1,7 трлн сўмлик янги мажмуа – Фарғонанинг янги ташриф қоғози
Марғилон шаҳрида «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси очилди. 35 гектар майдонни эгаллаган объектда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар барпо этилган.

Президент қарори асосида қуриб битказилган «Бурҳониддин Марғиноний» мажмуаси миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туризм талаблари уйғунлашган тарихий шаҳар ичидаги шаҳарчадир.
Мажмуа нафақат Марғилон, балки бутун водийликлар ҳаётида муҳим ўрин тутгани ташриф буюрувчиларнинг сони кўплигидан ҳам кўринади.
Ҳудудда Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш мақсад қилинган.
Мажмуанинг яна бир ташриф қоғози бу «Отабек ва Кумуш уйи» музейидир. Унинг деворларида «Ўткан кунлар» романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.
Лойиҳа бош режа
Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг «Studio Vertebra» компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа тўлиқ икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.
«Бурҳониддин Марғиноний» мажмуаси тажрибасини Бухородаги «Боқий Бухоро», Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги «Ахсикент» ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.
Теглар






