Logo

Маош бўйича Остонадан ортда қолаётган Тошкент, Чорвоқ пляжларини талашган тўдалар ва старт берилган Тошкент–Самарқанд пулли йўли — 22 июл дайжести

Kecha 23:303 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Маош бўйича Остонадан ортда қолаётган Тошкент, Чорвоқ пляжларини талашган тўдалар ва старт берилган Тошкент–Самарқанд пулли йўли — 22 июл дайжести

Шавкат Мирзиёев: Қўшимча солиқ тушумлари бўйича йиллик режа атиги 40 фоизга бажарилган

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда импорт гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёзни йил охиригача узайтириш ҳамда авиаташув харажатларини қоплаш учун 300 млрд сўм ажратилиши маълум қилинди. Бу қарор мамлакатда гўшт нархининг ошиши ва чорвачиликда аниқланган камомад фонида қабул қилинди.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатда қорамоллар сони 2,1 млн бошга, қўй ва эчкилар эса 1,5 млн бошга аввалги ҳисоботларга нисбатан кам экани аниқланган. Вазиятни барқарорлаштириш учун чорвачилик лойиҳаларига қўшимча маблағ ажратилиб, йил якунига қадар четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки импорт қилиш вазифаси қўйилди.

Президент Тошкент – Самарқанд янги автомобил йўли қурилишига старт берди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомагистрал қурилишига старт берди. Узунлиги 282 километр, қиймати 2,2 млрд доллар бўлган олти полосали йўлда 92 та кўприк ва 28 та йўл ўтказгич барпо этилади. Лойиҳа амалга ошгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради, йўл эса суткасига 60–80 мингта транспорт воситасини қабул қила олади.

Янги автомагистрал юк ташиш таннархини 20–24 фоизга камайтириши, халқаро транзит ҳажмини ошириши ва логистика соҳасига 3 млрд доллар инвестиция жалб этиши кутилмоқда. Шунингдек, магистрал бўйлаб логистика марказлари, саноат ва сервис объектлари ташкил қилиниб, камида 50 мингта иш ўрни яратилиши прогноз қилинмоқда.

Тошкент анча ортда: кўпроқ маош олиш учун қаерга кўчиб ўтиш керак?

The Economist эълон қилган таҳлилга кўра, Тошкентнинг «city premium» — яъни шаҳарнинг бир хил малакага эга ходим маошига қўшадиган бонуси — глобал ўртача кўрсаткичдан 36 фоиз паст. Таққослаш учун, Остонада бу кўрсаткич атиги 4 фоиз паст бўлиб, бир хил малакага эга мутахассис учун маош ўсиши имконияти юқорироқ баҳоланган. Шу билан бирга, 2026 йил I чорагида ўртача ойлик Тошкентда 11,7 млн сўм, Остонада эса 14,9 млн сўмни ташкил этган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, йирик ва иқтисодиёти диверсификация қилинган шаҳарларда иш ҳақи бонуси юқорироқ бўлади. Тошкентда эса транспорт, уй-жой ва коммунал инфратузилмадаги чекловлар шаҳарнинг юқори маош яратиш салоҳиятини пасайтириши мумкин. Таҳлилда энг юқори жойлашув бонуси Лихтенштейн пойтахти Вадуцда қайд этилган, оммабоп шаҳарлар орасида эса Москва (+18%) ва Сеул (+81%) юқори натижа кўрсатган.

Олтин нархи ўсиши бюджетга 70 трлн сўмдан ортиқ қўшимча даромад келтиради

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ишлаб чиққан Фискал стратегияга кўра, 2026 йилда давлат бюджети даромадлари 439,7 трлн сўмга етиши кутилмоқда. Бу тасдиқланган режадан 19 фоизга, яъни 70 трлн сўмдан ортиқ юқори. Вазирлик буни жаҳон бозорида олтин нархининг кутилганидан юқори шакллангани ва солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилгани билан изоҳлади.

Прогнозга кўра, 2026 йилда бюджет даромадлари 2025 йилга нисбатан қарийб 80 трлн сўмга (22,2 фоиз) ошади. Энг катта ўсиш фойда солиғи, ҚҚС ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисобига таъминланиши кутилмоқда. Фискал стратегияга мувофиқ, давлат бюджети даромадлари 2028 йилда 483,1 трлн сўм, 2029 йилда эса 554,1 трлн сўмга етиши прогноз қилинган.

Бўстонлиқдаги пляжларни назорат қилмоқчи бўлган иккита жиноий гуруҳ қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги пляжлар устидан ноқонуний назорат ўрнатишга уринган иккита жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганини маълум қилди. Терговга кўра, гуруҳлар ўртасидаги можаро зўравонликка айланиб, биринчи гуруҳ аъзоларига нисбатан безорилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Кейинчалик рақиб гуруҳ аъзолари қасос олиш мақсадида ҳужум уюштириб, жабрланувчига кастет ва бейсбол битаси билан оғир тан жароҳати етказган. Тезкор тадбирлар давомида жами 13 нафар гумонланувчи қўлга олинди. Шунингдек, гумонланувчилардан бирининг Instagram орқали диний экстремистик материаллар тарқатгани аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid