2026-йилда субсидия ва трансфертларга қарийб 52 триллион сўм йўналтирилади
Маблағнинг 28,6 триллион сўми турли соҳалардаги субсидияларга, 23 триллион сўми эса Пенсия жамғармасига давлат бюджети трансферти сифатида ажратилиши режалаштирилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти 30 июль куни бўлиб ўтган фискал мулоқотда 2026 йил учун давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидия ва трансфертлар ҳажмини маълум қилди, деб хабар бермоқда Vaqt.uz журналисти.
Институт маълумотларига кўра, 2026 йилда давлат бюджети ҳисобидан жами 51,6 триллион сўм субсидия ва трансфертларга йўналтирилиши режалаштирилган.

28,6 триллион сўм қайси соҳаларга ажратилади?
Шундан 28,6 триллион сўм турли соҳалардаги субсидияларга ажратилади. Бу маблағлар асосан:
• иссиқлик таъминоти;
• ипотека дастурлари;
• транспорт хизматлари;
• нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
• талабалар турар жойини қўллаб-қувватлаш;
• таълим кредитларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Қолган 23 триллион сўм эса Пенсия жамғармасига давлат бюджети трансферти сифатида йўналтирилади.
«2026 йилда давлат бюджети ҳисобидан субсидия ва трансфертларнинг ҳажми қарийб 52 триллион сўмни ташкил этади. Шундан 28,6 триллион сўм турли йўналишлардаги субсидияларга, 23 триллион сўм эса Пенсия жамғармасига трансферт ҳиссасига тўғри келади», — деди Фискал таҳлиллар институти вакили.
Пенсия жамғармаси учун асосий муаммо — норасмий бандлик
Тақдимотда шунингдек, мамлакатдаги банд аҳолининг 48,2 фоизи норасмий секторда фаолият юритиши қайд этилди.
Институт фикрича, Пенсия жамғармасининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун расмий бандликни кенгайтириш ва ижтимоий солиқни мунтазам тўловчилар сонини ошириш зарур.
«Бандликни легаллаштириш пенсия сиёсатининг устувор йўналишига айланиши лозим. Асосий вазифа — ижтимоий солиқни мунтазам тўловчилар базасини кенгайтириш. Ўзини ўзи банд қилиш даромадларни легаллаштиришда муҳим босқич, аммо формал бандлик ўрнини босмайди», — дейилди тақдимотда.





