add

5 килога яқин гиёҳвандлик моддасини редуктор ичига яшириб, чегарадан олиб ўтмоқчи бўлганлар фош этилди

26.11.2025 | 11:031902 дақиқа

Тошкент туманидаги «Навоий» чегара божхона постига Қозоғистондан кириб келган шахсларга тегишли 2 дона редуктор текширилганда, унинг ичида 4 кг 965 гр «Клефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлган.

5 килога яқин гиёҳвандлик моддасини редуктор ичига яшириб, чегарадан олиб ўтмоқчи бўлганлар фош этилди

Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида қарийб 12,3 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Тошкент туманидаги «Навоий» чегара божхона постига Қозоғистондан кириб келган – Тошкент шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилганА.А. ҳамда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган М.А.га тегишли 2 дона редуктор текширилганда, унинг ичида 4 кг 965 гр «Клефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилганда, Тошкент шаҳрида ушбу ажал оғусини қабул қилиб олган, уларнинг яна 3 нафар шериклари Э.Б., И.И. ва О.Ж.лар ҳам қўлга олинган.

Аниқланишича, наркотик модда турли мессенжерлар орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Россия Федерацияси фуқароси томонидан юборилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яна бир ҳолатда, Зангиота туманида яшовчи 1978 йилда туғилган фуқаронинг уйида 5 кг ҳамда Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1974 йилда туғилган Д.А.нинг уйида эса 2 кг 326 гр. «Марихуана» гиёҳвандлик воситалари сақланаётганлиги аниқланган. Маълумотларга кўра, улар наркотик моддани яшаш хонадонларида етиштириб, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келишган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чироқчилик фуқаронинг уйидан қарийб 21 кг гиёҳванд модда топилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид