
Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди
Агентлик қишлоқ хўжалигида давлат кўмаги жараёнларини рақамлаштириб, тўловлар ва ариза қабул қилиш тартибини сезиларли соддалаштириштиради.

Президентнинг «Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-224-сонли фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилади.
Фармоннинг асосий мақсадлари сифатида аграр тармоқда молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, меҳнат ва вақт сарфини икки бараварга қисқартириш вазифаси қўйилди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида давлат томонидан кўрсатиладиган турли қўллаб-қувватлаш механизмларини бирлаштириш орқали уларнинг умумий сонини 2028 йил охирига қадар 50 фоизгача қисқартириш режалаштирилган.
Янги Агентлик қўллаб-қувватлаш чораларининг янги турларини ишлаб чиқиш, аризаларни қабул қилишдан тортиб, уларни кўриб чиқиш ва тўловларни амалга оширишгача бўлган босқичларни тўлиқ рақамлаштириш билан шуғулланади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб қўллаб-қувватлаш чоралари тўлиқ Агентлик орқали амалга оширилади. Тадбиркорларга молиялаштириш махсус ҳисоб рақамлари — 23210 тоифасида очиладиган ҳисоблар орқали йўналтирилади.
Аграр соҳада тўловлар агентлигининг ташкил этилиши соҳадаги маъмурий жараёнларни соддалаштириш, давлат кўмаги механизмларини шаффофлаштириш ва ресурсларни оқилона йўналтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев пахтачиликни ривожлантирадиган янги таклифларни маъқуллагани ҳақида хабар берган эдик.





