Alfa Invest суғурта компанияси 1,17 млрд сўмлик қўшимча эмиссияни амалга оширмоқчи
2025 йил декабр ойида «Alfa Invest суғурта компанияси» АЖ устав капиталини 1,17 млрд сўмга ошириш тўғрисида қарор қабул қилди. Эмиссия ёпиқ обуна шаклида амалга оширилади.

Бу эмиссия компаниянинг бешинчи қўшимча акциялар чиқарилиши ҳисобланади. Гарчи ҳажм жиҳатидан бу қарор суғурта сектори кесимида жуда йирик кўринмаса-да, бироқ у компаниянинг капитал тузилмасини босқичма-босқич янгилаб бориш стратегиясини яққол намоён қилади.
Суғурта бозорида одатда капиталнинг ўзи эмас, балки капитал ва мажбуриятлар ўртасидаги нисбат ҳал қилувчи аҳамиятга эга. «Alfa Invest» устав капиталини кетма-кет эмиссиялар орқали ошириб бораётгани портфель ҳажми ва қабул қилинаётган рисклар кенгайиб боргани сари капитални ҳам шунга мослаштираётганидан далолат беради. Натижада, капитал компания фаолиятининг жорий масштабига мутаносиб тарзда янгиланиб, регулятор талаблари ва риск-менежмент сиёсатига мос ҳолатда сақланмоқда.
Акциядорлик жамияти сифатида «Alfa Invest» учун устав капиталини оширишнинг асосий ҳуқуқий инструменти акциялар эмиссиясидир.
Суғурта компаниялари одатда капитални мажбуриятлар ҳажми ортганда, рисклар кенгайганда ёки регулятор талабларида ўзгаришлар юзага келганида кўтаришни кўриб чиқади. Молиявий нуқтайи назардан қаралганда, қарз инструментлари, жумладан, облигациялар суғурта секторида капитал етарлилигини оширмайди, аксинча балансда мажбуриятлар юкини кўпайтиради.
Шу сабабли устав капиталини мустаҳкамлашда асосан equity инструментлари, яъни қўшимча акция эмиссиялари қўлланилади. «Alfa Invest»нинг ҳозирги қарори айнан шундай ёндашувга мос келади.
Акциялар ёпиқ обуна орқали жойлаштирилаётгани уларнинг оммавий савдога чиқарилмаслигини ва фақат чекланган доирадаги инвесторлар ўртасида тақсимланишини англатади. Бу танлов компания ҳозирча акциядорлик назоратини ички контурда сақлаб қолишни афзал кўраётганини кўрсатади.
Суғурта бизнеси узоқ муддатли мажбуриятларга асосланган бўлгани сабабли, акциядорлар базасининг барқарорлиги ва прогноз қилиниши корпоратив бошқарув нуқтайи назаридан муҳим омил ҳисобланади. Шу жиҳатдан ёпиқ обуна механизми назоратни тарқоқ акциядорлар ўртасида ёйиб юбормасликка ва стратегик бошқарувни бир маромда олиб боришга хизмат қилади.
Мазкур қарор «Alfa Invest» тарихида бешинчи қўшимча эмиссия сифатида қайд этилмоқда. Бу устав капиталидаги ўзгаришлар бир марталик ҳодиса эмас, балки компания фаолияти давомида мунтазам равишда амалга оширилаётган жараён эканини кўрсатади. Бундай кетма-кетлик капитал тузилмасига бозор шароити, портфел ҳажми ва рисклар кенгайиб боргани сари капитални ҳам шунга мослаштириб бораётганини кўрсатади.
«Alfa Invest» суғурта компаниясининг 1,17 млрд сўмлик қўшимча акциялар эмиссияси фонд бозорида янги эркин савдо объектини яратмайди ва қисқа муддатда бозор ликвидлигини оширмайди. Бироқ суғурта секторида устав капиталининг етарли ва сифатли шаклланган бўлиши, узоқ муддатли мажбуриятларни бажариш ва пруденциал талабларни қондириш нуқтайи назаридан, компания барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Г.Бозорова тайёрлади





