Андижонда банк ходими мижозларнинг 3,2 млрд сўм пулини онлайн қиморга тикиб, ютқазиб қўйди
Банк ходимига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, иш судга оширилган.
© Videodan kadr/ Tergov DepartamentiАндижонда банк ходими мижозлар ҳисобидаги 3,2 миллиард сўмдан ортиқ (250 минг долларга тенг) маблағни ўзлаштириб, онлайн қимор ўйинларига тикиб юборган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.
Маълумотларга кўра, нуфузли банклардан бирида ишлаган шахс мижозларнинг халқаро пул ўтказмаларига масъул бўлган. У мижозлар ҳисобидаги маблағларни ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб олган ва таваккалчиликка асосланган онлайн қимор ўйинларида ютқазган.
«Жуда катта миқдорда пул ютқазиб қўйганман. Буни тўлиқ тан оламан. Ҳаттоки оиламдан, ҳамкасбларимдан, ҳаммасидан айрилганман. Ҳеч нарса кўзингизга кўринмай қолади. Ҳозир қилган ишимдан жуда ҳам қаттиқ афсусдаман. Ёшларга бу нарсага умуман яқинлашмасликни тавсия қиламан. Бу ўйинга кирганда фақатгина пулни ютқазмайди, бутун бир ҳаётини ҳам бойиб беради», — деди банк ходими.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Банк ходимига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари якунланган ва жиноят иши судга юборилган.
26 минг долларлик иккита «Damas» ҳам онлайн қиморга тикилган
Андижонда онлайн қимор ўйинлари билан боғлиқ яна бир ҳолат юзасидан тергов якунланган. Унда айбланувчи танишидан олган, қиймати 26 минг АҚШ долларига тенг иккита «Damas» автомобили маблағини онлайн қиморда ютқазиб юборган.
«Яқин танишимга иккита Damas бергандим 50 кунга. Вақти ўтди, муддати келди, пулларни қайтармади. Кейин билсам, барчасини онлайн қиморга тикиб юборган экан», — деди жабрланувчи.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари тамомланиб, иш суд муҳокамасига юборилган.





