add

2026 йилда самарасиз субсидиялар ва имтиёзлар бекор қилинади

Президент раислигида ўтган йиғилишда 2026 йил бюджети муҳокама қилиниб, самара бермаётган субсидия ва имтиёзларни тугатиш, харажатларни қисқартириш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлаш вазифаси қўйилди.

2026 йилда самарасиз субсидиялар ва имтиёзлар бекор қилинади

27 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил учун макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети параметрларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда жорий йил якунлари таҳлил қилиниб, келгуси йилнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Йиғилишда давлат раҳбари самарадорлиги паст бўлган субсидия ва имтиёзларни бекор қилиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бюджет маблағларидан фойдаланишда тежамкорлик ва самарадорлик асосий тамойилга айланиши керак. Шу билан бирга, асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолиши маълум қилинди.

Харажатлар сиёсати бўйича 2026 йилда давлат сарфлари кескин қисқартирилади, самарадорлик устидан қатъий назорат ўрнатилади. Яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ва маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш вазифалари қўйилди.

Шунингдек, самарасиз субсидия механизмларини тугатиш орқали маблағларни аниқ натижа берадиган йўналишларга йўналтириш белгиланди.

Йиғилишда давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, дивиденд сиёсатини тартибга солиш ва рақобатбардошликни ошириш учун хусусий сектор иштирокини кенгайтириш кераклиги таъкидланди. Шу билан бирга, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни охирига етказибгина янги ташаббусларга ресурс жалб қилиш тизимига ўтилади.

2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлар ҳам маълум қилинди: ЯИМ 6,6 фоиз ўсиши ва ҳажми 150 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. Иқтисодиётга барча манбалардан камида 400 триллион сўм инвестиция йўналтирилади, инфляция эса 7 фоиздан ошмаслиги режалаштирилган.

Давлат раҳбари йиғилиш якунида 2026 йилни «иқтисодий самарадорлик ва тежамкорлик йили» сифатида ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгармаслиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

2026 йилда самарасиз субсидиялар ва имтиёзлар бекор қилинади | Vaqt.uz