
2025 йил инфляцияси: йил давомида бозорларда нархлар қандай ўзгарди?
2025 йил якунида Ўзбекистонда инфляция даражаси сўнгги тўққиз йилдаги энг паст кўрсаткичга тушди, бироқ йил давомида озиқ-овқат, хизматлар ва коммунал соҳада нархлар босими сақланиб қолди.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил якуни бўйича Ўзбекистонда инфляция даражаси 7,3 фоизга тушди. Бу сўнгги 9 йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Маълумот учун, Марказий банк йил якунлари бўйича прогнозида ҳам умумий инфляция 7,3 фоиз атрофида бўлишини маълум қилган эди. Шунингдек, 2026 йилда инфляция даражаси 6,5 фоизга туширилиши кутилмоқда.
2016 йилдан буён йиллик инфляция даражаси
Йил | Инфляция даражаси (фоиз) |
2016 | 9,7 |
2017 | 18,8 |
2018 | 14,3 |
2019 | 15,2 |
2020 | 11,1 |
2021 | 10 |
2022 | 12,3 |
2023 | 8,8 |
2024 | 9,8 |
2025 | 7,3 |
2026 (прогноз) | 6,5 |
Кўриниб турибдики, охирги марта 2023 йилда 8,8 фоиз билан энг паст кўрсаткич қайд этилган эди. Аммо 2025 йилнинг куз ойларида инфляция кетма-кет пасайди: сентябрда — 8 фоиз, октябрда — 7,8 фоиз, ноябрда — 7,5 фоиз, декабрда — 7,3 фоиз.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлил қилишича, ойлик инфляция олдинги ойга нисбатан 0,2 фоиз бандга тезлашган бўлса-да, 2024 йилнинг декабр ойига нисбатан 0,1 фоиз банд пастроқ шаклланган. Йиллик инфляция эса январь ойига нисбатан 2,6 фоиз бандга секинлашган.
Декабр ойида истеъмол саватидаги 510 та товар ва хизматлардан 267 тасининг нархи олдинги ойга нисбатан секинлашган. Бунда, 167 та ноозиқ-овқат, 71 озиқ-овқат ва 29 та хизматларнинг нарх ўсиши олдинги ойга нисбатан секинлашган.
Ноозиқ-овқатларда нарх ўсиши секинлашган товарлар сони олдинги ойга нисбатан 2 баробар (85 та) ошган бўлса, озиқ-овқатлар ва хизматларда мос равишда 47 та ва 4 тага камайган. Озиқ-овқатларда нарх ўсиши тезлашган товарлар сонининг ортиши мавсумий омиллар билан изоҳланиши мумкин.
Нарх ўсиши секинлашган товар ва хизматлар сони ноябр ойига нисбатан 34 тага ошган бўлса, 2024 йилнинг мос ойига нисбатан 10 тага камайган.
Инфляция тушди, лекин нарх-наво-чи?
Маълумотларга кўра, 2025 йилда товарлар нархи 5,4 фоизга кўтарилди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида 1,5 фоизга, йил давомида эса 5,5 фоизга қимматлашди. Бу 2024 йил охиридаги даражадан икки баробар кўп дегани.
Гўшт нархи. Йил давомида қўй гўшти 26,8 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, суякли мол гўшти эса 23,9 фоизга қимматлашди.
Декабр ойида суяксиз мол гўшти — 0,5 фоизга, суякли мол гўшти — 0,5 фоизга, қўй гўшти — 0,5 фоизга, парранда гўшти — 0,2–0,6 фоизга ошган. Бу жараёнда ҳам импорт қилинган, ҳам маҳаллий гўшт нархларида ўзгаришлар кузатилди.
Статистика қўмитаси маълум қилишича, 1 кг гўштнинг ўртача нархи 500–1000 сўмга ошган. Солиштириш учун, ўтган ойда бу кўрсаткич 1000–1500 сўмни ташкил этган эди.
Сабзавот ва мевалар. Декабр ойида сабзавотлар орасида энг катта ўсиш бодринг нархида кузатилди. Бозорларда унинг нархи 50 минг сўмгача кўтарилди. Ҳатто импорт қилинадиган ананасдан ҳам бодринг 2 карра қиммат бўлди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни энергетикадаги узилишлар билан қуйидагича изоҳлади:
«Бодринг нархларининг ўтган йилдаги кризис давридан ҳам кўпроқ қимматлаши энергетикадаги узилишлар ва, энг ёмони, ноябрдаги экологик кризис ортидан яратилган сунъий ва маъмурий ноаниқликлар билан боғлиқ».
Бодринг билан бир қаторда, бақлажон нархи 56 фоизга, помидор 25,1 фоизга, булғор қалампири эса қарийб 23 фоизга ошган. Умуман олганда, ушбу уч маҳсулот октябрдан бери нарх ўсиши бўйича ўзаро мусобақалашиб келмоқда.
Шу билан бирга, декабр ойида сабзи (-7,5 фоиз), цитрус мевалар (-2,4 фоиз), шакар (-2,3 фоиз) ва гуруч (-1,8 фоиз) нархлари пасайган. Бироқ 2025 йил давомида цитрус мевалар нархи 33,6 фоизга ошган бўлиб, хусусан, лимон нархи 96,4 фоизга кўтарилган.
Ёғ маҳсулотлари. Декабр ойида кунгабоқар ёғи нархи бир неча ойлик ўсишдан сўнг 0,5 фоизга арзонлашди. Шунга қарамай, йиллик ҳисобда пахта ёғи 17,7 фоизга, кунгабоқар ёғи эса 12,7 фоизга қимматлашди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида арзонлашганлар ҳам бор. Масалан, гуруч (-16,6 фоиз), тухум (-14,5 фоиз), шакар (-4,8 фоиз) ва ун (-4,7 фоиз) арзонлашган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи йил давомида 5,1 фоизга ошди, шундан 0,3 фоизи декабрь ойи ҳиссасига тўғри келади. 2024 йилда бу кўрсаткич 7,7 фоиз бўлган.
Хизмат кўрсатиш соҳаси. Хизмат кўрсатиш соҳасида инфляция ўтган йилга нисбатан маълум даражада пасайганига қарамасдан, у ҳали ҳам умумий инфляция даражасидан анча юқори бўлиб, 13,9 фоизни ташкил этди. Декабрь ойида эса хизматлар нархи 0,7 фоизга ошди.
Коммунал хизматлар. Айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари учун тарифлар оширилиб, мамлакат бўйича ўртача 3 фоизлик қимматлашувга олиб келди. Бошқа коммунал хизматлар учун тўловлар бир ой давомида ўзгармади.
Йил давомида уй-жой коммунал хизматлари тарифларининг ўртача даражаси 17,1 фоизга ошди. Жумладан:
тармоқ гази — 39,2 фоиз;
ичимлик суви ва канализация — 35 фоиз;
чиқиндиларни олиб чиқиш — 32,5 фоиз;
суюлтирилган газ — 25 фоиз;
электр энергияси — 18,8 фоиз;
иссиқ сув таъминоти — 11,9 фоиз;
иссиқлик таъминоти — 11,5 фоизга қимматлаган.
Уяли алоқа. Декабр ойида мобил алоқа хизматлари ўртача 4,9 фоизга қимматлашди. Йил бошидан буён эса нархлар ўсиши 15,1 фоизни ташкил этди. Нархлар сезиларли ошганига қарамасдан, хизмат сифатига нисбатан эътирозлар ҳам сақланиб қолмоқда.
Саноат маҳсулотлари ва транспорт. Нархи энг кўп ошган Топ-30 хизматлар орасида бензин ҳам мавжуд. Иқтисодчи Отабек Бакиров таъбири билан айтганда, ёқилғи нархи ва йўлкирлар «осмонга ўралашда» давом этмоқда.
Ой давомида бензин 2,4 фоизга, пропан 1,3 фоизга, шаҳар атрофи поездлари 5,9 фоизга, шаҳар автобуслари 3,2 фоизга, авиақатновлар 2 фоизга ошган.
Қайд этилишича, 2025 йил декабрда сотилган бензиннинг 78 фоизи AI-92 маркали бензин бўлган (ноябрда — 57 фоиз).
Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги нархлар:
AI-80 — 9500–9900 сўм;
AI-91/AI-92 — 10 500–13 300 сўм;
AI-95/AI-98 — 12 500–18 000 сўм;
AI-100 — 21 000 сўмгача.
Пропан литри 7600 сўм юқори нарх чегарасида 1,3 фоизга қимматлашди ва ўтган йилга нисбатан 10,5 фоизга арзонлигича қолди. Метан нархи декабрь ойида барқарор бўлиб, йиллик ўсиш тахминан 30 фоизни ташкил этди.
Йил давомида ички ва халқаро авиачипталар 21,7 фоизга, шаҳар автобуслари чипталари 21,1 фоизга, шаҳар атрофи поездлари йўл ҳақи 10,1 фоизга қимматлашди. Курйерлик хизматлари нархи эса 18,3 фоизга ошди.
Соғлиқни сақлаш. Декабр ойида соғлиқни сақлаш соҳасидаги нархлар сезиларли ўзгармади. Дори воситалари 0,2 фоизга (йил давомида 4,6 фоиз), даволаниш хизматлари 0,2 фоизга, соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа хизматлар эса 0,1 фоизга қимматлашди.
Таълим. 2025 йилда боғча тўловлари 17 фоизга ошди. Хорижий тиллар ва репетиторлик хизматлари 6,6 фоизга қимматлашди. Ҳайдовчиликка тайёрлов курслари эса 59 фоизга ошган. Vaqt.uz бу бўйича суриштирув ўтказиб, «права» олиш нархининг кескин ошиши сабабларини таҳлил қилган эди.
Ҳудудий кўрсаткичлар. Йил давомида нархлар энг кўп Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистонда — 7,7 фоизга ошган. Инфляциянинг энг паст даражаси Жиззах вилоятида — 6,7 фоиз қайд этилди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида инфляция республика ўртача кўрсаткичидан бироз паст бўлиб, мос равишда 7,1 ва 7,2 фоизни ташкил қилди.
2025 йилда қайси товар ва хизматлар қимматлади, қайсилари арзонлашди?
Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, 2025 йилда нархи энг юқори ўсган хизмат троллейбус йўл ҳақи бўлиб, у йил давомида 2 баробарга ошган. Шунингдек, лимон (96,4 фоиз), ҳайдовчиликка тайёрлов курслари (59 фоиз), ички ҳаво транспорти хизматлари (59,6 фоиз) ҳам юқори ўсиш кўрсатган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг катта ўсиш гўшт маҳсулотларига тўғри келган. Турли гўшт турлари нархи йил давомида 24–26 фоизга ошган. Бу ҳолат глобал омиллар билан боғлиқ бўлиб, хусусан, ФАО маълумотларига кўра, мол гўшти индекси 14,2 фоизга, қўй гўшти индекси эса 23,4 фоизга ошган.
Қайси товарлар нархи энг кўп пасайди?
2025 йилда энг кўп арзонлашган маҳсулот қовоқ бўлиб, унинг нархи 57,7 фоизга тушган. Шунингдек, тарвуз (-29,9 фоиз), шафтоли (-24,1 фоиз), саримсоқ (-20,5 фоиз) каби маҳсулотлар ҳам сезиларли арзонлашган.
Нархи энг кўп пасайган 20 та товар ва хизматнинг 17 таси озиқ-овқат маҳсулотлари, 2 таси ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 1 таси хизматлар (пул ўтказмалари учун ҳақ) ҳисобланади. Бу ҳолат мавсумий пишиқчилик даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин пасайиши билан изоҳланади.

2025 йилда инфляция даражасининг 7,3 фоизга тушиши расмий кўрсаткичлар нуқтаи назаридан ижобий натижа сифатида тақдим этилмоқда. Бироқ бу пасайиш аҳоли кундалик ҳаётида нархлар босими сезиларли камайганини англатмаяпти. Аксинча, озиқ-овқат, коммунал хизматлар, транспорт ва таълим каби асосий харажат йўналишларида қимматлашув сақланиб қолди.
Шу жиҳатдан, инфляция кўрсаткичининг пасайиши ҳозирча умумий статистик манзарани яхшилаган бўлса-да, унинг аҳоли харид қобилиятига таъсири чекланганлигича қолмоқда. Нархлар тузилмасидаги ўзгаришлар ва асосий харажат йўналишларида барқарорлик таъминланмас экан, инфляциянинг пасайиши ижтимоий фаровонликда тўлиқ акс этиши қийин бўлиб қолади.
Теглар






