
Apple iPhone орқали шахсий СИ-доктор яратишни бошламоқчи
Apple компанияси 2026 йилда iPhone’ни тиббий маслаҳатчига айлантирадиган Health+ хизмати билан янги рақамли йўналишни бошлайди.

Apple келаси йилда янги Health+ хизмати орқали тиббиёт соҳасига кириб боришни режалаштирмоқда. Bloomberg манбаларига кўра, компания ўзининг Health иловасини тубдан янгилаб, унга сунъий интеллект ёрдамида фаолият юритувчи шахсий маслаҳатчи қўшади. Бу Apple учун нафақат янги хизмат, балки тиббий СИ бозорида етакчиликка даъвогарлик қилишга уринишдир.
Health+’даги энг муҳим жиҳат — бу шахсийлаштирилган СИ маслаҳатчи. У соғлиқ, кундалик одатлар, овқатланиш ва ҳаёт тарзи бўйича фойдаланувчига мос тавсиялар беради. Илова шунингдек тиббиёт мутахассислари тайёрлаган видеолар, таълимий контент, рационни кузатувчи функциялар ва Apple Watch билан интеграцияни ўз ичига олади. Қурилма биометрик датчиклар ёрдамида жисмоний ҳолатни баҳолаб, маслаҳатларни янада аниқлаштиришга ҳаракат қилади.
Apple шу билан бирга ўзининг овозли ёрдамчиси Siri’ни ҳам қайта ишлаб чиқмоқда. Янги версия Google’нинг Gemini тили модели асосида қурилади. Бу орқали компания бир вақтда ҳам ақлли интерфейслар, ҳам рақамли соғлиқни сақлаш соҳаларида позициясини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда.
Агар Health+ оммалашса, Apple нафақат ақлли қурилмалар, балки тиббий ИИ хизматларида ҳам етакчига айланиши мумкин. Бу эса iPhone ва Apple Watch атрофидаги экотизимни янада мустаҳкамлаб, компания учун янги бизнес йўналишини очади.





