add

2025 йил — Ер тарихидаги энг иссиқ йиллардан бири бўлди

Бугун 08:182 дақиқа

Гарчи 2025 йил мутлақ рекорд ўрнатмаган бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда Ер қизишда давом этишини исботлашга хизмат қилди.

2025 йил — Ер тарихидаги энг иссиқ йиллардан бири бўлди

2025 йил метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ уч йилдан бири бўлди. Бу ҳақда Европанинг Иқлим ўзгаришини мониторинг қилиш хизмати (C3S) маълумотларида келтирилган.

«2025 йил 2023 йилга қараганда бирозгина салқинроқ бўлди, 2024 йил эса кузатувлар бошланганидан бери ҳали ҳам энг иссиқ йил бўлиб қолмоқда», — деб баёнот берди чоршанба, 14 январ куни C3S директори ўринбосари Саманта Бержесс.

У Европа ва Америка ташкилотлари билан ҳамкорликда тайёрланган «Глобал иқлим кўрсаткичлари» янги маърузасини тақдим этар экан, якунланган йил сайёра иқлими учун яна бир фавқулодда йил бўлганини айтди. Ўртача ҳарорат 2023 йилга нисбатан Целсий шкаласи бўйича 0,01 даражага ва 2024 йилга нисбатан 0,13 даражага паст бўлган.

2023–2025 йиллардаги ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврдан 1,5 даражага юқори бўлган. Олинган маълумотлар иқлим инқирози кучаяётганини яққол намойиш этади: 2023 йилдан 2025 йилгача бўлган глобал ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан ўртача 1,5 даражадан кўпроқ юқори бўлган.

«Бу уч йиллик давр ичида ушбу чегарадан биринчи марта ошиш ҳолатидир», — деб қайд этади маъруза муаллифлари.

Агар бундай тенденция ҳозирги суръатларда давом этса, 2015 йилдаги Париж келишуви билан белгиланган ўртача исишнинг 1,5 даража Целсийлик рухсат этилган чегараси жорий ўн йилликнинг охиригача — илгари тахмин қилинганидан 10 йил олдин бузиб ўтилади.

 

Ер қизишда давом этмоқда

«Гарчи 2025 йил олдингисидан иссиқроқ бўлиб чиқмаган бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда Ер қизишда давом этмоқда», — деб таъкидлайди ҳужжат муаллифлари.

Бу жараён ҳатто иссиқхона газлари чиқарилиши кескин тўхтатилган тақдирда ҳам давом этган бўларди, чунки улар атмосферада узоқ вақт давомида қолади.

«CO2 ҳолатида гап асрлар ҳақида кетмоқда», — деб тушунтирди Copernicus атмосфера хизмати эксперти Лоранс Руил.

«Баъзи ҳудудларда 2025 йилда ўртачадан паст ҳароратлар кузатилди, бироқ гап об-ҳавонинг нормал ўзгарувчанлиги ҳақида кетмоқда. «Совуқ ҳудуд иқлим ўзгариши ҳақиқат эмаслигини англатмайди. Глобал контекст муҳим», — деди Бержесс.

Copernicus директори Карло Буонтемпонинг сўзларига кўра, давом этаётган глобал исишнинг умумий манзараси шубҳасиздир.

«Дунё Париж келишувида белгиланган узоқ муддатли ҳарорат чегарасига тез суръатлар билан яқинлашмоқда. Биз уни албатта кесиб ўтамиз. Энди биз ушбу муқаррар ошиб кетиш ва унинг жамият ҳамда экотизимлар учун оқибатларини қандай қилиб энг яхши тарзда енгиб ўтишни ҳал қилишимиз керак», - деб огоҳлантирди у.

Теглар

Мавзуга оид