«Apple» ва «Google» тўлаган солиқлар, олтин-валюта захиралари миқдори ва «Реал Санжик» иши бўйича суд қарори — 8 май дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Реал Санжик» 5 йилга озодликдан маҳрум этилди
8-май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида «Реал Санжик» тахаллуси билан танилган блогер ва тадбиркор Санжар Каримов иши юзасидан суд ҳукми эълон қилинди. Судя Баҳром Бердиев раислигида ўтган очиқ суд жараёни якунида мазкур жиноят иши бўйича биринчи инстанция судининг қарори қабул қилинди.
Суд ҳукмига кўра, Санжар Каримов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 410 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Судланувчи ўзининг сўнгги сўзида айбига иқрор бўлмай, ўзини «чиройли қилиб подстава қилишгани»ни айтди.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70 млрд доллардан ошди
2026 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг олтин-валюта захиралари ҳажми бир ой ичида қарийб 2 млрд долларга кўпайиб, 70,9 млрд долларга етди. Таъкидлаш жоизки, март ойида захиралар ҳажми 8,1 млрд долларга камайганди.
Захиралар таркибидаги олтин қиймати 61,6 млрд долларни ташкил қилди, бироқ унинг жисмоний ҳажми 13,3 млн трой унциягача қисқарди.
Шунингдек, хорижий валютадаги захиралар 8,7 млрд долларгача ошган бўлса, халқаро қимматли қоғозлар ҳажми 1,5 млрд доллар даражасида ўзгаришсиз қолди.
Амир Темур хиёбони атрофида ерусти пиёдалар ўтиш йўллари қайта жорий этилади
Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофида пиёдалар хавфсизлигини ошириш ва транспорт оқимини оптималлаштириш мақсадида йирик лойиҳа амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида Сайилгоҳ кўчасидаги металл тўсиқлар олиб ташланиб, уларнинг ўрнига «ақлли» светофорлар ўрнатилади ҳамда Махтумқули ва Амир Темур кўчалари яқинида хавфсизлик оролчалари барпо этилади.
Темурийлар тарихи музейи ва «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ёнида туристик автобуслар учун махсус тўхташ жойлари ташкил этилиши режалаштирилган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, мазкур ўзгаришлар амалга оширилгач, айланма йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти соатига 5,6 мингтадан 6 мингтагача автомобилгача ошиши кутилмоқда.
Apple, Google ва Meta уч ойда Ўзбекистонга қанча солиқ тўлади?
2026 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонда фаолият юритаётган 89 та хорижий электрон хизмат провайдери томонидан жами 65,7 млрд сўм солиқ тўланди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 81 фоизга ошган бўлиб, солиқ тушумларининг асосий қисми — 91,85 фоизи йирик халқаро компаниялар ҳиссасига тўғри келади.
Энг кўп солиқни Apple (16,1 млрд сўм), Google (14,9 млрд сўм) ва Meta (13,9 млрд сўм) компаниялари тўлаган. Шунингдек, йирик тўловчилар қаторидан Valve Corporation, OpenAI ва Anthropic жой олган бўлса, Midasbuy, TikTok, Booking.com ҳамда Netflix каби компаниялар ҳам солиқ тушумларига ўз ҳиссасини қўшган.





