add

Англия поездидаги пичоқли ҳужум: 11 киши яраланди, бир киши оғир аҳволда

Кеча 09:184021

Лондонга йўл олган поездда пичоқ билан қуролланган шахс йўловчиларга ҳужум қилди. Полиция маълумотига кўра, 11 киши яраланган, улардан бири оғир аҳволда.

Англия поездидаги пичоқли ҳужум: 11 киши яраланди, бир киши оғир аҳволда

Шанба куни кечқурун Англиянинг Донкастер шаҳридан Лондонга кетаётган поездда номаълум шахс пичоқ билан йўловчиларга ҳужум қилди. Якшанба куни берилган расмий маълумотга кўра, ҳодиса оқибатида 11 киши турли даражада тан жароҳати олган, улардан бири ҳануз жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолмоқда, деб хабар қилмоқда BBC.

Буюк Британия полициясининг маълумот беришича, ҳодиса поезд Кембрижшир графлиги ҳудудидан ўтаётган пайтда содир бўлган. Йўловчиларнинг таъкидлашича, ҳужумчи қўлида пичоқ билан бир неча кишига ташланган, натижада вагонда ҳаракатланишда ваҳима ва қўрқув юзага келган.

Фавқулодда хизматлар Ҳантингдон станциясига еттиб келганидан сўнг поезд режадан ташқари тўхтатилган. Қўлга олинган икки шахс ҳужумга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Улар қуролли полиция томонидан поезд ичида ҳибсга олинган.

Полиция маълумотига кўра, гумонланувчилар Буюк Британия фуқаролари бўлиб, бири — 32 ёшли қора танли эркак, иккинчиси — келиб чиқиши кариб ҳавзасидан бўлган 35 ёшли эркак. Иккаласи ҳам Британияда туғилган. Ҳозирча уларнинг шахслари ошкор этилмаган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисани террорчилик акти сифатида баҳоламаган. Терговчилар ҳужум сабабларини аниқлаш ва гумонланувчиларнинг ҳаракатларини текшириш ишларини бошлаган.

Теглар

Мавзуга оид

Англия поездидаги пичоқли ҳужум: 11 киши яраланди, бир киши оғир аҳволда | Vaqt.uz