Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий сектор жалб қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш мақсадида соҳага хусусий секторни жалб этиш ва бу тажрибани Андижон вилоятида бошлаш маъқулланди.
© Фото: «Ҳудудгазтаъминот» АЖ
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва суюлтирилган газ таъминоти масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. Тизим сўнгги йилларда рақамлаштирилган бўлса-да, газни ўз вақтида етказиб бериш муаммоси ҳали тўлиқ ҳал этилмаган.
Андижонда янги тизим синовдан ўтказилади
Йиғилишда суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва бундай тажрибани Андижон вилоятида бошлаш таклифи маъқулланди.
Маълум қилинишича, Андижон вилоятида йилнинг олти ойида режалаштирилган 48 минг тонна ўрнига 41 минг тонна суюлтирилган газ етказилган. Натижада 318 та маҳаллада таъминот белгиланган жадвалдан ортда қолмоқда.
Энди тадбиркорлар ўзлари импорт қилган ёки биржа орқали харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ҳамда бизнес субъектларига етказиб бериши мумкин бўлади. Йил бошидан буён хусусий сектор 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилган.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга суюлтирилган газ учун субсидия ажратилади. Йил якунига қадар бу борада «Андижон тажрибаси» йўлга қўйилади.
Газ баллонлари тизими ҳам ўзгаради
Йиғилишда суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунига қадар режалаштирилган 520 минг тоннадан 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, аҳолига газ етказиш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Ҳозир истеъмолчиларга асосан 20 килограммли баллонлар етказиб берилмоқда. Бироқ айрим хонадонлар учун ойига 5–6 килограмм газ етарли бўлса, бошқаларига 30–40 килограммли баллонлар зарур.
Шу муносабат билан суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими бир ой муддатда хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.





