намунавий тарзда ташкил этилганини маълум қилди.

Зиёратчилар сони

Саудия Арабистони Статистика бош бошқармаси маълумотларига кўра, бу йил 165 давлатдан жами 1 миллион 707 минг 301 нафар зиёратчи Ҳаж амалларини бажарди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,04 фоизга юқори. Уларнинг 1 миллион 546 мингдан ортиғи хориждан келган бўлса, 160 минг 646 нафарини Саудия фуқаролари ва мамлакатда яшовчи резидентлар ташкил қилди.

Зиёратчиларнинг асосий қисми ҳаво транспорти орқали келди. Аэропортлар орқали 1 миллион 485 минг 729 нафар, қуруқлик чегаралари орқали 54 минг 429 нафар, денгиз портлари орқали эса 6 минг 497 нафар зиёратчи мамлакатга кириб келди. Жами зиёратчиларнинг 893 минг нафари эркаклар, қарийб 814 минг нафари эса аёллардан иборат бўлди.

Бепул ҳаж имконияти

Саудия қироли Салмон бин Абдулазиз ташаббуси билан «Ҳаж, Умра ва зиёрат дастури» доирасида 2500 нафар хорижлик зиёратчи бепул ҳаж қилиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, давлат дастури асосида Ямандан келган 44 мингдан ортиқ кўчирилган шахслар ва қочқинлар ҳам Ҳаж амалларини бажарди. Ватанига қайтаётган зиёратчиларга 80 тилга таржима қилинган 1,9 миллион нусхадаги Қуръони Карим тарқатилди.

Ақлли технологиялар хизмати


Ҳаж давомида соғлиқни сақлаш тизими зиёратчиларга 2,5 миллиондан ортиқ тиббий хизмат кўрсатди. Тиббий роботлар, дронлар ва ақлли соатлар каби замонавий технологиялардан кенг фойдаланилди. Хусусан, роботлар ёрдамида 410 та мураккаб операция ўтказилди, шундан 33 таси очиқ юрак жарроҳлиги бўлди.

1


Сунъий интеллект асосида ишловчи «SAWAHER» платформаси 16 та алгоритм ва 5000 та кузатув камераси орқали 1,7 миллионлик зиёратчи ҳаракатини назорат қилди. Бу тизим хавфсизликни таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнади.

Мавсум давомида мамлакат бўйлаб 712 миллиондан ортиқ озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотлари етказиб берилди. Ҳаж якунлангач, 22 минг нафар коммунал хизмат ходими Макка ва муқаддас қадамжолардан 266 минг тоннадан зиёд чиқиндини олиб чиқди.

Ҳаждан кейинги вазифалар

Ҳаж тугаганидан сўнг Саудия расмийлари муқаддас ҳудудларни келаси мавсумга тайёрлаш ишларини бошлади. Минодаги вақтинчалик иншоотлар текширилмоқда, таъмирланмоқда ёки қайта фойдаланиш учун сақланмоқда. Шу билан бирга, йўллар, туннеллар, сув ва электр тармоқлари ҳам техник кўрикдан ўтказилмоқда.

2


Мутахассислар фикрича, Ҳаждан кейинги энг катта масалалардан бири чиқиндиларни бошқариш ҳисобланади. Қисқа вақт ичида катта ҳажмдаги маиший, тиббий ва қурбонлик чиқиндиларининг йиғилиши тизимга катта босим юкламоқда. Шу сабабли қироллик хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва барқарор ечимларни жорий этишга эътибор қаратмоқда.

Ноқонуний зиёратчиларга қарши чоралар


Ҳаж мавсуми давомида хавфсизлик тадбирлари ҳам кучайтирилди. 21–27 май кунлари ўтказилган рейдлар натижасида 8 минг 90 нафар ноқонуний резидент қўлга олинди. Уларнинг 4,2 минг нафари иқомат қоидаларини, 2,6 минг нафари чегара қонунчилигини, 1,1 минг нафари эса меҳнат қонунчилигини бузган.

Шунингдек, 7 минг 466 нафар шахс мамлакатдан депортация қилинди. Ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтишга уринган 1,1 минг киши ушланган бўлиб, уларнинг асосий қисмини Яман ва Эфиопия фуқаролари ташкил қилди. Ноқонуний зиёратчиларга ёрдам берган 13 нафар шахс ҳам жавобгарликка тортилди. Саудия Ички ишлар вазирлиги бундай ҳаракатлар учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 1 миллион риёлгача жарима қўлланилишини эслатди.

Умра мавсуми

Ҳаж якунланиши билан Саудия Арабистони янги Умра мавсумини ҳам бошлади. 31 майдан Умра визалари бериш жараёни йўлга қўйилди. Янги тақвимга мувофиқ, зиёратчилар 1 июндан Маккага кириши ва «Nusuk» платформаси орқали рухсатнома олиши мумкин. Умра визаларини бериш 2027 йил 9 мартгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ҳаж мавсуми доирасида Ўзбекистоннинг 9 та шаҳридан жами 15 130 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига борди.

Теглар

Мавзуга оид

1,7 миллион зиёратчи ва ақлли бошқарув — Ҳаж-2026 мавсуми қандай ўтди? | Vaqt.uz